Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«ICTWEEK UZBEKISTAN – 2024» ёхуд келажакка хат ёзганим, Ойқиз ва бошқа қутб ёшлари билан танишганим ҳақида

«ICTWEEK UZBEKISTAN – 2024» ёхуд келажакка хат ёзганим, Ойқиз ва бошқа қутб ёшлари билан танишганим ҳақида

Бундан ўттиз йиллар олдин талабалигимда Тошкентнинг Бешёғочидаги почта-телеграфидан ота-онамга бораётганимни айтиш ёки бирон муҳим хабарни жўнатиш, байрамлар билан табриклаш учун ҳар бир ҳарфига пул тўлаб телеграмма жўнатардим. Иложи борича сўзларни, ҳарфларни тежаган ҳолда.

Бугунги ёшлар билан ёшлигимни таққослаш ҳатто имконсиздек туюлади.

Яъни орадан ҳеч қанча ўтмади, ҳар ҳолда бир аср эмас, орадаги вақт... Лекин ҳаётимизда ўша пайтдаги тасаввуримизга сиғмайдиган ўзгаришлар бўлиб кетди. Яъни интернет асри бутун дунёни кундан-кунга ўзгартираётган замонда яшаяпмиз. Гўё биз билан ҳозирги ёшлар икки қутбда яшагандек. Бу қутблашиш ҳозирги ёшлар ўртасида ҳам кузатилмоқда.

Қутбнинг у томонида бир неча тилни биладиган, яхши сармояга эга, ёмон одатлардан ҳоли, ҳатто чет элларда ҳам ўз ўрнига эга ёшлар бор. Улар билан бир неча тилда суҳбатлаша оласиз, улар ўз кучига, ўз билимига ишонади, тинмай ўқийди, ўрганади, лойиҳалар устида бош қотиради, ҳатто уйидан бир қадам чиқмасдан даромад топади.

  

Қутбнинг бошқа томонида келажагини тасаввур қилолмаётган ёкида энг охирги умиди катта сумкасини ортмоқлаб четга иш излаб кетишга шай турган ёшлар.

Қутбнинг у томонидаги ёшлар техника асрининг замонавий ёшлари, бу томонидаги ёшлар эса мен ўттиз йил олдин ота-онамга хабарни телеграмма орқали жўнатиш учун ҳарф ва сўзларни тежаб ёзган мен яшайдиган давр ёшларига ўхшайди...

 Завод, фабрикаларда энди роботлар ишлайди...

Шу йилнинг 17 сентябрь  CAEx мажмуасидa «ICTWEEK UZBEKISTAN – 2024» AKT ҳафталиги бошланди. Ўша ҳафталикда яна бир бор икки кун иштирок этиш асносида оғир сумкаларини елкасига осиб четга қора меҳнат учун отланган ёшларни бошқа бир қутбда қолиб кетгандек ҳис қилдим. Яъни бундай бўлишига, ёшларнинг ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланмай йўлини топа олмаётганига маълум маънода биз катталар – ота-оналар ҳам айбдормиз.

Мустақилликдан сўнг бирин-кетин завод-фабрикалар ёпилди. Яъни одамлар завод-фабрикаларда ишлаб ҳеч қачон ошмайдиган ва тушмайдиган маошга кун кечирарди. Бундоқ ўйлаб қараганда шундан қулайи йўқдек. Ижтимоий тармоқларда, умуман аҳоли орасида ёшларга иш йўқ, шунинг учун барчаси Россияда, Туркияда ва бошқа мамлакатларда қора ишчи бўлиб юрибди, деган фикр ҳеч ким учун янгилик эмас... Ўша собиқ СССР давридагидек завод-фабриклар очилсаю фарзандларимиз кунимиз ўтиб туришига лойиқ пулни топса. Бу стереотип қарашлар, айнан шундай. Ўша СССР даврини қўмсаш, завод, фабрикалар очилиб иш ўринлари яратилиши.

Лекин, ўйлаб кўринг, бугун техника асрида завод-фабрикалар очилгани билан сизнинг фарзандингизга у ерда қиладиган иш йўқ, агар IT соҳасини билмаса, технологияларни тушунмаса. Чунки биз орзу қиладиган завод-фабрикаларни аллақачон машиналар, роботлар бошқараяпти.

Компютерлашмаган, интернет кириб келмаган замонда яшаб ўтган ота-оналар учун бу соҳа жуда мураккаб туюлади ва шунинг учун болаларига рағбат бермайди. Аммо IТнинг бизнинг юртимизга кириб келганига роппа-роса 20 йил бўлди. Бутун вилоятларда IТ парклар очилди. Иш йўқ, деб бошқа юртларда қанча қора ишчилар нолиб яшаётган бир пайтда шу ернинг ўзида икки-уч баравар  кўпроқ пул топаётган, хорижга кетиб энг яхши соҳаларда ишлаётган ёшлар ҳам ўзимизнинг қоракўзларимиз.

Яқинда газетамизда Америкада худди OLXдек онлайн платформа яратган бир йигит ҳақида мақола чиқардик. 20 ёшида ўзи пул ишлаб топган ва биринчи қиммат машиналардан бири Hyndai Elantraни сотиб олган, ҳатто уй олишга улгурган.

 

У 2-3 хориж давлатларида, Американинг 10 дан ортиқ штатларида бўлган, Америка & Канада визаларига эга. 22 ёшли қаҳрамонимизнинг 30 дан ортиқ шогирди ҳам бор. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида бизнес ва маркетинг йўналиши бўйича таҳсил олган бу йигит ҳатто ота-онасининг қаршилигига қарамай йиққан пулига яширинча курс сотиб олиб ўқиш- ўрганишдан чарчамаган, иккинчи йилиёқ контракт пулини ўзи тўлаган. Шу соҳанинг ортидан бойиган – миллионер-мултимиллионер билан шу ерда таниша бошлаган. Бундай мисоллар жуда кўп...

Айнан мана шундай қизиқувчи ва билимли ёшлар туфайли мамлакатимизнинг IT экспортида АҚШ биринчи рақамли савдо ҳамкоримиз эканлигини кўпчилик тасаввур қилиши қийин бўлса керак. IT ва BPO экспорт хизматларининг ярмидан кўпи айнан АҚШ бозорига тўғри келади.

«Centralasia.tech» сайти орқали АҚШдаги ватандошлар айнан IT Park экспортерларига заказ топиш орқали ўзларининг даромадларини кўпайтираётганини кузатишингиз мумкин.

Яна фактларга эътибор қаратинг: 2017 йилда IT ва BPO расмий экспорти деярли йўқ бўлган давлатдан, орадан атиги беш йил ўтиб 2022 йилда 140 млн. доллар IT ва BPO экспортига эга давлатга айланишига эришилди – IT ва BPO хизматлар экспортини 2030 йилгача 5 миллард долларга етказиш бўйича режалар амалга оширилмоқда. 2023 йилда кўргазмада 100 дан зиёд хорижий ва маҳаллий IТ компаниялар иштирок этган бўлса, бу йил 200 дан ортиқ компаниялар орасида Япония, Корея, Хитой, Қатар, Латвия каби давлатларнинг машҳур компаниялари ҳам қатнашмоқда, ҳудуд ҳам шунга яраша кенгайтирилган.

Пастдан юқорига...

Мақола ёзиш асносида интернетни титкилаб ўтириб ушбу соҳага оид бир қанча рейтинг кўрсаткичларига кўзим тушди. Мана яна улардан бири: ITUнинг «Global Cybersecurity Index 2024» ҳисобатига кўра мамлакатлар ривожланиш даражасига кўра бешта гуруҳга ажратилган: энг пастидан юқоригача: Т5 Building – пойдевори яратилаётган, T4 Evolving – шаклланаётган, T3 Establishing – мустаҳкамланаётган, T2 Advancing – яхши ривожланаётган, T1 Role-modeling – намуна бўлаётган). Ўзбекистон, Канада, Исроил, Австрия, Швецария каби мамлакатлар билан биргаликда Tier 2 (Advancing) гуруҳига киритилди ҳамда 2024 йилда мамлакатнинг ушбу кўрсаткичи +18.09 балга юқорилаб, 89,2ни ташкил қилди. 2020 йилда эълон қилинган ҳисоботда 71,11 кўрсаткични қайд этган эди.

Яна бир яхши хабар эса: 2023 Global Services Location Indexда Ўзбекистон илк бора қўшилди ва 78 давлатдан 40-ўринни эгаллади.

Cable.co.uk нашрининг дунёдаги кенг полосали интернет тезлиги солиштирма жадвалига эътибор қаратсангиз дунёдаги нотинчлик туфайли аксарият қўшни давлатларда интернет тезлиги рейтингида пасайиш кузатилган бир пайтда Ўзбекистон 24 поғонага кўтарилган.

Бундай ўсишлар ҳақидаги яхши хабарлар жуда кўп, улардан энг охиргиси –Ўзбекистон Электрон ҳукумат рейтингида 6 поғонага юқорилаб, индекснинг жуда баланд (Very High EGDI) гуруҳига қўшилди. Аввалги рейтингда 18 поғона кўтарилганини инобатга олинса 2 та рейтингда умумий 24 поғонага кўтарилди.

Маблағ фақат спортчиларга ажратилмаяпти...

Яқинда спортчиларимизга ажратилган маблағлар жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Яъни кўпчилик илм-фанга маблағ ажратилмаётганини ёзғиришди. Ҳафталик баҳонасида жорий йилнинг июль бошида 1 миллион долларлик President Tech Award танловида қатнашинг, деган эълонга юзма- юз келдим.

Яъни ўтган йили Президентимиз соҳа вакиллари билан АСТРУМ Академиясида учрашганларида 1 миллион долларлик соврин жамғармасига эга танлов ташкил этиш бўйича вазифа белгилаб берган ва «Бутун Ўзбекистон ёшларини IT соҳасидаги интилишларига катта туртки ва мотивация  бериш  учун келдим», дея таъкидлагандилар. Ҳақиқатда ҳам «President Tech Award» танлови ёшларга катта мотивация бўлган экан.

«Қуруқ қошиқ оғир йиртар» деганларидек, иш излаётганларга ёки Ўзбекистонда иш йўқ, деётганларга фактлари билан мисол келтиришни ўринли, деб билдим. IТ соҳасида 20-50 млн сўм ойлик тўлайдиган бўш иш ўринлари анчагина эканлигини Рақамли Иқтисодиёт Тадқиқотлари Маркази томонидан амалга оширилган IТ меҳнат бозори таҳлилида кўрсангиз бўлади: hh.uz, ishkop.uz, it-market.olx.uz, rabota, it-telekom-kompyutery, t.me/fintech_jobs каби сайт ва телеграмм каналлари мисолида.

Агар кўрсатилган талабларга малакангиз етмаса, ўқишингиз мумкин, масалан: education.it-park.uz, uzbekcoders.uz сайтларидан бу ҳақда етарлича маълумот бор.

Ётоқхонасиз, қисқароқ муддатли курсларда ҳам бепул ўқиб, юқори даромадли ишга эга бўлишнинг бошқа имкониятлари ҳам кўп, яъни MAAB Innovation Тошкентда текинга ўқитиб, ишга жойлашга ҳам ёрдам бермоқчи.

Нажот Таълим билан Cambridge LC ҳам турли грантлар эълон қилиб бормоқда экан. Буларнинг барчаси ҳақида «ICTWEEK UZBEKISTAN – 2024» иштирок этиб янада тўлиқроқ маълумот олинг.

 

Онлайн ўқимоқчи бўлсангиз, COURSERAнинг пуллик курсларидан текинга ўқиш имкониятидан ҳам фойдаланинг...

Ойқиз ким ёхуд келажакка хат ёзинг

Жуда кўпчилик айтичилар ёшларга шундай даъват қилишади: «Вақтингизни инглиз тилини ва IT соҳасини ўрганишга бағишланг», мен ҳам қўшимча қилмоқчиман ҳафталик доирасида IT BILIM ўқув маркази ёшларга ушбу соҳа бўйича нафақат билим беради, балки амалиёт ўташлари учун имкон беради ва ишга жойлаштирмоқда, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган илова Ойқизга мурожаат қилинг у билан суҳбатлашинг, саволлар беринг, жавоб олинг, худди Алисадек қўнғироқдек овози орқали сиз билан гаплашади, яъни ўзбек тилида. Ёки chatgpt ўзбекча иловани ўрнатинг у сизга жуда кўп нарсаларни ўргатади. UzРost почтасининг «Келажакка мактуб» хизмати орқали ўзингизга ёки яқинларингизга хат ёзинг. Хат роппа-роса бир йилдан кейин UzPost орқали манзилига етказилади, ҳатто Гарри Потерга, Шерлок Холмсга хат ёзишингиз мумкин. Ажабмас, сизнинг мактубингиз Шерлок Холмснинг янги жиноий ишни очиши учун туртки бўлар.  

Агар шу имкониятлардан фойдаланиш ўрнига иш йўқ, ўқишга пул йўқ деб ҳамон нолиётган ёки хорижга қора ишчи сифатида кетишни мақсад қилаётган бўлсангиз муаммо фақат ўзингизда. Яъни сиз қутбнинг у ёғида қолиб кетгансиз...

P/S: Ютуқлар ростдан қувонарли, аммо Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида  IT-марказлар борлигига қарамай, бугун дунёнинг бу четидан туриб дунёнинг у чети ҳақидаги хабардор бўлиш имкони турганида баъзи чекка-чекка ҳудудлардаги ёшларнинг қизиқиши сустлигига нималар сабаб? Болаларни қизиқтиришга шароит йўқми ёки ресурслар? Тарғибот-ташвиқот ишлари  ўлда-жўлдами? Балки ота-оналар телеграмма  орқали хабар берилган замонда яшагани учун бу соҳага лоқайдми, яъни янгиликни қабул қила олишмаяпими? Ёки гап IT-марказларининг ҳаммаси ҳам соҳа мутахассисига эга эмаслигидами? Кўпчиликни қизиқтирган яна бир савол: бу соҳа кириб келганига 20 йил бўлган бўлса қандай тадқиқотлар олиб борилган?...Балки руҳият билан боғлиқ томонлари бордир?

«ICTWEEK UZBEKISTAN – 2024» AKT ҳафталиги доирасида ушбу саволларга ҳам жавоб топилса ажаб эмас. Бу мавзуга яна, яна, яна қайтамиз. Токи ёшлар бир қутбда бирлашмагунларича...

                                                                          Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг