Сиз бешикда ётганмисиз?
Ўзбек аёлининг гўзаллигини кўрмоқчи бўлсанг, унинг бешик ёнидаги ҳаракатларини кузат, дейдилар. Бешик нафақат ўзбек, балки бутун Марказий Осиё, Афғонистон халқларининг ҳам қадрияти. (Бир вақтлар турклар ҳам фойдаланишган).
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз — бешик қачон пайдо бўлган? Унинг тарихи билан боғлиқ нималар маълум бизга? Икки дарё оралиғи халқлари ҳаётига исломдан аввалроқ кириб келган бешикнинг келажаги энди хавфдами?
Аввалдан айтиш лозим – мақоладан мақсад бешикни тарғиб қилиш ёки унга қарши қарашларни қўллаш эмас. Балки бешикнинг тарихи, бугуни, эртаси билан боғлиқ жараённи холис нигоҳ билан кўрсатиб беришдир.
Шишадан ясалган сумаклар
Ёзма манбаларда «бешик» сўзи илк марта Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғати турк» (11 аср) асарида учрайди.
Самарқанд музейларида эса 9-10 асрларга оид шиша сумаклар сақланади.
Археологлар илк бешиклар ҳам, сумаклар ҳам худди ҳозиргидек, ёғочдан ясалган, деб айтишади. Дастлабки нусхаларнинг бизгача етиб келмаганлиги сабаби ҳам айнан шу билан изоҳланади — ёғоч вақт ўтиши билан чирийди.
Шиша сумакларга келсак, ўрта асрларда шиша буюмлар жуда қиммат ашё ҳисобланган. Шундан, фақат бой-зодогонларгина, балки ҳашамат учундир, балки фарзандларига эътиборлари ортиқроқ эканлигини намойиш ниятидадир, шиша сумаклар ясаттиришгандир.
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори, антрополог олим Самариддин Мустафоқулов, қазилма сифатидаги бош чаноқларини ўрганиш асосида, бешикнинг кашф этилишини 6-7 асрлар билан боғлайди.
— Ўша даврдан икки дарё оралиғидаги паст текисликларда яшаган халқларда, аниқроғи, ўзбек ва тожикларда бошнинг энса қисмининг яссиланиши, илмий тилдаги брохокранлашув бошланади. Бошқача қилиб айтганда, бешик бошнинг деформацияланишига сабаб бўлган, — дейди олим.
Самариддин Мустафоқулов боланинг қуруқ ухлашига мўлжалланган тебранма мослама фақат Марказий Осиё халқларида бўлганлигини таъкидлайди: «Бешик кўплаб хорижий меҳмонларимиз учун жуда қизиқарли. Россиянинг Самара маданият институтидан келган олим сумак сўзнинг келиб чиқишига эътибор қаратди».
Демак, 15 асрки, юртимизда бешик «тақа-туқи» барҳаёт. Ўтган давр ичида нималар ўзгармади дейсиз?! Уй қурилишлари, либослар, таомлар... Илм-фан, технология эса ривожлангандан ривожланди. Фақат бешиккина ўша-ўша. Асрлар силсиласидаги урушлар, офатлар, таъқиқларнинг ҳеч бири бешикни Марказий Осиё халқлари ҳаётидан суриб чиқара олмади. Гарчи эндиликда айрим хонадонларда болалар бешикка умуман беланмаётган бўлса-да, ҳар ҳолда унинг кенг қўлланаётгани қадрият ихлосмандларининг таскини.
Самариддин акага кўра, тарихчилар орасида бешик илмий ўрганилмаган. «Мавзу кўпроқ этнографияга алоқадор», дейди олим.
Этнография: болани энига ётқизиб қўйиб «ўнгми, ўнгми...» деб сўрашганда...
Болани биринчи марта бешикка белашда одатда аввал фойдаланилгани қулай ҳисобланади. Маросимда 2-3 нафар аёл иштирок этса кифоя. Чунки чақалоқ чиллали. Кўп ҳолларда бола бир ҳафталикдан ошмасдан бешикка белаш афзал ҳисобланади. «Мослашиши осон бўлади» дейишади момолар.
Аввало чақалоқ чўмилтирилади. Албатта янги тоғорада. Пешанасига қора куя суртилади. Ёпинчиқни очиб қўйиб бешик ичи ва атрофига олов айлантирилади. Ёстиқча остига тароқ, ойна, тош ва кулча қўйилади.Чақалоқни илк марта бешикка белаш учун ёши улуғ, ували-жували, фарзанд доғини кўрмаган, табаррук момо таклиф этилади. Онахон болани бешикка солар экан, «Эгаси келди, бабаси қоч» дейди. Кейин чақалоқни телба-тескари, бир у тарафдан энига, бир бу тарафдан, яна оёқчаларини ёстиққа қилиб ётқизаверади-да, «ўнгми, ўнгми» дея сўрайверади. Атрофдаги аёллар эса жавоб беришади: «Йўқ, йўқ». Ниҳоят, тўғри ётқизилади, беланади. Кейин бешикнинг бош тарафида ёнғоқ чақилади. «Момақалдироқлар гумбурласа қўрқма! Аканг-опанг ўйнаб шовқин солса, қўрқма! Даданг онангни уришса, қўрқма! (Об-бо...)»
Сўнг ширинликлардан бешик узра сочқи сочилади, болалар териб олишади. Навбатдаги удум: онага бутун нон берилади. У бир тишлам тишлаганда, тўпланган болалардан қувроғи нонни тортиб олиб ташқарига қочиб кетади. Бошқалари унинг ортидан югуришади. Шу куни хонадонда бўғирсоқ пиширилади. Қўшниларга тарқатилади.
Катта харажат эмас.
(Лекин, «Бешик тўйи» деб номланиб, ортиқча чиқим, дабдаба ва қудалар ўртасидаги кераксиз олди-бердилар аслида бешикка белаш маросими мазмунини бузади).
Маросим сўнгида кайвони онахон чақалоқни, ота-онасини, йиғилганларни ва албатта, бешиксозни ҳам дуо қилади.
Бешик ортидан келган ризқ
Бешикни аёл тебратади, эркак эса уни яратади. Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида бўлманг, бешиксозни топиш қийин эмас.
Самарқанднинг Хаймар маҳалласида Қаҳрамон Ҳамидовлар хонадони олдидан ўтиб кетар экансиз, гоҳи станокнинг «ғинг-ғинги», гоҳида тешанинг тақ-тақи қулоққа чалинади. Қия очиқ дарвозадан қуритиш учун қўйилган тол ёғочларига кўзингиз тушади.
— Тол ёғочлари топиш муаммо бўлаяпти, — дейди уста, — бошқа муаммо йўқ.
Қаҳрамоннинг эслашича, унинг отаси ҳам, бобоси ҳам бешиксоз бўлишган. Бобоси вақтида жажжи Қаҳрамонга ўзининг ҳам отаси ва бобоси бешиксоз ўтганларини айтган экан. Хуллас, Қаҳрамон бешиксозлик уларда неча авлоддан буён давом этаётганини айтолмайди, «Аждодларимизнинг ҳаммаси бешиксоз ўтишган» дейди у соддалик билан. Ҳозирда унинг 16 ёшли ўғли Абдураҳим ҳам мактабидан сўнг ҳунар сирларини ўрганади.
«Бешик болали оилага ортиқча харажат эмасми?» сўрайман устадан.
— Самарқандда бўялмаган ва лакланмаган бешиклар тутилади. Шундан нарх қўйилаётганда, фақат ёғоч ва ўймакорлик даражасига қараб меҳнат ҳақи ҳисобга олинади. Ҳозирда бизда бешиклар 300 мингдан 700 минг сўмгача сотилаяпти. Бу энди фақат бешикнинг ўзини нархи. Ундан кейин, битта бешикда нечта бола улғаяди.
Бундан 30-40 йиллар авваллари бешиклар бозорга ёпинчиқларсиз чиқарилган. Бугунда эса бешик расталарида танлов бор – истасангиз ёпинчиқ ва кўрпачалари билан, истасангиз фақат бешикни олинг. Қаҳрамон бешиксознинг аёли Ферузахон ҳам бешик анжомлари тикади. Уларнинг Сиёб бозори ҳудудидаги мўъжазгина дўконига кириб борганингизда кўп ҳолларда аёл қатим тортаётган бўлади.
— Шукур, бешик ашёларини ҳам тикиб савдога чиқарганимиздан сўнг, аста-секинлик билан даромадимиз ҳам орта борди, ҳунаримиз орқасидан уй-жой қилдик, машина олдик, — дейди Феруза.
Бешик келажаги хавф остидами?
Вақтида бешикка қарши кўплаб ҳаракатлар бўлган. Совет Иттифоқи даврида матбуотда боланинг қўл-оёғи бешикка боғланиши қулликка қиёсланди. Шифокорлар орасида бешикни қатор касалликлар, жумладан, рахитнинг сабабчиси деб айтадиганлар топилди. (Ваҳоланки, бундай компания авж олган ўтган асрнинг иккинчи ярмида, бешикни билмайдиган Африка рахит бўйича энг юқори кўрсаткичда бўлган). Шунга қарамай, бешик Марказий Осиё халқлари ҳаётидан чиқиб кетмади.
Бугунда Ўзбекистонда бешик ҳақидаги фикрлари борасида аёллар жамияти (боланинг бешикда ётиш-ётмаслигини аёллар ҳал қилади) иккига бўлингани янгилик эмас...
— Авваллари боланинг таги қуруққина ётсин, деб бешикка белардилар. Ҳозир эса памперслар бор. Болаларим туғилганда мен институтда ўқирдим. Болаларимга асосан қайнонам қарардилар, бешикка белардилар. Масалан, мен тўрт набирамдан бирортасини ҳам бешикка беламадим. Бола эмин-эркин ухлаши керак деб ўйлайман, — дейди шифокор Барно Ашурова.
Шифокор, айниқса, рахит, вазни кам бўлган ва ички мия босими кўтариладиган, тос суягида муаммоси бўлган ва оналари камқон (бундай оналар фарзандлари албатта алоҳида парваришга муҳтож) чақалоқларни бешикка белаш умуман мумкин эмаслигини таъкидлайди.
Бошқа бир самарқандлик аёл, каттагина тикувчилик ательеси раҳбари Кубаро Ҳақбердиева эса «Бешиксиз хонадонимни тасаввур қилолмайман» дейди, бешикнинг бошқа хусусиятлари ҳам борлигини таъкидлайди:
— Баъзи миллатларда, бола яхши ухласин деб, кўзлари дуррача билан танғиб қўйилади. Бешикдаги қоронғулик эса яхши ухлаш учун айни муддао. Қўндоқда ҳам қўл-оёқлар бойланади-ку. Бешикда ҳам шу-да. Қўллари юзига тегиб бола чўчиб кетмайди, уйғониб кетмайди.
Ёпинчиқларга кўра, бешик ичида ёзда салқин, қишда иссиқ ҳароратни сақлаш мумкинлигини суҳбатдош таъкидлайди. «Бир маромда тебраниш, она тафтини туйиш бола учун фойдали, ҳамма гап бешик қоидаларига амал қилишда, вақтида бешикдан олиш, бешикни назоратдан четда қолдирмасликда» дейди у. Яна қўшиб қўяди: «Худо кўрсатмасин, бепарво бўлса, кароватчадан ҳам йиқилиши мумкин».
Кубаро опанинг айтишларича, уларнинг тўрт фарзанди ҳам, 14 нафар набираси ҳам бешикда улғайган, уйғаймоқда.
Тошкентлик 65 ёшли Насиба ая уларнинг бир неча қўшниси болалари бешикка умуман ётмаганини (ётқизишмаганини) айтади. «Пультли ҳалинчаклар чиққан, пультни босиб қўйиб, ишларини қилишаверишар экан. Ана шунда болалар она тафтини ҳис қилмай улғаяди-да» дейди у. Аянинг ўз уйида эса бир ёшга тўлаётган набираси Абдулла бешикда маза қилиб ухларкан.
Самарқанддаги «Қўшчинор» маҳалла раиси ўринбосари Ирода Акрамова Англияда яшаётган қизининг эгизак фарзандлари учун бешик жўнатмоқчи бўлган. «Врачлари ҳатто қўндоқни ҳам тавсия қилмас экан. Қўли очиқ қолган бола ўзини уйғотиб юборади, ўзини қўрқитади. У ернинг қонунлари бошқача. Бешикка белаб, жавобгарликка тортилмасин, дея жўнатмай қўя қолдим» дейди Ирода.
Лекин Америкада бешик борасида ҳеч қандай чеклов йўқ. Ўзбекистондан ўнлаб бешиклар Америка томон олиб кетилаяпти. Айнан хорижий давлатларга жўнатиш учун бешикнинг йиғма кўриниши ҳам яратилган. Айтишларича, океан ортида бешикни соатига 2 -3 доллардан ижарага ҳам олиш мумкин экан.
Боласини бешикда ёки каравотчада ухлатиши ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Туркияда ҳам бир вақтлар болалар бешикда улғайган, ҳозирда мамлакатда бешикли хонадонни топмайсиз.
Бизда ҳам шу ҳолат такрорланмайдими? Ҳеч бўлмаганда бешикнинг тарихи борлигича сақланадими? Гуглдан «бешик» деб сўрасангиз, на бир илмий иш, на бир маънили мақола топилади. Лекин Москвада, Санк-Петербургда, аллақаерларда бешик сотилиши ҳақидаги рекламаларни кўплаб учратиш мумкин...
Мустаҳкам Тангриёрова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter