Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Францияда олтинчи республика эшик қоқмоқдами? (видео)

Жорий йилнинг 28 июнь куни Франциянинг Париж шаҳрида 17 ёшли жазоирлик боланинг полициячи томонидан отиб ўлдирилиши ортидан Францияда катта тўлқиндаги норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишлар кундан кунга кучайиб, бир нечта шаҳарларни ҳам қамраб олди.

«Xabar.uz» ушбу мавзуда сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамов ва журналист Илҳомиддин Саид Олим билан суҳбатлашди.

– Нега Францияда намойишлар кўп содир бўлади?

Жаҳонгир Акрамов сиёсатшунос:

– Франция халқининг «озодлик, тенглик ва биродарлик», деган шиори бор. Бу шиор 1789 йилда бўлган «Буюк Француз» инқилобидан қолган. 17 июль – Францияда миллий байрам куни ҳисобланади. Яъни, шу куни Бастилия озод қилинган. Бастилия – сиёсий маҳбусларни сақлаб турувчи қамоқхона бўлган. 1789 йил 14 июль куни халқ намойишга чиқиб, Бастилияни ишғол қилиб, сиёсий маҳбусларни озод қилган. Мана шундан кейин француз халқи жуда кўплаб ҳуқуқларга эга бўлган.

Францияда 5 марта инқилоблар натижасида, 5 марта республика вужудга келган. Айни вақтда Францияда бешинчи республика даври ҳисобланади. Ҳозир «Францияда инқилоб натижасида олтинчи республика ўрнатилиши мумкин», деган ҳазил гаплар тарқалиб кетди. Яъни, француз халқида «курашсак, эришамиз», деган менталитет шаклланган. Улар учун намойишга чиқиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш, давлатнинг бирор-бир қарорига қарши чиқиш сиёсий қадрият.

Бундан ташқари, Францияда турли маданиятларнинг аралашиб кетгани ҳам намойишларни кўп бўлишига сабаб бўлади. Масалан, Францияда Шимолий Африка, Яқин Шарқ мамлакатларидан келган инсонлар кўп ва улар алоҳида, ўзининг ҳудудида истиқомат қилади. Мана шу омил ҳам уларни намойишларда фаол қатнашиш потенциалини оширади.

 Мен намойишларга чиқиш француз халқига тарихан хос хусусият деб ўйлайман ва ижтимоий-демографик ҳолат ҳам Францияда намойишлар кўп бўлишига сабаб бўлади, деган фикрдаман.

Илҳомиддин Саид Олим журналист:

– Францияда сўнги бор «сариқ нимчалилар» томонидан энг йирик намойиш ташкил қилинган эди. Бу намойишга асосан ижтимоий тармоқ туртки берган. Францияда намойишларни бостирмаслик анъанаси мавжуд. Ҳатто, бу конституция орқали ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Яъни, халқ кўчага чиқса, уларга нисбатан куч ишлатиб, қамаб бўлмайди.

Ҳозирда кўплаб Ғарб давлатлари Франция халққа катта эркинлик бериб юборди деб айтмоқда. Одатда Францияда кичик маиший муаммолар ҳам катта намойишларга сабаб бўлади. Бу намойишлардан фойдаланиб қолувчилар ҳам бор. Масалан, ўта ўнгчи ҳисобланган Мари Ле Пен партияси шу намойишлардан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Франция АҚШга ўхшашга ҳаракат қилади. АҚШ бутун дунёга «биз демократиянинг етакчисимиз» деб иддао қилади. Бу борада Франция ҳам АҚШдан ортда қолмасликга ҳаракат қилади. Лекин ҳозир иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрича, Эммануэль Макроннинг мигрантлардан фойдаланиб, пенсия ёшининг ошириб олиши иқтисод учун жуда катта фойда келтиради. Чунки мигрантларнинг кўпайиши, ишчи кучини арзонлаштиради. Ўз ўрнини мигрантларга беришни истамаган французлар эса узоқроқ ишлашга мажбур бўлади.

Илҳомиддин Саид Олим журналист

– Намойишлар ортидан Макроннинг рейтинги анча пастлади. Макрондан кейин ҳокимиятга ўта ўнг миллатчилар келиб, миграцияни чеклаши мумкинми?

Илҳомиддин Саид Олим журналист:

– Ҳозир сиз айтган масалани бутун Европадаги ўта ўнг миллатчилар кўтармоқда. Франциядаги намойишлардан айнан миллатчилар фойдаланиб қолмоқчи. Лекин айрим таҳлилчилар бу намойишларни Украинага берилаётган ҳарбий ёрдамдан чалғитиш учун ҳаракат деб баҳоламоқда.

– Францияда намойишларни бошланишига полиция томонидан 17 ёшли ўсмир боланинг отиб ўлдирилиши сабаб бўлди. Лекин бу намойишлар ортида бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкинми?

Илҳомиддин Саид Олим журналист:

– Агар Франциянинг тарихини ўрганиб, бугунги кун билан боғласангиз, Франциянинг собиқ мустамлакалари (Жазоир, Тунис ва Марокаш)дан келган иммигрантлар ҳали ҳам француз халқи билан ассимиляция бўлиб кета олмаган. Охирги вақтларда Францияда мусулмонларни ҳуқуқларини чекловчи қонунлар қабул қилинди. Ҳатто, исломофобия кучайиб кетди. Француз жамияти бошқа миллат, дин вакиллари билан яхши ассимиляция бўлиб кетган бўлиши мумкин, лекин французларнинг мусулмонлар билан ассимиляция бўлиб кетиши негадир қийин кечмоқда.

Жаҳонгир Акрамов сиёсатшунос:

– Ҳақиқатдан ҳам Францияда иммигрантларнинг жамиятга ассимиляция жараёни яхши эмас. Ҳатто, 80-йилларда ҳам шу муаммо бўлган. Франсуа Миттеран даврида ҳам мигрантларнинг ўлими билан боғлиқ намойишлар бўлиб турган. Лекин нима учун бундай ҳолат Англияда учрамайди? Эътибор берсангиз, бугун Англия бош вазири Риши Сунак асли ҳинд миллатига мансуб. Ё бўлмаса, Лондон шаҳрининг мери Содиқ Хон асли покистонлик. Яъни, бошқа миллат вакиллари Буюк Британия жамиятига кучли тарзда интеграция қила олади.

Яқинда ҳам Шотландиянинг Британия таркибидан ажралиб чиқиш тарафдори бўлган партияга покистонлик мусулмон раҳбар бўлди. Энг қизиғи, Шотландиянинг Британия таркибида қолиш тарафдори бўлган партиянинг раҳбари ҳам асли покистонлик. Яъни, бу каби муаммолар тўғри дастурлар асосида ҳал этилади. Лекин Францияда биронта Ислом динига эътиқод қилувчи депутат ёки вазирни кўрмаймиз. Мана шуни ўзи ҳам Франциядаги маълум бир миллат вакиллари орасида ўксиниш ёки ўзини бегона ҳис қилиш кайфиятини вужудга келтиради. Бу уларда давлатга бўлган норозиликни кучайтиради.

АҚШнинг тажрибаси Францияга қўл келиши мумкин. 1960 йилда Жон Кеннеди даврида университетларга кириш учун қора танли инсонларга алоҳида имтиёзлар ажратилган экан. Бу ҳозир бекор қилиниш жараёнида. Лекин шунинг ўзи ҳам қайсидир маънода Барак Обама каби инсонларнинг АҚШ президенти бўлишига таъсир қилган.

2000 йилларнинг бошида «Б-13» номли кино чиққан эди. Шу фильмда ҳам Парижнинг алоҳида-алоҳида даҳаларга ажралиб қолиши тасвирланган. Аслида, маълум бир ирқ вакиллари алоҳида айрим ҳудудларни эгаллаб олишига давлат ижтимоий ва қонуний томондан йўл қўймаслиги керак. Яъни, давлат интеграция учун имкон яратиши лозим.

Менинг шахсий фикримча, 2020-2021 йилдаги пандемия даври аҳолининг иқтисодий жиҳатдан имкониятларининг пасайиши ҳам қайсидир маънода намойишлар бўлишига таъсир қилади. Оч одамда агрессивлик кучли бўлади. Яъни, аҳолида қанча иқтисодий имкониятлари пасайса, уларда агрессивлик кучайиб кетади. Бундан ташқари, ёшлар ўртасидаги ишсизлик масаласига ҳам эътибор қаратиш лозим. Чунки бугун Франциядек ривожланган давлатда ёшлар орасида талончилик кучайиб кетган.

Жаҳонгир Акрамов сиёсатшунос

– Давомли намойишлар Франциядаги давлат тузумига қаттиқ зарба бериб қўймайдими?

Жаҳонгир Акрамов сиёсатшунос:

– Францияда демократик институтлар жуда яхши ривожланган. Ҳозир Францияни кўпроқ иқтисод ўйлантирмоқда. 30 июнь куни етказилган иқтисодий зарар бир неча миллиардга етган. Бу ҳукуматга бир ишора. Яъни, катта иқтисодий зарар кўрмасдан туриб, намойишларни тўхтатиш керак.

2017 йил сайлов вақтида Эммануэль Макрон мультикультурализмга қарши чиққан эди. Яъни, Маркон ассимиляцияни маъмурий чоралар орқали ҳал қилмоқчи бўлди. Эсингизда бўлса, Пайғамбаримиз (с.а.в)ни масхара қилиб, унинг карикатурасини чизган французни чечен муҳожири ўлдирган эди. Шунда Франция президенти «Ислом ҳозир инқироз даврида яшамоқда» деганди. Бу умуман дипломатияга тўғри келмайдиган, Франция президентига ярашмайдиган, Францияда яшовчи кўплаб аҳолини ерга урувчи баёнот бўлган. Бу билан у Францияда биринчи ўринда мультикультурализм эмас француз маданияти биринчи ўринда туришини кўрсатиб қўйди.

2017 йилда Францияда полициячилар оқ танли одамдан кўра, қора танли ёки араб миллатига мансуб бўлган одамларни 20 баробар кўп тўхтатар экан. Агар шу муаммолар ўз ўрнида ҳал этилмаса, Франция давлатчилигига зарар етказиши мумкин.

Илҳомиддин Саид Олим журналист:

– Умуман давлатчиликда асосий қарорни қабул қиладиган марказлар бўлади. Давлатчилик тизими бирор-бир қарор қабул қилиши учун бир даво ёки арз бўлиши керак. Франциядаги иммигрантлар муаммоси узоқ йиллардан бери ечимини кутаётган масала. Буни устига иммигрантлар камайишни ўрнига кўпайиб бормоқда. 2011 йилда Яқин шарқ давлатларида «Араб баҳори» воқеаларининг содир бўлиши Европада мигрантларни кўпайтириб юборди. Табиийки, бундан улар ваҳимага тушиб қолди. Барибир мигрантлар муаммосини ҳал этиш учун қандайдир баҳона керак. Яъни, давлат механизми реакция бериши учун баҳона зарур.

Ҳозир бўлаётган намойишларнинг асл сабаби нима? Мигрантлар яшовчи ҳудудлар шу даражада криминаллашиб кетган эди-ки, мигрантлар маълум ҳудудларда ўзининг ҳокимиятини ўрнатиб олган. У ҳудудларга француз полицияси кира олмайди. Мана шу ердаги мигрантлар ҳозир кўчага чиқиб, йирик шаҳарларга кириб борди. Франциянинг қонунлари эса уларга нисбатан куч ишлатишга йўл бермаяпти. Гап шунда!

Франция очиқ, демократик давлат бўлгани учун бундай қила олмайди. Эммануэль Макроннинг ўрнида ким келса ҳам барибир шу муаммога дуч келаверади. Шунинг учун Франция ҳукумати бир кунмас бир кун ижобий қарор қабул қилишга мажбур бўлади.

   – Франциядаги намойишларга дунё мамлакатлари қандай муносабат билдирмоқда?

Жаҳонгир Акрамов сиёсатшунос:

– Халқаро муносабатларда энг биринчи ўринда миллий манфаатлар туради. Бизга яқин бўлган Россиянинг оммавий ахборот воситалари Франциядаги намойишларни кўрсатиб «мана демократиянинг аҳволи, қаттиқ қўл ҳокимият керак», деб ўзидаги куч ишлатиш сиёсатини оқламоқда. Яъни, Россия ОАВлари намойишларни кўрсатиб, мана туб французларга мигрантлар қарши чиқмоқда, шунинг учун биз қаттиқ турушимиз керак, деган қарашни илгари сурмоқда.

Лекин умумий ҳолатда Германия, АҚШ ва Буюк Британия Франциядаги умумий демократик институтларни бузилмаслигини истайди. Чунки Франция ҳам Ғарбнинг катта қисми, унинг кучсизланиши Ғарбнинг кучсизланишига олиб келиши мумкин. Яъни, Ғарбнинг ривожланган мамлакатлари Франция Ғарбнинг «Ахилл товони» бўлишини хоҳламайди.

Илҳомиддин Саид Олим журналист:

– Барча давлатлар Францияда бирор фожиа рўй берса, президентга дипломатик каналлар орқали маслаҳат бериши мумкин. Лекин ҳар бир давлат бу воқеалардан факт сифатида фойдаланади. Айниқса, бу намойишлар авторитар ва тоталитар тузумларда эркинликни чеклашга олиб келиши мумкин. Демократик давлатлар эса келажакда Франциянинг ҳолатига тушиб қолмаслиги учун бу намойишлардан ўзига яраша хулоса чиқаради.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг