Шукур Бурҳоннинг пули ва Эркин Комилов ҳангомаси
Шоир Ёнғин Мирзо бўлим мудири, шоир Отаёр ва мен адабий ходим эдик, Отаёр кино санъати билан, мен театр санъати билан шуғулланар эдим. Иш жараёнида театрлар жамоалари билан яқинлашиб кетдим. Айниқса, Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Миллий театр) санъаткорлари билан қадрдонлашиб қолдим. Улар қаерга гастролга йўл олса, мен ҳам бирга борардим...
Театр жамоаси 1977 йил апрель ойида Москвага гастролга жўнади. Москвадаги Малий театр саҳнасида «Инқилоб тонги», «Қиёмат қарз», «Келинлар қўзғолони», «Мен Чилига ишонаман» каби спектакллар намойиш этилди. Шу воқеанинг гувоҳи сифатида айтаманки, театримизнинг ҳар бир спектакли аншлаг бўлди. Бу совет замонида миллий театр учун катта воқеа эди.
Гастроль бошланишидан олдин ва гастроль давомида ҳар куни материал жўнатиб турдим газетага. У вақтларда ҳозирги техник имкониятлар қаёқда дейсиз! Уйга хотинимга телефонда айтиб тураман, у ёзиб олиб, кейин машинкада кўчиради. Сўнгра таҳририятга элтиб беради.
Бир куни тушликда «Москва» меҳмонхонасининг ресторанига овқатлангани кирдик. Кимдир менга, сизни Шукур ака чақиряпти, деди. Қарасам уч-тўрт стол нарида Шукур Бурҳонов ўтирибди, бир ўзи. Бордим, салом-алик қилдик.
– Ўтир, – деди Шукур ака ёнидан жой кўрсатиб. – Ўлмас аканг (Ўлмас Умарбеков) телефон қилди. «Қиёмат қарз» ҳақида ёзган экансан. Москванинг катта-катта олимларининг гапини берибсан. Яхши ёзибсан. Ўлмас акангга маъқул бўпти. Раҳмат айтди санга.
Бу гапдан хурсанд бўлдим. Ахир ёш мухбирга Шукур Бурҳоновдай улуғ актёр, Ўлмас Умарбековдай ёзувчи ва драматург яхши фикр билдирса қувонмайдими? Шукур акага миннатдорлик билдириб, ўрнимдан турдим.
– Қаёққа? – деди улуғ актёр ўзига хос жарангдор овозда.
– Шерикларимнинг олдига борай.
Шукур ака қўлини силтади.
– Ўтир, бирга овқатланамиз. Шерикларинг ўзлари овқатланаверсин, – деди.
Ноилож ўтирдим. Албатта Шукур Бурҳоновдай буюк актёр билан бир столда ўтириш, бирга овқатланиш ҳар ким учун, айниқса, мен каби ёш мухбир учун катта шараф. Аммо хижолат бўлдим, шерикларим гўё мени сурбетлик билан машҳур санъаткорнинг ёнига ўтириб олди, деб ўйлаётгандай туюлди. Шу ўйларимни сезгандай менга таскин берди Шукур ака:
– Хижолат бўлма. Ҳамма билиб турибди ўзинг келмаганингни менинг ёнимга... Шукур Бурҳон – народний артист СССР ўзи чақирмаса ҳеч ким ўзича унинг олдига келмайди, тем более овқатга, – гулдирак овозда кулди.
Очиғи, тортиниб, ийманиб овқатландим. У кишининг салобати босди.
Овқат еб бўлгач, пул тўлаш учун чўнтагимни кавлаётган эдим, қўлимни ушлади.
– Сан жим ўтир. Шукур Бурҳонни пули таварук.
Ўша «таварук» пулга еган овқатим, гарчи унча татимаган бўлса-да, ҳамманинг ҳавасини келтиргани рост.
«Я ПРОСТИЛА»
Ўша гастроль кунлари халқ артистлари, ёши катта санъаткорлар «Москва» меҳмонхонасида, ёшлар Москванинг чеккароқ мавзесидаги «Балтика» меҳмонхонасида турди. Мен, телевидениедан борган Эгамберди Мусаев ҳам ёшлар қаторида эдик. Ҳар кун спектаклдан кейин махсус автобус Малий театр олдидан «Балтика» меҳмонхонасига олиб боради.
Бир куни энди ухламоқчи бўлиб ётган эдим, Ўсар (бош режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ёрдамчиси) ҳовлиқиб кириб келди.
– Ака, тез юринг, Эркин аканинг мазаси қочиб қолди, – деди.
– Нимага мазаси қочади? Ҳозир бирга келдик, туппа-тузук эди-ку?
– Билмадим... Тезроқ юринг, дўхтир чақириш керак.
Ўсар – жуссаси кичкина, бўйи бир метрдан сал баландроқ, аммо жуда чаққон, ҳар нарсадан хабардор, гапга чечан, оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтадиган уддабурон йигит. У шундай гапирардики, ростдан ҳам Эркин Комиловнинг аҳволи оғир деган хаёлга борарди ҳар қандай одам.
Апил-тапил кийиниб, Эркиннинг хонасига югурдим. Кирсам Эркин яланғоч ётибди каравотда. Бутун бадани қизариб кетган, баъзи жойлари шишганга ҳам ўхшайди. Ўсар мендан олдин бошқаларни ҳам чақирган шекилли, уч-тўрт киши ўтирарди ёнида. Қўрқиб кетдим.
– Нима бўлди? Дўхтир чақирдиларингми?
Эгамберди Мусаев ҳам шу ерда экан.
– «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилдик, – деди Эгамберди. – Ҳозир келиб қолади.
Маълум бўлишича, спектакль бошланишидан олдин Эркин ўзини сал лоҳас сезибди, шамолладим деб қандайдир дори ичибди. Дори реакция бериб, аллергиясини қўзитиб юборибди. Ўша куни «Келинлар қўзғолони» эди. Бу спектаклда Эркин мухбир ролини ижро этарди.
Эркин оғир бемор каби инқиллаб гапирди:
– Спектаклни базўр ўйнадим... Ролим тугаши билан чиқиб кетдим. Эътибор берган бўлсанг, поклонга ҳам чиқолмадим.
Эркин Комилов билан бир вақтда ўқиганмиз: мен Тошкент давлат университетида, у Театр ва рассомлик санъат институтида. Қачон, қаерда, қандай танишганмиз эсимда йўқ. Аммо худди болаликдан танишлардай, синфдош жўралардай қадрдон бўлиб кетганмиз, оилавий борди-келдиларимиз бор. Шу туфайли бир-биримизга сенсираб мурожаат қиламиз.
«Тез ёрдам» келди. Врач ёшгина, келишган, истараси иссиқ жувон экан. Эркинни кўриши билан «Боже мой, какая сильная аллергия» деди. Қон босимини ўлчади, фонендоскопини қўйиб, юрак уришини эшитди. Нима бўлди, деб сўради.
– Я простила, – деди Эркин. – Потом...
Ҳамма кулиб юборди. Врач ҳам ўзини тутолмади. Эркин булар нимага кулади, деб ҳайрон. Эгамберди бўлган воқеани тушунтириб берди. Врач «понятна» деди-да, бирга келган шеригига қанақа дорилардан укол қилишни буюрди. Қараб турибман, Эркиннинг икки кўзи врачда. Аввалига ундан мадад кутиб кўз узмаяпти, деб ўйладим. Шу маҳал нима дейди денг:
– Маматқул, қара, кўзлари жуда чиройли экан-а... Кулиши ҳам ёқимли, – деса бўладими!
Яна ҳамма кулиб юборди. Бу сафар врач ҳайрон: булар нега куляпти, деб. Ҳатто бир оз қизарди ҳам. Буни кўриб Эркиннинг касали ҳам эсидан чиқдими ёки укол дарров таъсир қилдими, сайрай бошлади:
– Юзларини қара, нақш олмадай.
– Э, ўчир, – дедим. – Касалмисан ё ҳаммани лақиллатиб ётибсанми?
Уколнинг таъсирини кузатиб ўтирган врач Эркиндан сўради:
– Как вы себя чувствуйте? Легче?
Эркин кўзлари ўйноқлаб мендан сўради:
– Нима деяпти?
Ҳазил қилгим келди:
– Жим ётмасанг ўласан, деяпти.
Эркин ҳингир-ҳингир кулди, кўзини врачдан узмайди.
– Жа гапни опқочасан-да журналистман, деб. Аҳволингиз қалай, деяпти-ку, – деди.
– Тушунаётган экансан, нимага мендан сўрайсан?
– Сен ҳам тушунаяпсанми-йўқми, билмоқчи бўлдим-да, – деди яна ҳиринглаб.
Мен ўзимни жаҳли чиққан каби кўрсатиб, Ўсарга қарадим.
– Шунча одамни уйқудан қолдириб, нимага ваҳима қилиб юрибсан? – дедим. – Буни бало ҳам урмайди. Бу қип-қизил артист-ку.
Эркин энди баралла кулди:
– Мухбир ролини ўйнасам мухбир бўлиб қолармидим?.. Мен актёрман, билдингми, зўр актёрман. Шукур Бурҳоннинг шогирдиман.
– Шукур ака сенга ўхшаган майнавозчимас, – дедим.
«Тез ёрдам» кетди. Биз ҳам тарқалдик.
Маматқул Ҳазратқулов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter