Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Бола бўлиш осон(мас) ёки болалар билан тасодифий суҳбат

Бола бўлиш осон(мас) ёки болалар билан тасодифий суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

«Сизнинг уйингиз борми, паспортингиз борми?»

Мен бу қизалоқни онаси билан бозорда учратиб қолдим. Тиланиб юрган экан. Миллатдошимиз. Етти ёшли қизалоқнинг онасини гапга тутдим, уйсизлигини, паспорти йўқолганини, боласининг тиббиёт картаси йўқлигини гапирди. «Менга ростдан ёрдам беролсангиз паспорт олишга ёрдам беринг», деди аёл. Қизалоқ эса мени саволга тутди: «уйингиз борми, паспортингиз-чи?»

Мен аёл билан гаплашаётганимда қизалоқ қўлидан салфеткаларни сотиш учун бозор оралаб кетди. «Қўрқмайсанми, бир ўзинг» дейман, унга...

— Йўқ дейди у, чиройли кўзчалари билан менга «жилмайиб»:

— Мен шу бозорда катта бўлганман, ҳамма кишиларни танийман.

— Болалигингдан энг эсда қоладиган воқеаларни айтиб бероласанми?

— Қизча менга бироз тикилиб туради ва гапни бошқа ёққа буради. «Мен тайёрлов курсларида кўп беш олаяпман, агар яхши ўқисам, аямнинг айтишича, президент мактабига борарканман, фақат мактабга чиқишим учун аям паспортини тўғрилаши керак, унга тезроқ пул йиғишимиз керак».

Яна икки яшар қизалоғи онасининг кўксига талпинади.

— Эмадими?

— Ҳа, энди иккига киради.

—Э рталаб бирон нарса едиларингизми?

— Тарвуз билан нон беришди новвойлар.

Мен уларга булочка узатаман, қизларнинг каттаси ойисига қараб бошини силкитади, «қорним тўқ».

Болларимни мактабга, боғчага бериб, бу ишимни йиғиштиришим керак. Лекин ҳужжатим йўқлиги учун уларни қиммат боғчагагина бера оламан. Менда эса унақа пул йўқ. Бу ерда эса болалар ёнимда.

«Отамни ёмон кўраман»

— Мансур (исми ўзгартирилган) тез-тез дазмол қил, кейин енглар кўпайиб кетди, тикиб ташлашинг керак.

— Мансур отанг Россияга кетибди, соғиндингми?

 Мансур бош чайқайди:

— Йўқ. Ўшаёқларда юраверсин.

— Қўйсангизчи опа, — дейди унинг онаси. Болаларимга энди озодлик тегди. Отаси ичиб, бизнинг топган пулимизни совуриб қарзга ботириб ташлади. Яна келаман деяпти, мен келмай ишлаб юраверинг бу ерда иш йўқ деяпман, аслида ўзимиз ҳам яхши пул топамиз, мана шу ўғлим ёшлигидан менга тикишга ёрдам бериб, ўрганибам кетди, фақат отасининг тўполонидан безормиз.

Мансур бизга ялт этиб қарайди.

— Дадам билан гаплашганимда ҳали бормайман дедику.

Шу гапларни айтаркан, юзида хавотир акс этади.

— Ҳали вери келмайди, лекин отангнинг қарорига ишонч йўқ...

Қўзичоқларини боқиб ўтирган Жалолга (исми ўзгартирилган) яқинлашаман?

— Ойинг қани?

— Ойимнинг юзлари шишиб кетган, отам кеча яна ичиб келди. Мен каттарсам ойимни олиб чиқиб кетаман, Салиманиям (синглисини айтаяпти).

— Отангнинг бир ўзини ташлаб кетасанми?

— Отам ичаверса, ичиб бизни уйдан қувласа, кечаси билан биз қўрқиб чиқсак, онам яшириниб юрса, албатта бир куни кетамизда.

Бола асабий қўйнинг бошига хивич билан туширади.

— Урмагин, ҳайвоннинг жони оғрийди...

— Отам ўлиб қолса яхши бўларди, дейди у ердан кўзини узмай....

 «Бола бўлиш осонмас»

— Тарвузнинг килоси беш минг, —дейди юзларида тангадай оқ доғчалари бор қорамағиз бола.

— Неча ёшсан?

— 14 ёш.

— Бугун байрамларинг, Халқаро болалар куни, нима қилмоқчисан?

— Ҳа мен мана бу ўртоғим билан тарвуз сотайлик, кейин кечқурун байрам қиламиз.

— Умуман ўзи болалик яхшими, бола бўлиш осонми сизларнингча?

— Билмадим. Мана шу бола гапиради, — дейди қорамағиз бола.

— Қани айтчи, ота-онанг сенга дўстми?

— Улар дўстмас, каттаку.

— Ким бўлмоқчисан?

— Дўхтир.

— Орзуларингни, ичингдагиларни айта оладиган одам борми?

— Бор.

— Сенда ҳаммаси яхши деб ўйлайсанми?

— Яхши.

— Мактабингни, ўқитувчиларингни яхши кўрасанми?

— Ҳаммаси яхши.

— Сен мен билан гаплашишни хоҳламаяпсанми?

— Қаранг, — дейди унинг ўртоғи, қорамағиз бола гапимизни бўлиб, — биздан икки марта чек олаяпти, ўзи бир марта чек олиши керак...

— Уни, муни қўй, сен учун болалик осонми?, — деб савол бераман йигитчага.

14 ёшли бола жавоб беришга улгурмади, харидорга юзланди:

— Тарвузнинг килоси 5 минг, 4 мингдан ҳам қилиб бераман.

Мен бозордан узоқлашаётганимда, саволларимга қисқа жавоб берган бола олдимга чопиб келди.

Бояги саволингизни ўйлаб кўрдим:

— Бола бўлиш қийин...

Мен йўлда давом этаман, елим идиш кўтариб кетаётган оқ-сариқ болакайдан сўрайман:

— Баклашка қанча?

— Донаси 200 сўм.

— Бугун байрамга борасанми?

—Б илмадим, деб елка қисади болакай.

— Сенингча болалик яхшими?

У кўзларини катта-катта очади.

— Ҳов болакай баклашкаларингни қанчадан берасан...

Болакай мендан узоқлашади...

Бугун биринчи июнь. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Қаерга қараманг, болаларини етаклаган оналар, тадбирлар... Мен бугун бахтли болалик ҳақида ёзмоқчи эдим, йўл-йўлакай кеча бошлаган бахтли болалар ҳақидаги мақолани тугатиб қўйиш ҳақида ўйладим.

Аммо болалар билан тасодифан қилинган суҳбат туфайли мақола ўзани бошқа ёққа бурилди. Чунки орамизда болалигини эсласа отасининг ичганини, отасининг урганини, онасининг йиғлаганини, ёзнинг иссиғида тарвуз сотганини эслаб, эслашни истамайдиганлар ҳам кўпчиликни ташкил қиларкан.

Ким билсин, бу болалар ўз болаликларидан норози эмасдир, норози бўлгани билан катта бўлиб қолишнинг иложи йўқ. Аммо катталар бола бўлиши, уларга бахтли болаликни ҳадя қилиши мумкин. Бунинг иложи бор, фақат хоҳиш, истак бўлса бас. Ҳа айтганча, сизнинг болалигингиз қандай ўтган? Бахтли болалик ҳақидаги мақола-чи дейсизми, кейинги сафар...

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг