Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алиментдан қочиб юрган ота «тузоққа тушди»…

Алиментдан қочиб юрган ота «тузоққа тушди»…

Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Чимбой судининг ижро ҳужжатига асосан ундирувчи А.Ж фойдасига тарбиясидаги икки нафар фарзанди таъминоти учун қарздор И.К.дан алимент ундириш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида қарздорнинг яшаш манзилига 2021 йил 22 май санасида борилганида, қарздор ушбу манзилда йўқлиги, яқин қариндошининг кўрсатмасига кўра у ижро ҳаракатлари бошланмасидан олдин, яъни 2020 йилнинг мартида Қозоғистон Республикасига чиқиб кетганлиги аниқланган.

Шу сабабли, унга нисбатан Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.

Бугунги кунга келиб қарздор И.К.нинг алимент тўловларидан қарздорлиги 55 млн сўмдан ошиб кетган.

Қарздор жорий йилнинг 29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси чегарасига кириб келган ва ундирувчи А.Ж.га телефон орқали алоқага чиқиб алимент тўлашни тугатиб бирга яшаш истагини билдирган. Бу ҳақида ундирувчи А.Ж. Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими давлат ижрочисига хабар бериб, қарздорга нисбатан қонуний чора кўриб беришини сўраган.

Шунда, МИБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шуъбаси ходимлари  қарздорни ушлаш режаси тузилиб, ундирувчи Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлимига чақирилган ва унга қарздорга қўнғироқ қилиб, гўёки ярашиш нияти борлигини, бу учун у Бюрога келиши кераклигини айтиш тайинланган.

Режага кўра ундирувчи қарздорга қўнғироқ қилиб, уни Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлимига жорий йилнинг 11 декабрь куни чақириб олган.

Қарздор И.К. Бюронинг Беруний туман бўлимига келган заҳоти у алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Беруний туман судига юборилган ва суд томонидан шу куннинг ўзида қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг