1 апрелдан ижтимоий картадан жамоат транспортларида тўлов қилиш мумкин бўлади
2024 йилнинг декабр ойидан бошлаб тажриба-синов босқичида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 9 турдаги ижтимоий тўловлар олувчи шахсларга тақдим этиб келинмоқда. Ушбу шахсларга ижтимоий карталар бепул берилади ва дастлаб тўлов воситаси (банк картаси) функциясини бажаради.
2024 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тўловлар ижтимоий карта орқали тўлаб берилмоқда.
- Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси
- Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам
- Ёшга доир нафақа
- Ногиронлик нафақаси
- Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойлик моддий ёрдам
- Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақалари
- Ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар учун нафақа
- Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари хариди учун ваучер
- Боқувчисини йўқотганлик нафақаси
2025 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу ҳудудлар (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида) бўйича яна қўшимча 2 турдаги ижтимоий тўловлар ижтимоий карта орқали тўлаб берилади.
- Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси
- «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар.
Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб ижтимоий карта транспорт картаси ва имтиёзли транспорт картаси функцияларини ҳам бажаради. Яъни жамоат транспортида имтиёзли ёки бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, белгиланган имтиёзли ёки бепул тарифдан фойдаланган ҳолда, имтиёзга эга бўлмаган шахслар умумбелгиланган транспорт тарифларида транспортдан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Қайд этилишича, ушбу функцияни жорий этиш мақсадида ҳозирда тегишли ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Тажриба синов босқичида ижтимоий карта очиш учун электрон аризалар «Инсон» ижтимоий хизматлари марказлари орқали қабул қилинмоқда.
Кейинчалик фуқаролар Ягона давлат интерактив хизматлари портали, «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали ҳамда ижтимоий карта бўйича белгиланган Молиявий агентларнинг бўлинмалари (АТ «Халқ банки», АТ «Алоқабанк» ) орқали мурожаат этишлари мумкин бўлади.
Ижтимоий карта ариза берилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида тақдим этилади. Ўзгалар парваришига муҳтож айрим шахсларга «Инсон» ижтимоий хизматлари марказлари томонидан 15 кун ичида ижтимоий карталар уларнинг яшаш жойига етказиб берилади.
Ижтимоий карта 2025 йил 1 июлдан бошлаб босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларига жорий этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter