«Ўзбекистон Қуръонлари» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди
Самарқанддаги Silk Road Халқаро туризм марказида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» VIII Халқаро Конгресси ташкил этилди.
Конгрессда 35 та давлатдан 300 га яқин олим, мутахассис ва соҳа билимдонлари, халқаро ташкилотлар, жумладан, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, «Ал-Фурқон» жамғармалари, Халқаро Турк академияси, Араб давлатлари лигаси вакиллари иштирок этдилар.
Бу йилги Конгресс Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда ўтказилиши бежиз эмас. Анжуманда асосий эътибор Марказий Осиёдаги ислом тарихи ва санъатига қаратилди.
Тадбир иштирокчилари учун аввалига Тошкентда қурилаётган Ислом Цивилизация Марказига экскурция мавзуга киришга рамзий асос бўлди.
Самарқандда 3 кундан буён давом этаётган анжуманнинг асосий қисми эса мавзуга оид чиқишлар, тақдимотлар, баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Айниқса, «Ўзбекистон Қуръонлари» лойиҳаси тақдимоти ўзига хос бўлди. Бунда Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ҳамда Mueller&Schindler нашриёти маркетинг ва ривожланиш бўйича вице-президенти Александр Вильгельм «114 Қуръон» лойиҳаси ҳақида сўз юритди.
Тақдимотда айтилишича, мазкур лойиҳада VII-VIII асрлардан бошлаб XIX- XIX асрларгача кўчирилган ва дунёнинг турли минтақаларида, машҳур музей ва коллекцияларда сақланаётган Қуръоннинг 114 та нодир нусхалари тўпланган ва ўрганилган.
Туркия Фанлар академияси Президенти доктор Музаффар Шекер «Бугун ўзбек ва турк олимлари ўзаро ҳамкорлиги туфайли кўплаб натижаларга эришди. Ва бу натижаларнинг салмоғи юқори» деб эътироф этди.
Маълум бўлишича, Туркиядаги Турк ва ислом санъати музейида Темурийлар даврида Шайх Шамсиддин Бойсунғурий томонидан кўчирилган Қуръон нусхаси сақланмоқда экан. Ана шу ноёб қўлёзманинг факсимиле*си нашр этилиши ҳақида анжуманда маълум қилинди.
(Викепедия: факсимиле (lot. fac simile — айнан бажар) ёзилган, чизилган асл нусхани фотографик ёки босма усул билан айнан акс эттириш)
«Ўзбекистон қуръонлари» сессиясида «Ўзбекистон билан боғлиқ ноёб Қуръон қўлёзмалари», «Ўзбекхоннинг муқаддас Қуръони. Қуръоннинг янги ўзбекча таржимаси» ҳақида ҳам сўз юритилди. Шунингдек, «Аллоҳнинг 99 исми» китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди.
Конгресснинг бошқа сессияларида маданий меросни асрашда кино ва медианинг аҳамияти борасида чиқишлар бўлди. Халқаро тадбирда CNN, Euronews, «Россия-Культура», «Мир», шунингдек, Марказий Осиё давлатлари телеканаллари дохил, 20 га яқин ОАВ журналистлари иштирок этди.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида бугунга қадар 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилинган. «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» VIII Халқаро Конгресси яна янги-янги топилмаларни нашр этиш ва тарқатишга замин яратгани таъкидланди.
М.Тангриёрова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter