Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Болага дабдаба керак эмас, лекин...»: Бухородаги шифохона масъуллари билан суҳбат

«Болага дабдаба керак эмас, лекин...»: Бухородаги шифохона масъуллари билан суҳбат

Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психатрия хизмати бўйича Бухоро вилоят филиалида шифо топаётганлар билан суҳбатлашар эканмиз, инсон қалби меҳр билан зиёда эканини яна бир карра ҳис қилдик...

Филиал шифокори Ҳусанжон Аминовнинг айтишича, ушбу маскан 470 ўринга мўлжалланган. Бунда руҳий ва хулқ-атворида бузилиш мавжуд бўлган беморларга шифохона ва амбулатор сифатида тиббий хизмат кўрсатилади. Барча туман, шаҳарларда ҳам психиатр хоналари мавжуд бўлиб, мутахассислар фаолият олиб боришади. Бирламчи тиббий хизмат кўрсатилади ва беморлар йўлланма асосида филиалга юборилади.

Ўткир психотрик бўлимда 68 нафар оғир бемор даволанади.

Бундай беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳукумат даражасида эътиборга олинди. 100 ўринли янги ўрин барпо этилди. Янги даволаш усуллари жорий қилиниб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Беморларнинг дорисиз усулларда даволаниши йўлга қўйилди, бу ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда, – дейди шифокор Ҳусанжон Аминов.

Шифохонада даволанаётган ёши катта беморлар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг ҳар бири меҳрга ташна экани, болаликдаги қўрқув ёки оиладаги ижтимоий ҳолат сабаб тушкунликка тушиб қолиб, руҳий хасталикни орттиришганига гувоҳ бўлдик.

Болалар бўлимига кирар эканмиз, кўнглимиз бир қадар мубҳам тортди. Тили чучук, сўзлашувида нуқсони бор, одамови, ҳаракатларида мутлақо бепарволик ёхуд тезфеъллик бор турли тоифадаги болаларда фақат бир хилликни кўрдик:  уларнинг нигоҳлари ёшидан катта. Буни ҳис қилиш оғир. Болалиги йўқ болалар...

Улар шифохонга хулқ-атвор бузилишлари, ижтимоий носоғлом, тўлиқсиз оилалардаги келишмовчиликлар сабабли руҳий ва бош мия муаммолари билан келишган. 

Бундай ёшдаги ва бундай турмуш тарзидаги ўсмирлар уйдан чиқиб кетиш, ҳар хил ўғриликларга қўл уриш ва ҳатто, ўз жонига суиқасд қилиш билан ота-оналарни қўрқитишади. Афсуски, ота-оналар орасида шундай ҳолатдаги болаларини касалхонага келтириб қўйиб, улардан хабар олмай қўяётганлари ҳам бор. Болалар асосан, тутқаноқ касаллиги, шизофрения ва бошқа ҳар хил бош мия муаммолари билан келишади. Улар шифохона ёки амбулатор шароитда даволанишади.  Бироқ, оиладаги носоғлом муҳит сабабли даволанишга яна тез қайтиб келишади. Афсуски, улар орасида зиёли оилалар ҳам бор: ҳозир ота-оналар болаларига жуда қулай, чексиз имкониятли шароитлар яратиб бериш учун пул топиш мақсадида эрталабдан кечгача уларни қаровсиз қолдиришади. Кўп болаларнинг руҳияти синган, ижтимоий муаммолардан эзилишган, –дейди болалар бўлими шифокори Дилшода Ҳусейнова.

Шифокор билан суҳбатлашар эканмиз, унинг кўзларида беихтиёр ёш шашқатор қуйилаётганини кўрамиз.

– Ота-оналарга айтадиган гапим бор: болага қиммат кийим керак эмас, дабдаба керак эмас. Болаги қиммат кийим олиб берманг, унинг қалбини сўранг! Қиммат ресторанларда дабдабали туғилган кунлар қилиб, боланинг ўртоқларини чақирмайсиз. Қариндошларингизни чақирасиз. Боланинг кўнгли ўксийди. Болага қиммат кийим олиб берасиз-да, ифлос қилма, бир нарса бўлса, кўрасан, дея таҳдидлар қиласиз. У боланинг мазза қилиб, лой ўйнагиси келади, мазза қилиб тупроқ ўйнагиси келади, чангитиб футбол ўйнагиси келади. Болаларни ўзининг камчилиги бўлган орзуни болалардан талаб қилиш керак эмас. Аввал боланинг қалбини сўраш керак. Ўзингиз ўрта махсус бўлсангиз ҳам болаларингизни чет элларда ўқишини истаб қоласиз. Устма-уст курсларга қўясиз, ўқишга мажбурлайсиз. Эрталаб вақтли уйғотасиз, ярим кечгача яна турли курсларни ўқишга мажбурлайсиз. Бола яхшилаб ором ололмайди. Аммо, болангизнинг расм чизгиси, мусиқий асбоблар чалгиси келиши мумкинлиги билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?! Йўқ! Уларни ўзлари истамаган бошқа касбларга йўналтиришга мажбурлайсиз. Боланинг қалбига бир қулоқ солинг. Қучоғингизга олиб, опичлаб, пешонасидан ўпиб, бошини силаб, нима кераклигини сўранг, – дейди Дилшода Ҳусейнова.

Ҳа, болаларнинг болалигидан эрта маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

 Лайло Ҳайитова

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг