Энди «Чиял яхна гўшти» номидан ҳам рухсатсиз фойдаланиб бўлмайди
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг кўмаги билан жорий йилнинг 13 январь куни Кўкдала туманида тайёрланадиган «Чиял яхна гўшти» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунга кўра товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.
Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.
Айни пайтда Республика бўйича жами 11 та ҳудуд географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Географик кўрсаткичлар сонининг ошиши ҳудудларга туристик оқимнинг кўпайишига, «гастрономик туризм»нинг ривожланишига ва умуман, ҳудудлар туристик жозибадорлигини оширишга ёрдам бериши айтилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январида «Ғузор тандир гўшти», августида эса «Ғиждувон шашлик» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгани хабар қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter