Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Дунёдан ранжиган комик актёрнинг фожиалари

Дунёдан ранжиган комик актёрнинг фожиалари

Бу қиёфа бизга яхши таниш. ТВ экранини ҳанузгача тез-тез «забт» этиб турадиган француз актёри Луи де Фюнес «Фантомас» туркумидаги фильмларда беқиёс роль ижро этган. Унинг машҳурлиги самимий ижроси, ҳазил-мутойибага мойил чеҳраси, қаҳрамонининг шартаки, жиззаки, мудом кулгили вазиятларга тушиб туриши билан боғлиқ бўлса керак. Бетакрор комик роллар устасининг шахсий ҳаёти ва фаолияти қандай кечган?..

Мопассаннниг невараси билан...

Луи де Фюнес 1914 йилнинг 31  июлида Испанияда, оқсуяклар оиласида туғилган. Отаси Хизпан Карлос де Фюнес де Галарза ҳуқуқшунос эди. Уларнинг оиласи Францияга кўчиб келишига сабаб – бир вақтлар бобо-бувалари ота-онасининг никоҳига қаршилик қилганларида эди.

Актёрнинг ўзига келсак, дастлаб 1936 йилда у Жэрмэн Луиза Элоди Карруайе билан умр риштасини боғлади. Улар оиласида ўғил – Даниэль дунёга келди. Кейин ажрашдилар. 1943 йил 22 сентябрда де Фюнес машҳур ёзувчи, «Азизим» романи муаллифи Ги де Мопассаннинг невараси Жанна Бартоламега уйланди. Икки ўртада икки ўғил туғилди: Оливье де Фюнес (касби бўйича учувчи) ва Патрик де Фюнес (шифокор)...

Болалигида Луи де Фюнес ўртоқларига «Фюфи» исми билан таниш эди. У француз, испан ва инглиз тилида ёмон гапирмасди. Вояга етган сари бирорта касбнинг бошини ушлашга ҳаракат қилди. У маоши кам жойларда ишлар, нўноқликда айблаб бу йигитчани тез-тез ишдан ҳайдаб юборишарди. Шундан кейин Луи де Фюнес пианиночи бўлишга қарор қилди, асосан жаз услубини эгаллади. У афтини буриштириб пианино чалганида ташриф буюрувчилар қотиб-қотиб кулишарди. Ҳазил-мутойибага мойиллиги Луи де Фюнесда ўша дамлардаёқ сезилиб борарди.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг де Фюнес ўзини кинода синаб кўрди. Бахтли тасодиф туфайли у армияга олинмаган эди. Бунгача эса Мишель Симоннинг драма курсларида таҳсил олди. Мазкур курсларда Фюнес ғалати муаммога дуч келди. Режиссёрлар романтик қаҳрамонлар ролини берар, у эса ҳали бунга тайёр эмасди. Кинодаги фаолияти режиссёр Мишель Симоннинг «Барбинзон васвасаси» фильмидан бошланди. Табиийки, шон-шуҳратгача йўл ҳали анча узоқ эди. Бунинг учун Фюнеснинг етмишдан зиёд фильмда суратга тушишига тўғри келди.

60-йилларда у кинода кетма-кет роль ўйнай бошлади. Режиссёрлар Андре Юннебель ва Жерар Ури фильмларидаги иштироки омадли кечди. Улар суратга олган фильмларни Францияда икки миллион томошабин кўрди. Дарвоқе, Юннебель режасида у ишлаган «Фантомас»нинг тўртинчи қисми ҳам бор эди. Айримларнинг қаршилиги туфайли мазкур лойиҳа токчада қолиб кетди.

1964 йилда Луи де Фюнес «Сан-тропелик жандарм»  фильмида суратга тушди. Бу янги серияли рукнни бошлаб берди. Деярли йигирма йил мобайнида де Фюнес Крюша саргузаштига доир олтита фильмда ўйнаб, томошабинларга битмас-туганмас кулги улашди.

Тентаклар ҳам кулган

70-йилларнинг бошида де Фюнес янада фаол тарзда суратга туша бошлади. У бошқа мамлакатларда ҳам танилиб бўлган эди. Истеъдодли актёрнинг шуҳрат онлари келди. «7 кун ТВ»га берган интервьюсида (1971 йили) Луи де Фюнес ўз мавқеига шундай баҳо берган:

«Мен ўз мартабам суст кечганидан афсусланмайман. У касбимни англаб олишимга ёрдам берди. Ҳали танилмаган пайтларимда ўзимга топширилган ролларни турли имо-ишоралар, хатти-ҳаракатлар билан бўяшга ҳаракат қилардим. Шу тариқа маълум комик захирамга эга бўлдим, бусиз мавқеимни сира ярата олмасдим. Агар ҳозир ҳам қайта бошлашга тўғри келса, мен шу йўлни сира рад этмайман».

Кинотанқидчиларнинг фикрича, Луи де Фюнес ўз иши билан ҳамиша кимнидир масхаралаб, томошабинга унинг камчиликларини кўрсатиб, ўз устида ишлашга мажбур қиларди. Де Фюнеснинг кулгиси бошқача эди. Ёшлигида ўз олдига қўйган мақсади – ҳаммани ва ҳамиша кулдириши осон бўлмаган, албатта, у кулгининг ғаройиб ва ҳаммабоп формуласини топган, шу боис, ҳатто тентаклар ҳам қотиб-қотиб кулишарди.

«Оскар» фильмида де Фюнес бир оғиз ҳам гапирмаган бир лавҳа бор. Юзи ва қўллари роль ижро этади. Бармоқлари қимматбаҳо бойлик солинган жомадон узра ўйнайди, афти ҳам қувонаётганини намоён этади. Кинозалда эса бу пайтда ишонаверинг – инграй бошлардилар. Томошабинларнинг кулишга кучлари қолмай, юзлари, лаблари қотиб, қоринлари тиқилган, оёқларигаям нимадир бўлган... Бас, етар! Экрандаги Луи де Фюнеснинг эса ҳануз бармоқлари қимирлайверарди...

Фильмдан-фильмга де Фюнеснинг маҳорат даражаси ўсиб борди. У ишини жудаям яхши кўрар, суратга тушиш учун «эриб» кетишга ҳам тайёр эди. Ҳар бир ролини қойилмақом ўйнашга ҳаракат қиларди.

Ишдан ташқари пайтларда эса... Фюнес ўйчан, баъзида асабий эди. Охирги интервьюларидан бирида у миллионлаб гонорарга эга йўлни машаққат билан босиб ўтганидан мамнунлигини айтган. Ўз мақсадига эришмагунча ҳафсала ва қунт билан ишлар, оғир руҳий сиқилишгача борарди. Ваҳоланки, ҳар бир янги фильмда Луи де Фюнеснинг машҳурлиги каби чарчоғи ҳам ортарди. У миллионерга айланганида ишдан воз кечишга иззатталаблик халақит қиладиган бўлди.

Ҳа, Де Фюнес орзусига етган эди: энг катта роллар ва энг катта пулларга! Аммо бу икки ҳолат уни завқ-шавққа тўлдирса-да, «қашшоқлик тушунчаси» ҳали уни арк этмаган эди. Масалан, икки ўғлини улар зиқналик деб баҳолаган отанинг тежамкорлиги жиғибийрон қиларди.

Кўрнамак ўғилнинг гапи

47 ёшли ўғли Оливье отаси ҳақида шундай деган:

«Менинг отам ўлгудек зиқна. У бир сафар мени спорт пойафзалимни жуда қиммат нархда олганимни айтиб, алмаштириб келишга мажбур қилган. Отам ҳеч қачон онамни ва бизни тўйлари санаси, таваллуд кунимиз муносабати билан табрикламаган. У уйимиздаги барча жавон, эшик ва қулф ўрнатилган қутиларнинг калитлар шодасини ҳар доим белидаги камарида олиб юрарди. Отам ҳар бир ҳисобни диққат билан кўздан кечирарди. Мени олти марта кинода суратга тушишга мажбур қилган. Учувчи бўламан деганимда эса ҳаддан зиёд жанжал чиқара бошлади. Бир сўз билан айтганда, отам оилада ўта зулмкор эди».

Узоқ йиллар мобайнида де Фюнес оиладаги ана шундай вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб келди.

Буларнинг ҳаммаси актёр ҳаётини янада оғирлаштирди. Саломатлиги панд бера бошлади. Жерар Ури унинг иштирокида «Тимсоҳ» фильмини суратга олмоқчи эди. Бу лойиҳа амалга ошмади.

Де Фюнес тобора оммадан узоқлашиб борарди. Ўзи у шундоқ ҳам жамоатчиликни ёқтирмас, дўстлари кам эди. Бўш вақтларида оиласи билан бирга дам олишни хуш кўрарди.

Қисқаси, шахсий ҳаётида Луи де Фюнес ғамгин, ғамбода эди. Ресторанлар, турли кеча, тантаналарни жини суймасди. «Одам қўлида қадаҳ билан не-не бўлмағур гапларни гапирмайди-я», дерди.

Ўз рафиқасини ҳаддан зиёд севадиган бу оқсуяк зот Нантда яшар экан, 60-йилларда эмас, гўё XIX асрда истиқомат қилаётгандек эди. Машинани камдан-кам бошқарарди. У балиқ овлар, атиргуллар ўстирарди. Негадир ўзининг дафн маросими билан боғлиқ фильм энг ажойиб комедия бўлиши керак, деб ҳисобларди.

Луи де Фюнес билан бирга ўғли Оливье ҳам кинода суратга тушган. Аслида Оливье юқорида айтганидек, бу соҳани ёқтирмас, отасининг истаги ўлароқ машғулотларга қатнарди. Олтита фильмда роль ўйнаган бўлса-да, Оливьенинг хаёлини осмон чулғаб олди ва у учувчилик касбини эгаллади.

Хотини ва фарзандлари учун Фюнес ҳаммасига шай эди. Оила аъзолари ундан камдан-кам ширин сўзларни эшитсалар-да, ота уларни йўқотишдан қўрққани учун доимий равишда тажанг бўларди.

Инфаркт, жудолик ва сўнгги сўзлар

Йиллар давомида бор куч-қувватинг билан ишлаш саломатликка таъсир қилиши мумкин эмас. 1975 йилда де Фюнес иккита инфарктни бошидан ўтказди. Узоқ вақт экранда кўринмади, у ёки фильмга доимий қилинадиган таклифлар тақа-тақ тўхтади. Натижада Луи де Фюнес бутун дунёдан ранжиди. Кулги устасининг феъл-атворига путур етиб, бу аҳвол яқин қариндошлари учун жуда оғир синов бўлди.

Актёр энди кино билан ишлашни хоҳламай қўйган эди. У Париждаги уйини сотиб, Нантда харид қилинган саройда ўзининг аламли ёдномаларини ёза бошлади. Бу қақшатқич китобдан дунёни режиссёр Клод Зиди халос этди. У де Фюнесни «Қанотча ёки оёқча» фильмига тинмай таклиф қилаверди. Актёр эса пишқириб, рад этарди. Клод Зиди бўш келмади. Ниҳоят Луи кинога қайтди. У ўзининг жойини ҳеч ким эгалламаганини яхши билар, ишонч билан иш бошлаган эди.

1982 йилда «Жандарм ва жандарм аёллар» кинокомедиясини суратга олиш пайтида де Фюнеснинг севимли режиссёри Жан Жиро вафот этди. Фильмни унинг ёрдамчиси тугатиб қўйди. Жан Жиронинг ўлими актёрга жуда қаттиқ таъсир қилди. Бу жудолик шунчаки зарба бўлмай, ўзига хос ишора эди, гўё. «Менинг ҳам куним яқин», деб ўйларди Луи де Фюнес.

Жан Жиро билан ҳаётини кўп нарса боғлаган эди. Асосан, Жан Жиро туфайли томошабин де Фюнесни севиб қолганди. «Катта таътиллар», «Қурумсоқ», «Карамли шўрва» ва бошқа талай фильмларда Сен-тропезлик жандармнинг саргузаштлари, ҳангомалари, бари-бари – уларнинг ҳамкорликдаги ишлари эди...

1983 йилнинг январи. Луи де Фюнес атиргуллар экилган боғидаги ўриндиқда ўтирганди. У боғбонга мурожаат қилди: «Билмадим, негадир оёқларим оғирлашиб қолди. Уйга қанча яқин келсам, у мендан шунча узоқлашади...»

Ўша кеча кекса актёрнинг юраги хуруж қилган эди. Шунга қарамай, Луи шикоят қилмади, қайдандир тумовни илаштириб олганини айтди, холос. Эрталаб актёр хотинининг олдига шу сўзлар билан чиқди: «Мен ўз хонамда ёлғиз зерикяпман...»

Бу Луи де Фюнеснинг сўнгги сўзлари эди.

Машъум хабар ҳақида эшитган томошабинлар гангиб қолишди: нега ўлади, қандай қилиб? Улар севимли актёрлари вафот этганига сира-сира ишонмасдилар.

Анвар НАМОЗОВ

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг