Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жамшид Ниёзов

Олов ёнмаган жойдан тутун чиқмайди.

Мардикор аёллар ноласи: «ИИБ ходимлари чекадиган сигарети, ейдиган колбасаларининг пулини биздан ундирмасин!»

Мардикор аёллар ноласи: «ИИБ ходимлари чекадиган сигарети, ейдиган колбасаларининг пулини биздан ундирмасин!»

Мардикор аёллар. Тошкент, Яшнобод тумани. 2017 йил декабр.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали Тошкент шаҳридаги вақтинчалик меҳнат бозоридаги ҳақиқий аҳволни ўрганишга бел боғлади. Кузатувларимиз ёлланиб (кунбай) ишловчи фуқароларимизни қийнаётган кўплаб муаммолар борлигини, оиласини боқиш мақсадида сўнги чора ўлароқ «Мардикор бозори» бир марталик иш топиш учун чиққан юртдошларимиз турли қийинчиликларга дуч келаётганлигини кўрсатди. Тез орада бу ҳақда таҳлилий мақола тайёрлаб, ҳукмингизга ҳавола қиламиз. Аммо унгача зудлик билан маълум қилишимиз керак бўлган ҳолатлар мавжуд.

Пойтахтимизнинг Қўйлиқ деҳқон бозори яқинидаги Яшнобод тумани вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросида бўлганимизда, ёлланиб (кунбай) ишловчи фуқаролар асосан ички ишлар ходимларининг муомаласидан,  қонунга зид ҳатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишди.

Жумладан, ҳудуддаги ИИБ ходимлари мардикор аёллардан сигарет, «Кола», тушлик ёки кечки овқат учун колбасаларнинг пулини ундириб олишар, пул бермаганларни автобусга тиқиб, «Панелний»га олиб кетиб, паспорт режимини бузганлик учун энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жарима ёзиб, кейин қўйворишар экан.

— Жаримани доимий рўйхатдан ўтган жойимизга ёзишади, ўзи ишсиз бўлсак, қийналганимиздан шу ерларда юрган бўлсак, бизгаям ҳавасмас бу ерда юриш, — дейди андижонлик аёл.

Ҳали ИИБ ходимларининг мардикорчиликка чиққанларга эркагу аёл демасдан куч ишлатиши, қўл кўтариши, тепкилаши ҳақида индамадик. Булар «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, тинчлигимиз посбонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган, барча соҳаларда, айниқса, куч ишлатар тизимларда фаолият юритаётганлардан ишга муносабатни ўзгартириш, ўзини халқнинг хизматкори деб билиш кераклиги талаб этилаётган бир пайтда юз бераёгани ғоят ачинарлидир.

Яқиндагина Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган мурожаатида муштумзўр ҳокимларни аёвсиз танқид қилган эди:

— Ҳали одамлар ўзгаргани йўқ. Маданият ўзгаргани йўқ. Очиғини айтаман, ҳокимларнинг ҳам маданияти йўқ. Иложи йўқ, яқинда қонун устуворлигини таъминлаш учун учта туман ҳокимини жазога тортдик.

Одамлар билан гаплашишни билмайди. Олдинги даврлардагидек маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказади, одамларни ҳақорат қилади. Ким уларга ҳуқуқ берибди? Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировларни ҳақорат қилишга?

Бу нимадан далолат? Маданиятсизлигимиздан далолат! Ўқимаганимиздан далолат! Маънавиятимиз пастлигидан далолат!.. Билиб қўйинглар, бу аҳволда бирортанг эртанги кун билан ишламайсизлар.

Шавкат Мирзиёев

Бизнингча, давлат раҳбарининг бу сўзлари нафақат маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари, балки барча давлат органлари ва идораларида фаолият юритувчи раҳбар ҳамда ходимларга тегишли. Жумладан, ИИБ ходимларига ҳам. Фуқаро қонунни бузаяптими, унга қонунда белгиланган тартибда чора кўрилсин, аммо зинҳор-базинҳор ваколат доирасидан четга чиқилмасин, қўл кўтарилмасин. Кимларнингдир шу қилмиши деб одамлар давлатдан норози бўлишмасин.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Воқеага бир ёқлама мунобат билдириб қўймаслик мақсадида айбланаётган томонни ҳам эшитиб кўрмоқчи, саволларимизга жавоб олмоқчи бўлдик. Бироқ ҳар куни бамайлихотир «мардикор овлаш» билан шуғулланувчилар ижодий гуруҳимизни кўриши ҳамоно жуфтакни ростлаб қолишди.  

Қўлимизда ёзганларимизни тасдиқловчи аудио ва видеоматериаллар бор. Умид қиламизки, ИИВ раҳбарияти биз билан ҳамкорликда тизимдаги камчиликларга ечим топишади, айбдорларга жазо муқаррарлигини таъминлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг