Ўртачирчиқ: ҳоким — ҳукмфармо, прокурор — ҳайбаракаллачи, судья қўғирчоқми?
Мамлакатимизда турли номлар остида («Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «.....-сити») катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани бор гап. Улкан ишлар улкан бузилишларга сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас. Айрим жойларда бузилишлар шу қадар шиддатли кўриниш олдики, ит эгасини, мушук бекасини танимайди... Уй-жойи ёки дўкони бузилган одамлар кимга боришни билолмай сарсон. Прокурор ва ИИБ бошлиғи – ҳокимнинг биқинида. Улар мулкий ҳуқуқлар аёвсиз топталаётган одамларни ҳимоя қилиш ўрнига, маҳаллий ҳокимиятнинг тегирмонига сув қуймоқда. Жиддийроқ эътироз билдирилгудек бўлса, белдан пастини мўлжаллаб зарба берилади: «Нима, Президент сиёсатига қаршимисан?».
Бунақа зарбадан довдираб қолмайдиган кам...
...Юқоридаги сатрлар ўтган куни кечқурун қоғозга тушаётганди. Гап айнан Хоразм ёки Қашқадарёдаги воқеликлар хусусида эмасди-ку, аммо муаммо юртга келган тўй – «буз-бузлар»га дохил эдики, ёзув-чизувларни вақтинча тўхтатишга тўғри келди. Чунки, икки вилоятдаги вазият таранглашиб, маҳаллий раҳбарларнинг пайтавасига қурт тушган, ҳукумат раҳбарининг шошилинч Хоразмга учгани воқеалар ривожини кузатишга мажбур этди.
Бош вазирнинг Хоразмга фавқулодда ташрифидан сўнг вазият ўзгарди, тўғри. Уйлари бузилиб, чодирларда яшаётган абгор халқ билан жойида ҳисоб-китоб қилишга киришилди. Аҳоли тезроқ бошпана тиклаб олиши учун қўшимча ёрдамлар бўйича ҳам амалий ҳаракат бошланди. Бош вазир ўтказган катта мажлисда икки вилоят раҳбарларига ҳайфсан берилди, Яккабоғ туман ҳокими ва прокурори қўлига паттаси тутқазилди. Энг муҳими, бундан бу ёғига катта-кичик бузилишлар ҳукумат рухсати билангина амалга оширилиши белгиланди. Жуда соз, хўб яхши!
Буз-бузлар фақат Хоразм ёки Қашқардарёда бўлаётгани йўқ. Бундай манзараларни бошқа вилоятларда ҳам кўриш мумкин: вазиятга очиқ кўз билан қаралса, Яккабоғ туман ҳокими ва прокурори сингари паттаси тутқазиладиганлар етарлича топилади, аслида. Икки амалдорнинг вазифасидан четлатилиши эса катта муҳорабаларда асосий қурбон пиёдалар бўлишини яна бир карра ёдга солади, холос.
Хўш, муаммо ҳалми? Мулки бузилган фуқароларнинг кўзидан ёш оқмайдими энди? Қайдам? Мамлакат раҳбари ҳар икки гапининг бирида ҳокиму ҳокимчалардан «одамларни рози қилиш»ни талаб қилгандаки аҳвол шу даражага еган экан, демак, «муаммо ҳал этилгани»га ишончдан кўра илинж кўпроқ.
Адлия вазири одамларнинг мулкий ҳуқуқи топталиб, сарсон қилинаётганини «ваҳшийлик» деб баҳолади. Вазир – ҳукумат аъзоси, оғзига келганини қайтармайдиган шахс эмаслиги эътиборидан унинг гапига қўшилмасликнинг иложи йўқ.
Ҳокимларнинг бу даражада қутуриб, қонунлар топталишининг сабаби нимада?
Президент ҳокимларнинг қўл-оёғидаги кўринмас кишанларни ечгач, улар мутлоқ дахлсиз шахсга айланди гўё. Аксарият ҳокимлар буни чексиз ҳуқуқ дея қабул қилди, ваҳоланки, улкан мажбурият аслида. Чунки, ҳуқуқ билан мажбурият посангиси тенг бўлмас экан, ижтимоий адолатга путур етаверади, етаверади... Бу ҳол Хоразмда қалқиб чиқди. Бошқа жойларда ҳам аҳвол беҳроқ эмас. Бу аччиқ тажрибадан хулоса чиқарилмас экан, прокурорнинг – ҳайбаракаллачидан, милициянинг – сўқир ижрочидан, судларнинг эса қўғирчоқдан фарқи қолмайди.
Энди шу даъвони аниқ мисол билан исботлашга ҳаракат қилсак. Ўтган куни бошлаган ёзмишимиз шу ҳақда эди, сираси.
...Тошкент – Олмалиқ автойўлининг Ўртасарой қишлоғи (Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани) ҳудудида жойлашган «Чинор» умумий овқатланиш маскани қай сабабларга кўра, АИТБ «Ипотекабанк»нинг Олмалиқ филиалига ўтиб қолганини илғаш қийин эмас. Бироқ ҳозир гап бунда эмас. Гап банк балансидаги жами ер майдони 0, 1256 гектар бўлган ушбу объект (чойхона, дўкон, бостирма, омборхонадан иборат бино ва иншоотлар) «эгасини топиб», сотилганидан кейинги жараёнлар ҳақида.
Мижознинг қарзи эвазига олиб қўйилган объектга кўзи учиб турган харидор қайда? Буни аранг топилган харидорга чойхона биноси лизинг шаклида сотилгани ҳам айтиб турибди.
Хуллас, 2017 йилнинг март ойи охирги кунида АИТБ «Ипотекабанк» Олмалиқ филиали ва Сапарбой Юлдашев раҳбарлигидаги «Tasti&Quick» оилавий корхонаси ўртасида лизинг шартномаси тузилди. Унга кўра, «Чинор» умумий овқатланиш маскани оилавий корхонага уч йил муддатга йиллик 12 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 296.175.730 сўмга сотилди. Бунинг учун оилавий корхона аванс тариқасида объектнинг аввалги эгасидан («Osiyo Rita» МЧЖ) қолган «мерос» – 123.909.000 қарзни бирдан узиши керак бўлди.
«Tasti&Quick» оилавий корхонасига умумий ҳисобда 420.084.730 сўмга (296.175.730+123.909.000 = 420.084.730) тушган «Чинор» фойдаланиш учун тайёр ҳолатда эмасди. Бу масканни ўтган-кетганнинг кўзи тушиб, қадам ранжида қилишига ундайдиган даражага келтириш учун яна а-анча ҳаракату харажат қилиш керак эдики, Юлдашевлар оиласи аввалига Юнусобод туманидаги «дом»ини сотиб (215 миллион сўмга), пулини чаплади. Камига шу банкнинг ўзидан яна юз миллион сўм (йилиги 14 фоиз устама тўлаш шарти билан уч йилга) қарз кўтариб, «Чинор»ни том маънода обод масканга айлантирди.
Бир умр йиққан-терганини тикиб, камига қарзга ботиб, оғзи ошга етай деганда бурни қонашини Юлдашевлар оиласи туш кўрибдими?!
Овқатланиш маскани ишга тушиб, оила косаси оқариб улгурмай Ўртачирчиқ туман ҳокимидан «қорахат» келди (2018 йил 9 июль): беш кун (!) муддат ичида чойхонангни ўз ҳисобингдан бузиб, замонавий шаҳарсозлик талабларига мос равишда қайта қур ёки давлат эҳтиёжи учун бўшатиб қўй, хўпми?
Беш кунда чойхонани на «замонавий шаҳарсозлик талаблари»га мос қайта қуриш, на «давлат эҳтиёжи учун бўшатиб» қўйиш мумкин? Шунга қарамай берилган муддат ўтар-ўтмас (!) Ўртачирчиқ тумани Тошлоқ маҳалласи профилактика инспектори Акмал Шамшиев монтёр олиб келиб, овқатланиш масканини электр таъминотидан мосуво қилиб кетди.
Шундан кейин маҳаллий ҳокимият, прокуратура, ички ишлар бўлими вакилларининг бир оёғи шу ерда бўлди денг: «қачон бузасан?». Ўзларига қолса-ку, шартта бузиб ташларди-я, бироқ оилавий корхона раҳбарининг ҳуқуқини фаол талаб қилиши, боз яна, объект лизинг шартномаси асосида сотиб олиниб, ҳамон гаровда тургани, банк олдидаги қарзлар тўла бартараф этилмаганидан бироз чўчишдими, масалани «қонуний асосида» ҳал этишга тушишди.
Қонундан шундай «йўл» топилдики, бундан фақат «дод» дейиш мумкин!
Нима-нима, Ўртачирчиқ туман ҳокими фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) туманлараро судига даъво киритди. Сиртдан қаралганда ҳаммаси бинойидек. Бироқ даъво мазмуни ва мурожаат қилинган суд эътиборга олинса, мутасадди «орзуларини олдиндан аён қилгани»ни англаш мумкин.
Туман ҳокими оилавий корхона раҳбари С.Юлдашев гўёки тегишли рухсатсиз, ўзбошимчалик билан темир бостирма ва омборхона қуриб олганини даъво қилар экан, уларни жавобгар ҳисобидан бузиб ташлашни сўрайди. Бу билан ҳоким бир ўқ билан икки қуённи уришни мўлжаллаган чиқар. Яъниким, бино-иншоотлар ўзбошимчалик билан қурилган деган асос билан бузилса, кўчмас мулк учун товон тўлаш муаммоси кўндаланг бўлмайди. Иккинчидан, даъво аризада жавобгар тариқасида С.Юлдашев – жисмоний шахс кўрсатилмоқда. Жисмоний шахс жавобгар тариқасида жалб этилган низоли ишлар эса фуқаролик судларида кўрилади.
Ҳолбуки, мурожаат қилинган суд ҳам, даъво мазмуни ҳам курак тугул, тувакда турмасди.
Биринчидан, С.Юлдашевни ўзбошимчалик билан бостирма ва омборхона қуриб олганликда айблашнинг ўзи нотўғри. Лизинг асосида сотиб олинган объект аввал банк балансида экани, илгарироқ эса «Osiyo Rita» деган МЧЖга тегишли бўлганини айтдик. Ҳар икки субъект ўз вақтида бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаган, бу ҳақда ҳатто туман ҳокими қарор чиққан, ноқонуний қурилган дея даъво қилинаётган иншоотлар қонуний барпо этилганини масъул идора вакиллари ўз муҳри ва имзоси билан тасдиқлаган-да. Инкор этиб бўлмас ҳужжатларни ҳокимбува инкор этаётганининг ўзи кулгули.
Ҳаводан олиб ёзилган даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Ўртачирчиқ туманлараро судига мурожаат этилишининг ноқонунийлиги шуки, «буз-буз» дейилаётган кўчмас мулклар С.Юлдашевга эмас, у раҳбар бўлган «Tasti&Quick» оилавий корхонасига тегишли. Оилавий корхона эса юридик шахс. Юридик шахсга нисбатан қилинадиган даъво фуқаролик эмас, иқтисодий судда кўрилади.
ФИБ Ўртачирчиқ туманлараро суди судьяси Э.Ешмуродов бир деганда буни англаб етди ва туман ҳокимига иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқини яхшилаб тушунтиргач, иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқариб қўяқолди.
Туман ҳокимининг суд ажримига нисбатан хусусий шикоят бергани тушунарли, бу унинг ҳуқуқи. Бироқ унинг хусусий шикояти ФИБ Тошкент вилояти судида кўриб чиқилганча кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар юз берганига нима дейсиз?!
ФИБ Тошкент вилоят судида муроди ҳосил бўлмаслигига кўзи етди чамаси, ҳоким кассация шикоятини қайтариб олишниям унутиб, ФИБ Ўртачирчиқ туманлараро судига бошқатдан даъво киритди. Даъво баёни бироз бошқачароқ, аммо мазмуни ўша-ўша: ноқонуний қурилмалар бузиб ташлансин, вассалом!
Янгитдан ёзилган эски мазмундаги даъво аризани кўриб чиқиш яна ФИБ Ўртачирчиқ туманлараро суди судьяси Э.Ешмуродовнинг чекига тушди! Судья «иби, ҳокимбува, эски қўшиқни янги оҳангда куйлаганингиз нимаси, сизга ўтган гал иқтисодий судга боринг демабмидим?» дея, даъво аризани кўрмай қолдирди дейсизми? Ҳечам-да! Судья бу сафар ўтган галги ажримига терс равишда даъвони қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб берди: ноқонуний қурилмалар бузиб ташлансин!
Ақлга сиғмайдиган манзара, шундайми?!
Янаям даҳшатлиси, ҳал қилув қарори сиёҳи қуримай, эртасигаёқ ижро этилди! Бу жараёнда Мажбурий ижро бюроси ходимлари безовта қилинмади ҳатто. Қонуний кучга кирмаган ноқонуний ҳал қилув қарори туман прокуроридан ташқари Тошкент вилоят прокурори ўринбосари «бадиий раҳбарлигида» амалга оширилиб, «Чинор» умумий овқатланиш маскани бузиб ташланди!
Асосий вазифаси қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бўлган прокуратура катталарики бориб турган қонунсизликка бош бўлар экан, додингизни кимга айтасиз?!
Ҳамма «ишлар битиб», объект бузиб ташлангач, яна бир нарсага ойдинлик кирди. Гап шундаки, ФИБ туманлараро суди судьяси ҳокимнинг иккинчи даъвоси бўйича суд мажлисини 5 октябрь (2018 й.) санасига белгилаганди. Бироқ суд мажлиси, кутилмаганда, белгиланган санадан икки кун бурун – 3 октябрда ўтказилиб, ҳокимнинг муроди ҳосил қилинадиган ҳал қилув қарори чиқарилди. Эртаси куни – 4 октябрь куни ҳал қилув қарори шошилинч, ғайриқонуний равишда ижро этилди. Орадан бир кун ўтиб, 5 октябрда эса туман ҳокимининг биринчи даъвоси юзасидан чиқарилган суд ажрими ФИБ Тошкент вилояти судида қонуний деб топилиб, ўз кучида қолдирилган бўлса, маълумдан кейин шошилинч ижро этилган ҳал қилув қарори барибир бекор қилинди. Бу пайтга келиб, юқорида айтдик, ғишт қолипдан кўчиб, бузармонлар муроду мақсадга етиб бўлганди...
Ҳоким ҳукмбардор, прокурор ҳайбаракаллачи, ички ишлар идораси ходимлари сўқир ижрочига айланган жойда бундан бошқача бўлиши мумкинми?!
Бугун С.Юлдашев раҳбарлигидаги оилавий корхона аъзолари том маънода боши берк кўчада: қарзга олган мулки ўрни харобатхонга айланган, бу ёқда лизинг ва кредитдан ҳосил бўлган қарзларини қисталанг қилиб, банк корхонани судга берган. Суд эса банкнинг иккала (лизинг ва кредит бўйича) даъвосини қаноатлантириш ҳақида аллақачон қарор чиқариб бўлган...
Оилавий корхонани шу аҳволга солганларга эса бало ҳам ургани йўқ: туман ҳокими ҳам, прокурори, судьяси ҳам ўз лавозимида жавлон уриб ишламоқда. Қонуний кучга кирмаган суд қарори ижросида «муносиб ҳиссаси»ни қўшган Тошкент вилояти прокурори ўринбосари-ку тозаланаётган Бош прокуратуранинг бошқарма бошлиғи лавозимига муносиб кўрилди.
... Бош прокуратурага саломлар бўлсин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter