Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дуоларингда эслаб тур, опажон...

Дуоларингда эслаб тур, опажон...

Мана, Янги йил ҳам кириб келди. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар қаторимиздан кетди... Болалигимда Қорбобога ҳам, Қорқизга ҳам ишонардим... Пичирлаб орзуларимни айтганман. Аслида Қорбобо ҳам қайсидир устозимиз, Қорқиз эса қайсидир синфдошимиз эканини билганимга анча бўлди...

Ойларни қувиб, йиллар, фасллар алмашаверди, алмашаверди, алмашаверди...

Илму урфонда танҳо, чумолини ҳам сизлаб гапирувчи оппоқдадам, ҳар бир сўзи дардларга даво мунисам онам, болаларим отаси Баҳодиржон, кейинроқ тоғаларим бирин-кетин оламдан ўтишди. Тўққизта тоғамдан тўрттаси ҳаёт, алҳамдулиллаҳ... Андижонга борсам, пешонамдан ўпиб кўришадиган Абдуваҳоб тоғамни соғиндим... Аввалги синчли уйларини қайта таъмирлаб, ота-онамдан ёдгор, дея ўша уйда яшайдиган Кенжа опамни... Қирғизистонни узоқ Янгиободида яшайдиган поччамни, холамни соғиндим...

Ўзи байрамларни асли ёқтирмайман, чунки кўп умрим мусофирда ўтди.

«Қорбобо аямдан совға олиб келади», – дея ишонган уч ёшли Оймомам бугун бўй чўзиб қолди, ҳолвани ҳиди келиб. 2006 йил, катта ўғлим 13, кичик ўғлим 10, қизим 3 ёшда. Мен Москвадаман.

Тошкентга 23 январга билет олдим. Ҳеч кимга айтмадим. Сюрприз бўлади.

Ўша куни қўлларимдаги сумкаларим тўла совғалар, таксидаман – пробкада нақд 4 соат қолиб кетдик. Аэропортга етиб келганимда самолёт учишига 20 дақиқа қолган. Регистрациядаги қиз «багажинг бор, кеч қолдинг», дея мени ўтказмаяпти.

«Юксиз кетаман. Майли, шу ерда қолсин сумкаларим, паспортим билан чиқариб юбор, самолётга». Худони зорини қилиб ялинаман, кўнмайди! Шереметово аэропортидаман. Қўлларимда қутичада торт, шоколадлар, қизимга қўғирчоқ, кичик ўғлимга ўйинчоқ ўзи юрадиган машина, каттасига планшет... Ҳаммасини отдим.

«Дооод,  мени самолётга чиқармаган расволар,  сенларни ҳам она туққанми? Сенлар  онани биласанми? Йўлимга термулиб ўтирибди болаларим, Художон, Ё Оллоҳим, ўзинг мадад бер». Атрофим тўла йўловчилар, ҳамшираси ҳам, врачи ҳам, мелисаси ҳам ёнимда.

Навбатчиси ёнимга келиб ўтирди, тиззалаб олганман.

– Опажон, бўлди, йиғлама, илтимос, менга учраганингда шу самолётга чиқариб юборган бўлардим. Жон опажон, сенга энг яқин кунга билет қилиб бераман, фақат йиғлама, оналарнинг йиғлаганига чидолмайман...

Ер билан бир бўлиб сочилиб ётган совғаларимни тўплаётган фаррош аёлга «ҳеч нарса керакмас, ахлатга отиб юборинг», дейман. Мени хонасига етаклаб кирган анави бошлиқ компютерини титкилаяпти.

– Опа, яқин кунларга билет йўқ, сотилиб бўлган. Сенга 3 январга билет қилиб бераман, илтимос, шу билет билан учақолгин. Билетингга куясан аслида. Лекин мен бу билетнинг пулини ўзим тўлайман, такси пулигача бераман. Байрамдан кейин етиб борасан, майлими?

– Ҳеч ҳам иложи йўқми? Болаларимга айтмагандим, сюрприз  қилмоқчи эдим, Қорбобо совға олиб боради, деган эдим...

– Опа, эртага ҳам рейс бор, совғаларингни юборамиз, фақат аниқ адресни бергин...

Биласанми, менинг фамилиям нима? Субботин. Онам туғиб, болалар уйи олдига ташлаб кетган экан... Шанба куни, болалар уйида шу фамилияни беришибди, исмим Николай Андреевич, мени топиб олган қоровулнинг исми...

Болалар уйида ўсдим, улғайдим (исм,фамилияси ўзгартирилган.) Мана шу ерга етиб келдим... Ҳар йили ўша ўзим улғайган болалар уйига Янги йилда совғалар юборамиз, таъмирлашда ҳомийлик қиламиз. Сенинг дод деб йиғлаганингни кўриб, чидолмадим, аслида мелисага бериб юбораман, деб чиққандим. Олдингга боргач, сенга қўшилиб йиғлаётган, сени юпатолмай турган одамларни кўриб, ерга тиззалаб, мен онаманку, болаларим олдига бормоқчи эдим, байрамга, дея инграганингда юрагим узилиб кетди гўё... Опа, қани эди сенга ўхшаган оналар кўпроқ бўлса эди, менга ўхшаб на отасини, на онасини билмайдиган, ташландиқлар камроқ туғиларди...

«Ширинликларни отиб юбордимку, эзилиб кетди...»

Адресни, синглимнинг телефон номерини ёзиб олди барибир.

Менга 3 январга билет қилиб берди. Соат эрталабки 10-00да учаман экан... Автобусда қайтиб кетдим орқамга.

Шербинкадаги магазинда сотувчи бўлиб ишлардим. Квартирага кириб борсам, ҳамма шерикларим кутиб ўтиришибди, юпатишади, ҳазил қилиб кулдиришади. Куламан, йиғлашади қўшилиб...

Матлуба, Қимматой, молдаван қиз Лиля, тожик қиз Робия...

Эртаси куни кечга синглим ёзаяпти, расмлар ташлабди. Битта самарқандлик сингил Нодирамиди, исми эсимда йўқ, синглимникига торт, шоколад, ўйинчоқлар олиб борибди, менинг бериб юборганимни айтибди... Демак, Субботин гапида турибди-да, демак ўша сюрприз қилибди-да...

 Раҳмат, деб ёзиб юбордим смс қилиб.

3 январь куни аэропортга етиб келдим таксида. Бир оғиз раҳмат айтай, дея Субботиннинг хонасига яқинлашдим, ичкарида кимнингдир борлигини айтишди.

Эшитилиб турибди, кимнингдир онаси ўтиб қолганини, етиб боришини, билет қанча бўлса ҳам сотиб олишини айтиб ялинарди... Эшикни чертдим секингина.

Ичкарига кирсам, бир ўзбек йигит турибди.

– Коля, мен бугун учмайман, фақат илтимос, билетимни шу йигитга берайлик, сен тўғрилаб бер, онасини жанозасига етиб борсин.

– Сенчи, опа?

– Байрам ўтди, барибир, мен уйга айтмагандим қайтаётганимни. Бошқа куни учарман.

Анави йигит: «Опа, билетингиз неча пул? Қанча берай?»

 7800 рубль экан. Бу ўша пайтда яхши пул эди.

–14000 бераман, опа...

– Керакмас, кассага тўланг, бўлди, ярим соат қолди самолёт  учишига, тезроқ бўлинг...

Йигит исми Улуғбеклигини, Андижоннинг Марҳаматидан эканлигини айтиб, раҳмат деб йиғлаб чиқиб кетди...

Коля бўлса, «Дааа,  вот это  я понимаю, сестра. Сейчас тебя тоже самое ближайшее время билет найду», – деб 7 январга билет қилиб бермоқчи бўлди.

– Тўхта, самолёт билети қиммат, менга поездга билет оламиз, хўпми? Танишинг борми?

– Бор, ҳозир. Бир зумда 7 январга поездга билет қилиб беради, боравер, билет брон қилинган.

Кетаётсам, кичкинагина совға пакетчасини қўлимга бериб, «бу сенгамас, болаларинга мендан совға, опажон», деди.

Қўлимга поездга билетни берадиган йигитнинг телефон номерини ёзиб берди, пули тўланган.

– Фақат эртароқ боргин, пробкада қолиб кетмагин яна, опа...

Квартирага келгач, анави пакетчани қарасам шоколадлар ва откритка, «Самой перекрасной маме», – деб ёзилибди, шоколаднинг тагида 8000 рубль пул бор экан...

Мен учун пул эмас, ҳақиқий совға унинг инсонийлик фазилати, битта мусофир онага эҳтироми, эътибори, виждони уйғоқлиги таъсир қилганди...

Кейинчалик ҳам кўп бордим Москвага. Тошкентдан Чиғатой патири, хандон писта, бодом қилиб, Колянинг олдига кирдим. Бир марта менга такрор раҳмат айтиб, таксига чиқариб қўйганди... Орадан бир йилми, икки йилми  ўтди, ватсапида ёзибди.

– Опажон, мен Европадаман, бошқа  ишга ўтдим. Сенга битта сирни айтаман.

Аввал аёлим, кейин мен ва ўғлим ислом динини қабул қилдик.

– Машаоллоҳ, биродарим, исминг нима?

– Мен Яҳё, келининг Хадича, ўғлим Айюб. Дуоларингда эслаб тур, опажон...

 Ҳар йили фақат 3 марта, иккита Ҳайит ва туғилган кунда смс ёзарди...

 Бугун эса ўғли Айюб отаси Яҳёнинг вафот этганини ёзибди, юрак хуружи, 47ёш...

Йиғлаб олдим, кейин  Қуръон ўқиб дуо қилдим.

– Иним Яҳё, дийдор қиёматга қолибди. Охиратинг обод бўлсин, амийн.

– Айюб, даданг касалмиди?

– Ҳа, 5 йилча бўлди, инсультни кечирганига, юролмай қолганди, лекин ногиронлар аравачасида ҳам серҳаракат эди... Бехабар эканман, айтмаганди...  Фақат китоб ўқиб ўтирмасдан, телефон тузатишни ўрганиб, устахонада ишларди, эрмак бўлсин, деб аралашмасдим.

Онамни ҳам қадди букилиб қолди гўё бир кунда...

– Хадичага саломимни айт, ўзини эҳтиёт қилсин. Яҳё ҳамиша дуоларимда...

Кўз ёшларимни тия олмадим...  

                                              

                                                        Машҳура Бегим facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг