Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сохта амалиётлар ортидан ҚҚС ундириб келган солиқчи ва унинг 29 нафар жиноий шериги қамалди

Сохта амалиётлар ортидан ҚҚС ундириб келган солиқчи ва унинг 29 нафар жиноий шериги қамалди

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди 2024 йил декабрь ойининг 18 куни Солиқ қўмитаси Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бош инспектори А. Сотволдиев ва унинг 29 нафар жиноий шеригига нисбатан ҳукм чиқарди.  

Суд терговида аниқланишича, А. Сотволдиев 2021-2023 йилларда Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси Ташқи савдо операциялари мониторинги бўлими бош инспектори лавозимида ишлаб келиб, бошқа шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктирган ва давлат бюджетини талон-торож қилиш йўўларини ўйлаб топишган.

Гап шундаки, улар Президентнинг 2021 йил 24 августдаги ПҚ-5231-сонли ва Ҳукуматнинг 2020 йил 14 августдаги 489-сонли қарорларида белгиланган тартиблар, яъни қўшилган қиймат солиғи билан сотиб олинган хом-ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб экспорт қилувчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғини қайтариш белгиланганлигидан ғараз мақсадларда фойдаланиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини сохталаштириб, шунингдек, сохта тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги маблағларни ўзлаштириб келишган.

Суд, шунингдек, судланувчиларнинг жиноий фаолият олиб бориш йўлида ҳар бирига алоҳида вазифалар тақсимлангани сабабли ушбу иш «уюшган гуруҳ» томонидан содир этилган деб топган.

Жиноий иш доирасида А. Сотволдиевдан ташқари турли МЧЖларни ташкил этган шахслар, «қўғирчоқ» директорлар, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг масъул ходимлари, ҳисобчилар ва бошқалар бор.

Судда аниқлашича, жиноий гуруҳ хатти-ҳаракатлари натижасида қарийб 168 млрд сўмлик маблағ транспорт воситалари, кўчмас мулк, тадбиркорлик субъектлари сотиб олиш йўли билан легаллаштирилган.

Судда аниқланган юзлаб сохта амалиётлардан бирида, жумладан, «Zumrad Textil» МЧЖнинг гуёки Қирғиз Республикасига 185 млн 416,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги ҳар хил трикотаж ва текстиль маҳсулотларини экспорт қилингани айтилади.

Бироқ, суриштирувларда Қирғиз Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона хизматининг тегишли хатлари олингани ва бу хатларда мамлакатдаги номлари саналган фирмалар Ўзбекистондан бирор маҳсулот импорт қилмагани, шу билан бирга, айрим корхоналар фаолияти аллақачон тўхтатилгани аниқланган. Судланувчилар эса бу ҳолатда ҳам тегишли маҳсулотлар экспорт қилингани ҳақидаги ҳужжатларни сохталаштирган ва бюджетдан ҚҚСни қайтариб олиш схемасини ишлатиб келишган.

Суд ишни ЖКнинг қатор моддалари, жумладан, 167-моддаси 3-қисми «а,в» бандлари, 25,167-моддаси 3-қисми «а,в» бандлари, 28,209-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари, 211-моддаси 3-қисми «б» банди, 212-моддаси 3-қисми «в» банди, 228-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари ва 243-моддаси билан кўриб чиққан.

А.Сотволдиев эса суд ҳукмига кўра, юқорида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган ва узил-кесил ўташ учун, 3 йил муддатга моддий ва мансабдор шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилиб, айримлари шартли жазо олган.

Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг жиноий гуруҳнинг асосий ташкилотчи ва ижрочилари давлатга етказилган қарийб 168 млрд сўмлик зарарни солидар тартибда қайтариши белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг