Биз нима еяпмиз?
«Ейиш учун яшама, яшаш учун е», «Овқатинг дори бўлсин, доринг овқат бўлсин», «Ҳусн оғиздан киради»... Халқимиз орасида бундай мақоллар асрлар оша пайдо бўлар экан, соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланишни тарғиб қилиб келган. Лекин бугун еб-ичаётганимиз, дастурхонимиздаги неъмат таркиби, фойда-зарари ҳақида нақллар пайдо бўлса қандай сўзлар ишлатиларди?
Бир коса сузма ҳангомаси
Эрталаб деҳқон бозоридан харид қилинган сузмадан олиб, озроғини юмшатиб қўймоқчи эдим, бехос сувни кўпроқ солиб юборибман. Қоришма аталага ўхшаб қолди. Овқат тайёр бўлишига ҳали вақт бор эди, бошқа юмушлар билан чалғиб қолдим. Бир маҳал қарасам, идишдаги масаллиқ ўз-ўзидан қуюқлашиб оби-тобига келиб қолибди...
«Жайдари сузма сўравосизми?» деган аёл сузмасидаги нордон таъм маҳсулот табиий, тоза деган таассурот қолдирганди (воқеа Тошкентда бўляпти).
Беихтиёр ўтган йили жомбойлик аёлнинг айтганлари ёдга тушди: «Мен Худодан қўрқаман. Лекин айрим бозорчилар сузмага манний ёрмасими, алламбалоларни қўшаркан...»
Воқеадан бир ҳафта ўтдими, Фейсбукдаги «Новости Самарканда» гуруҳида «Чакка должна быть кислой» деган пост эътиборимни тортди (сузма Самарқандда «чакка» деб аталади). Унда супермаркетларда, бозорларда қаймоқли сузма деб сотилаётган маҳсулотнинг тайёрланиши ҳақида сўз боради: «Аслида у ҳеч қанақа қаймоқли эмас, чунки, у тайёрланадиган сут сепаратордан бир неча марта ўтказилади, сув ҳам солинади. Кейин «технология» бўйича бу суюқликка қуруқ сут, мол ёки пальма мойи қўшилади. Сўнгра, буларнинг ҳаммаси, қуюлгунича, 80 даражада қайнатилади. Кўрибсизки, бир неча соатдан кейин қаймоқли «чакка» тайёр», деб ёзилган маълумотда.
Мунозарада қатнашганлар қизиқ маълумотларни ўртоқлашган. «Бир килограмм сузма олиш учун камида 3 литр сут керак. 3 литр сут эса 18 минг сўм. Килоси 12 минг сўмдан сотилаётган маҳсулотдан яна нима кутиш мумкин» дейди бир обуначи. Яна бири пальма ёғи зарарини таъкидлаган. Бошқа фикр билдирувчи «Ҳатто нордон сузмага қуюлтирувчи нимадир, эҳтимол крахмал қўшилади. Йод томизсангиз, у кўкаради» дейди. Гуруҳнинг яна бир аъзоси, тошкентлик аёлнинг ёзганлари: «Мушугимиз азалдан сузмани яхши кўрар эди, энди олдига қўйсангиз, қарамай, бурилиб кетадиган бўлган. Умуман, барча маҳсулотлар сифатини мушук орқали биладиган бўлганмиз».
Ҳозир гап фақат сузма ҳақида кетмаяпти. Дастурхонимиздаги ҳар бир маҳсулот шубҳадан холи бўлиши керак.
«Мени ким етмишда дейди?»
«Биз нима еяпмиз?» деган савол ўртага ташланар экан, дунёдан хабари бор одам, аввало, пальма ёғи атрофидаги баҳс-мунозараларни эслайди.
Пальма дарахтини қадимги мисрликлар «Ҳаёт дарахти» деб аташган. Пальма ёғи эса А ва Е витаминларига ҳамда линолев кислотасига бой. Бу энди сунъий ишлов берилмаган, қизил, суюқ ёғ ҳақидаги гап. Бундай ёғ пишган пальма мевасидан олинади. Интернетдан Тошкентда айнан шу маҳсулот билан савдо қиладиган марказни топдик.
Марказ мутахассиси Раҳима Ҳасанова доривор сифатидаги маҳсулотга талаб борлигини таъкидлайди:
– Пальма деганда дарров негатив томондан келмаслик керак. «Қизил пальма ёғининг фойдаси» ҳақида Гули Шайхова диссертация ёқлаган. Ўзимиз эса мана шу маҳсулотдан олиб, кўз ўнгимизда фойдасини кўраётган одамлар билан ишлаяпмиз. Ўзим ҳам шу ёғдан истеъмол қиламан. Мана мени ким 70 га кираяпти дейди, уйқум бир меъёрда, серҳаракатман, ишлайман. Кунига 3-5 қошиқ етади. Одамлар бир нафини кўрмаса, бекорга фалон пулга бир нарсани олмайди, – дейди Раҳима опа.
Маълум бўлишича, қизил пальма ёғини кундалик таом таёрлашда ишлатилса кони фойда экан. Лекин нархи туфайли бўлса керак, аксарият фақат қошиқлаб ичишади.
Қизиқдик, Раҳима опа тетиклиги бошқа омиллар билан ҳам боғлиқлигини илғадик. Овқатларини зайтун ёғида пиширар, асосан мева-сабзавот билан озуқланар, кўп пиёда юрар ва нафсига эрк бермас экан. Демак, ҳаёт тарзини комплекс тарзда тўғри ташкил қилган.
Қизил пальма ёғи супремаркетларда, дўконларда ва ё дорихоналарда учрамайди. Марказ сотаётган маҳсулот шиша идишда, Малайзиянинг ўзидан тайёр ҳолда жўнатилади. 1100 граммлик идишдаги 371 минг сўм ва 500 граммлик идишдагиси эса 220 минг сўм!
– Лекин истеъмолда пальма ёғининг зарарлиси кўпроқ учраётгандек туюлмайдими сизга ҳам, – сўраймиз опадан.
– Дейлик, ресторанда, тўйда, ҳамма қовурилган, дудланган трансёғли оғир таомлар қаторида сузма қўйилган бўлса, шу енгилроқ деб оғзингизга солсангиз, тилингизда қотади, биласизки, зарарли пальма. Ёки сомса ё қат-қат қайсидир пишириқ совуб бўлганда есангиз дарров билинади... – афсусланиб гапиради Раҳима опа.
«Бола маҳсулотига пальма ёғи таъқиқланган»
Йўл ёқасидаги таваккал бир дўконга кириб, боғча ёшидаги бола учун энг харидоргир ширинлик турларидан танлаб беришини сўрайман.
– 60 граммлик қадоқдаги жажжи печеньеларнинг таркиби: 1 навли буғдой уни, шакар, пальма ёғи, тоза сув, кўпиртирувчи модда (углеаммоний тузи), ичимлик содаси, микробга қарши модда (натрий сульфат, натрий фосфат).
– 110 граммлик печенье таркиби: биринчи навли буғдой уни, шакар кукуни, пальма ёғи, қуруқ сут, тухум кукуни...
– Шоколад таркиби: шакар, ўсимлик ёғи, какао, сут кукуни, ванилин, эмулгатор, хушбўйлантирувчи.
– Вафли. Бунинг ичига кондитер ёғи солинган деб қайд этилган.
– Қуюлтирилган сутда пальма ёғи.
Тажриба учун харид қилган маҳсулотлар жами 20 минг сўм нархланди. Реклама қилиш каби антиреклама қилиш ҳуқуқим йўқ. Шу сабаб маҳсулот номи очиқ ёзилмаяпти. Айтишим мумкин бўлгани, буларнинг бари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.
Бугун Ўзбекистонда қайси маҳсулотда пальма ёғи бор, деб савол қўйишдан кўра, қайсисида пальма ёғи йўқ, деб қўйсак мантиқли туюладигандек. Сариёғ, майонез, қатиқ, смената, қаймоқ, музқаймоқ, қуюлтирилган сут, маргарин, печенье, вафлилар, шоколад, кондитер маҳсулотлари, сомса, патир, макарон ва колбаса маҳсулотлари, турли кремлар, ярим фабрикантлар, болалар ширинликлари қатор турларида айнан пальма ёғи қўлланилмоқда. Масалани умумжаҳон миқёсида ўрганаётган экспертларга кўра, қатор ҳолатларда пальма ёғи «ўсимлик ёғи» ёки «кондитер ёғи» деб кўрсатиш дохил яна 200 га яқин номда «пардаланади». Бу маҳсулотлар таркибидаги пальма ёғи хом пальмадан ишлов берилиб чиқарилган.
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова хом пальмадан олинган ёғни фақат техник мақсадда қўллаш мумкинлигини таъкидлайди. Ундаги фойдали моддаларнинг бори ҳам рафинация ва гидрогенизация жараёнида йўқолиб кетишига эътибор қаратади. Ўзбекистонга келтирилаётган пальма ёғининг асосий қисми ана шу жараёндан ўтган. Бошқача айтганда, қуюқ ҳолатда.
– Сўнгги йилларда ер юзи аҳолиси орасида юрак-қон томир касалликларига чалинганлар сони ошиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби организмда қаттиқ ёғлар миқдори меъёридан ошиб кетаётгани билан изоҳланмоқда. Пальма ёғи 45 фоизгача пальмитин кислотасидан таркиб топган. Ушбу моддадан кўп миқдорда фойдаланиш – атеросклерозни ривожланишига, томирларни ёғ билан қопланишига олиб келади, – дейди Барно Одилова.
Мутахассис пальма ёғи пальма мевасидан 40 даражагача ҳароратда қайта ишлаш жараёнида олинишига эътиборни қаратади. Бу ёғ эритилганда ҳам 38-40 даражада парчаланади. Инсон танаси ҳарорати эса 37 атрофида. Бундай парчаланиши қийин бўлган қуюқ мой истеъмоли инсонда бора-бора трансёғнинг томирларида ва аъзоларга йиғилишига олиб келади. «Қон томирлар йўлини тўсиб, атеросклероз, гипертония, инсультга ва ҳатто саратонга олиб келади», – дея фикрини давом этади шифокор.
Суҳбатдошимиз таъкидлашича, «Ўзбекистоннинг амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида пальма ёғидан фойдаланиш таъқиқланган».
«Ёмон» пальма ёғи алкоголь, тамаки қаторидами?
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2018 йилда сифатсиз пальма ёғининг зарари борасида бутун дунё сиёсатчилари, шифокорлари ва фаолларини ҳушёрликка чақириб бюллетень эълон қилди. Ҳужжатда пальма ёғи соғлиққа зарари жиҳатидан алкоголь, тамаки қаторида туради, деб таъкидлаган. 48 та илмий тадқиқот натижаларига таяниб ёзилган баёнотда пальма ёғи глобал даражада сурункали хасталикларни, хусусан, юрак-қон касалликларини, саратонни келтириб чиқариши айтилади. Уни давомли истеъмол қилиш оқибатида организмда «ёмон холестерин» тўпланиши (бу атеросклерозга олиб келади) ҳақида бонг уради.
Пальма ёғи энг арзон хом ашё ҳисобланади. Иккинчидан, ундан тайёрланган маҳсулотнинг сақланиш муддати анчайин узоқ бўлади. Йирик ишлаб чиқариш бирлашмасини ҳам, оилавий тадбиркорни ҳам қизиқтирган нарса аслида шу. Ўзбекистонда бугунда 20 килолаб қадоқланган пальма ёғининг килоси 2 доллар, яъни 20 минг сўм атрофида баҳоланаяпти. Энди сиз бу рақамни қизил пальма ёғининг 371 минг сўмлик нархи билан қиёсланг!
ЖСС ташкилоти ҳужжати ортидан бугунда 50 дан ортиқ давлат пальма импортига қатъий чеклов қўйди. Улар ривожланган, ривожланаётган давлатлар. Лекин 100 га яқин давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам пальма ёғи истеъмоли борасида аниқ-таниқ хулосага келгани йўқ. Зеро, бу ёғдан кечиш билан маҳсулотлар нархида «сакраш» бўлади. Бошқа томондан, халқ саломатлиги йўлида дадил қадам ташланади. Ўрни келганда ўтган йилнинг 1 майидан эътиборан Тожикистон ҳам пальма ёғи импортига таъқиқ киритганини айтиб ўтиш керак.
2019 йилда Ўзбекистонда ҳам пальма ёғи атрофида анча шов-шув бўлди: сиёсий минбардан айтилди, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар бўлди. Кейин, гўё, масала ҳал бўлгандек ёки гапиришнинг фойдаси йўқдек, бу борада сукут сақланмоқда.
Камига, Малайзия ва Индонезиядаги пальма ишлаб чиқариш катта саноати лоббилари пальманинг зарари йўқлиги ҳақида ташвиқотдан чарчамаяпти. Шундай чиқишларнинг бирида инсон бир суткада 2 грамм пальма ёғи ейиши зарари йўқ, дейилади. Ўзимизда 2 грамм ёғ битта кичикроқ сомсада ишлатилади. Дейлик, тушликда ким битта сомса билан тўяди? Эрталаб еган қаймоқда, кечқурундаги десертда ҳам пальма ёғи аралашган бўлса-чи? Яна бир мақолада айтилишича, пальма ёғи 200 даражада зарарлига айланармиш. Ошпазлар, нонвойлар айтсин, кўплаб маҳсулотларимиз айнан шу даража атрофида тайёрланади.
Ўзбекистонга пальма ёғининг импорти 2000 йилдан бошланган. Дастлабки йилда мамлакатга киритилган бу маҳсулот миқдори 5 минг тонна бўлган.
Божхона қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистонга 2020 йилда – 54 минг тонна, 2021 йилда 67,9 минг тонна, 2022 йилнинг январь ойининг ўзида 5,3 минг тонна пальма ёғи олиб кирилган.
Бунда Ўзбекистонга Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан кириб келаётган тайёр маҳсулотлар таркибидаги пальма ёғи ҳисобга олинмаган, албатта.
Сўнгсўз ўрнида
Еб-ичганимиз билан боғлиқ муаммолар фақат пальма ёғига дахлдор эмас. Одамларимизни ўйлантирган, шубҳага солган маҳсулотини олиб бориб лабараторияда таҳлилдан ўтказиш мумкин бўлган мустақил даргоҳлар зарур. Қатор ривожланган мамлакатларда барча турдаги маҳсулотлар ана шундай марказлар томонидан ўрганилади, хулосалар эълон қилинади. Улар, ҳатто, фалон маҳсулотни умуман харид қилмаслик ҳақида тавсия қилиш ваколатига ҳам эга.
Масаланинг ишлаб чиқаришга боғлиқ бўлмаган жиҳатлари ҳам кўп. Оилаларда энг асосий овқат анча кеч, айрим хонадонларда ҳатто уйқудан олдин тановвул қилиниши. Картошка, бўғирсоқ ва ҳоказолар қовуриладиган ёғ қайта-қайта, то тугамагунича ишлатилиши. (У ҳар гал ишлатилганда инсон соғлиғи учун зарари ортиб бораверади). Мева-сабзавотлар рациондан муҳим ўринни тутмаётгани. Тўй-маъракалардаги дастурхоннинг фақат чиқими эмас, унинг инсон саломатлиги учун номувофиқ жиҳатлари. Буларнинг бари алоҳида, айримлари ижтимоий ҳолат билан боғлиқ масала сифатидаги мавзулар.
Бугун ковид билан курашаётган мураккаб даврни бошимиздан кечираяпмиз. Касални даволашдан кўра, олдини олиш керак, деган гап мағзини чақиш даври бу.
Мустаҳкам Тангриёрова, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter