Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Судьяни судга бериб бўладими?

Судьяни судга бериб бўладими?

Фото: «LiveJournal»

Ўтган ҳафтада «Citi Palace» меҳмонхонасининг анжуманлар залида каттагина тадбир бўлиб ўтди. Унда суд тизими шаффофлиги, айни тизимга жамоатчилик ишончини ошириш, бунда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан кейинги ойларда бир неча тадбирлар уюштирилди, уларда кўп яхши гаплар айтилди, таклифлар ўртага ташланди. Катта эҳтимолки, келажакда бу мавзуга қайтилади яна. Чунки, иккала тизим фаолиятида уйғун қирралар етарли, демак, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар етарли.

Бўлиб ўтган тадбирда учинчи ва тўртинчи ҳокимиятнинг ҳамкорлик истиқболларига баландроқ мезонлар билан қаралдики, буни ташкилотчилар, таклиф этилган хориж экспертларининг мақоми ҳам айтиб турибди. Яъниким, тадбир Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси ва «Ҳуқуқий диалог» (Словения) ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда АҚШнинг Массачусетс штати суд-ҳуқуқ тизими вакиллари меҳмон бўлиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш асносида тегишли таклиф-тавсиялар бердилар. Муҳокамаларда маҳаллий ОАВ вакиллари ва суд тизими ходимлари ҳам бўш келишгани йўқ. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси ҳақида кенгроқ, атрофлича сўз юритиш талаб этилади. Шу боис тадбир тафсилотларини яқин келажакка қолдириб, ҳозирча муҳокамада кўтарилган «эски масала»га маҳаллий судьямизнинг янгича тавсияси хусусида гаплашсак.

«Эски масала» нима?

Бу журналистнинг очиқ суд мажлисидаги иштироки, унда иш қуролидан фойдаланиш имкониятига дохил гаплар. Айни масала муҳокама қилинавериб-қилинавериб, ийиғи чиқиб кетди рости. Шунга қарамай кун тартибидан тушгани йўқ.  Журналистнинг очиқ суд мажлисида ҳозир бўлиши қонунан кафолатланган. Гап йўқ, тушунарли. Бироқ иш қуролидан фойдаланиши суд мажлисига раислик этувчининг хоҳишига боғлиқ: хоҳласа — ижозат беради, хоҳламаса — йўқ. Судьянинг бу ҳуқуқи ҳам қонунан мустаҳкамланган. Гоҳ-гоҳ телеэкранларда кўзга ташланиб қоладиган суд залидан репортажлар, ижтимоий сайтлардаги лавҳалар-чи, дерсиз? Бундай эфирлар асосан суднинг ташаббуси билан амалга оширилади: ўзлари таклиф қилишади, ўрни келса, таклиф илтимос шаклини олиши мумкин. Муносабат ҳам шунга яраша денг: журналист тавозе ила кутиб олиниб, иззат-икром билан кузатилади. Бошқа пайт, янаям аниқроғи, журналист «таклифнома»сиз судга борса, камераси тугул, ҳатто уяли телефони остонадаёқ олиб қўйилади...

Очиқ суд мажлисларида журналистнинг иш қуролидан фойдаланишига ижозат бериш-бермаслик судьянинг мутлақ ҳуқуқи экан, ортиқча баҳсга ҳожат йўқ, аслида. Фақат судьяга шундай ҳуқуқ берилгани мақсадга мувофиқми ёки йўқми — шу ҳақда жиддий бош қотириш керакдай. Рост-да, дейлик, фотоаппарати билан судга келган мухбирнинг мақсади судьяни эсдалик учун суратга олиш эмас-ку?!  Бу ҳақда донишманд назариётчи ва амалиётчилар бош қотираётгандир эҳтимол, бироқ журналистни «қуп-қуруқ» ҳолатдаям суд мажлисига қўймаслик ҳолати ҳамон учраб турибди-ку?! Олий суд раиси оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувларда бир эмас, икки бор бу масалада муаммо йўқлигини баланд оҳангларда таъкидлаганди. Олий маҳкама раҳбарининг ўтли баёноти зарб этилган мақолалар сиёҳи қуриб улгурмай, ФИБ Андижон туманлараро суди судьяси маҳаллий нашр мухбирини суд мажлисига қўймади. Бу ҳақда ўз вақтида бонг урилди. ОАВдаги танқидий чиқишларга дарҳол муносабат-раддия бериш ҳадисини олаётган Олий суд матбуот хизмати бу сафар негадир жи-им. Қачонки, яқинда ОАВ вакиллари билан бўлган матбуот анжуманида шу мавзу кўтарилганидан кейингина Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров айтдики, ФИБ Андижон туманлараро суди судьясига нисбатан хизмат текшируви тайинланди, деб. Бироқ олий маҳкама раҳбари ўринбосарининг гап оҳангидан журналистнинг ҳуқуқини поймол қилган судья сувдан қуруқ чиқиб кетиши эҳтимоли йўқ эмасдай...

Майли, башорат қилиш бизгамас. Гапнинг индаллосига ўтайлик: журналистнинг хос ҳуқуқи судлар томонидан бузилганида нима қилмоқ лозим?

Ёзиш керак? Ёзилдиям. Бироқ  тошга айтилган азон мисол — таъсир қилмаяпти-ку?!

Тадбирда фаол иштироки ва энсани қотирувчи маърузалари билан эътиборни тортган пойтахт тумани жиноят ишлари бўйича суди судьяси бундай ҳолатда судьяни... судга беришни тавсия қилди. Айтдики, мамлакатимизда маъмурий судлар ишлаб турибди, ушбу янги ҳуқуқий институт айнан мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устида шикоят қилиш учун тузилган, судья ҳам мансабдор, баски, унинг устидан шу судга мурожаат қилишдан сизни нима тўсяпти?

Тавсия-маслаҳат жўялидай. Бироқ бунга ҳуқуқий имконияти-чи? Тўғри, Конституция ҳар бир шахсга ўз ҳақ-ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини берган. Аммо имконият бўлиб, илож бўлмаса-чи?

Бугун фуқароларнинг ақли минг ғовламасин, амалиётда судьяни суд бериш ҳолати йўқ. Бундан бир неча йил аввал бир фуқаро судьяни судга бериб кўрганди. Унинг даъвоси судда кўрилмай қолдирилгандики, судьяни судга бериш «Судлар тўғрисида»ги қонунда назарда тутилмаган, деб. Ўтган вақт давомида мазкур қонунга яхшигина ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани боис ушбуни ёзиш жараёнида бирров назар ташланди. Қаранг-да, қонунда судга ҳурматсизлик қилган шахс жавобгарликка тортилиши бор, судьянинг талаб ва фармойишларини бажармаган ҳам «олиб ейиши» кўрсатилган, суд ишига аралашган-ку ўзидан хафа бўлиши ҳам эслатилган, бироқ бирор жойида «судьяни судга бериш мумкин» мазмунида меъёр йўқ. Тағинам ҳуқуқ пешволари билади — судьяни судга бериш мумкин ё мумкин эмаслигини. Бироқ, фикри ожизимизча, биров судьяни судга бериб, муроди ҳосил бўлиши — шунчаки эртак.

Судья қарорига нисбатан юқори инстанцияга шикоят қилиш мумкин, унинг хатти-ҳаракатлари устидан Ўзбекистон судьялар олий кенгашига арз-дод қилса бўлади. Илло судьяни судга беришга йўл бўлсин. Бу — масаланинг ҳуқуқий жиҳати. Масаланинг ижтимоий-маиший жиҳати ҳам борки, бу, жуда юмшоқ айтганда «ҳамкасблар бирдамлиги»га бориб тақалади. Битта туман судьяларининг тўйи бир, маъракаси бир, у ёғини сўрасангиз катта раҳбари ҳам битта. Дейлик, фуқаролик ишлари бўйича Н. туман суди судьясининг хатти-ҳаракатлари устидан шу туманнинг маъмурий судига мурожаат қилинди. Эрталаб бир лагандан ош еган икки судьядан бири тушдан кейин ҳамкасбини судга чақириб, сўроқ-савол қилиши тасаввурингизга сиғяптими? Умуман, ишлаб турган жиноий, фуқаролик ёки иқтисодий суд судьясининг маъмурий судда жавобгар сифатида туришини-чи?

Дарвоқе, маъмурий суд судьясининг ўзини қайси судга бериш мумкин?

...Қисқаси, журналистларга амалга оширишнинг имкони ҳам, иложи ҳам йўқ «тавсия» бериш қулоққа лағмон осишдан бошқа нарса эмас.

Жиддий тадбирларга жиддий гаплар ярашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг