Энергетика вазирлигига мавсумий «лимит»лар муддатини ўзгартириш ваколати берилди

Энди ижтимоий норманинг иситиш ва бошқа мавсумлардаги амал қилиш муддати ўзгариши мумкин. Бу бўйича 28 феврал куни ҳукумат қарори қабул қилинган.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилнинг 16 апрелдаги аҳоли учун электр энергияси ва табиий газнинг бир ойлик истеъмолига базавий меъёр белгилашга қаратилган тегишли қарорига ўзгартириш киритилди.
Хусусан, ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб, Энергетика вазирлигига мазкур базавий меъёрларнинг иситиш ва бошқа мавсумлардаги амал қилиш муддатларига ўзгартириш киритиш ваколати берилди.
Бунда тегишли ўзгартиришлар Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.
Шунингдек, вазирлик, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» ижтимоий нормаларнинг амал қилиш муддатларига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида ўзининг расмий веб-сайти ва ОАВ орқали эълон қилади.
Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов зиммасига юклатилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter