Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Академик қарздорлиги бўлган талабаларни ўқишдан четлатиш таклиф қилиняпти

Академик қарздорлиги бўлган талабаларни ўқишдан четлатиш таклиф қилиняпти

Ҳукуматнинг «Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарорига тегишлича ўзгартириш киритиш таклиф қилиняпти.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ишлаб чиққан Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра,  824-сон қарор билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 42-бандидан «Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди.» сўзлари чиқариб ташланади.

Яъни, талабаларни ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш, курсдан курсга ўтказиш механизмларини назарда тутувчи амалдаги 42-банд, жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:

«...GPA (таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати) ўтиш баллини тўплай олмаган талаба қайта ўқиш учун тегишли курсда қолдирилади. Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди. Курсдан курсга қолган талабалар фақат қарздор бўлган фанларни ўзлаштириб уларга мос равишда шартнома маблағларини тўлайди. Шартнома асосида бир курсда қайта ўқиш сони чегараланмайди…»

Мазкур ҳужжат лойиҳаси матнига тегишли вазирлик ва идоралар ҳам ўз муносабатини билдирган. Хусусан, «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси ҳужжатдаги академик қарздорлиги бўлган талабаларни ўқишдан четлатиш таклифига қарши чиққан.

Лойиҳа офиси вазирликка таклиф этилаётган ўзгариш кредит-модул тизими концепциясига ва халқаро амалиётга тўғри келмаслигини таъкидлаб, академик қарздорлик юзага келган тақдирда, талабаларга ўша фанларни қайта топшириш, бошқа семестрда ўзлаштириш ёки фаннинг даврийлиги тугаб, унинг ўрнига киритилган янги модулни ўзлаштириш имкониятларини бериш бу кредит-модул тизими мезони ҳисобланишини эслатмоқда.

«Шу сабабли, фақат академик қарздорлик туфайли талабани ўқишдан четлаштириш ушбу тизимнинг асосий тамойилларига зид ҳисобланади», – дейилади Лойиҳа офиси муносабатида ва юқоридагилардан келиб чиқиб Ҳукуматнинг 824-сон қарори 1-иловаси 42-бандидаги «Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди» жумласи чиқариб ташланмаслиги кераклиги айтилади.

Шунингдек, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси юқоридаги таклиф ва эътирозлар инобатга олиниб тузатилган тақдирда келишилган деб ҳисобланишини қўшимча қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг