Ўзбекистон тасвирий санъат галереясининг 20 йиллигига бағишланган кўргазма ўтказилди
2004 йилда, Мустақиллик куни арафасида очилган Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси мана 20 йилдирки, томошабинларни мамлакатимизнинг бой бадиий маданияти ва хорижий мамлакатларнинг санъати билан таништириб келмоқда.
Фаолияти даврида Галереяда нафақат республика, минтақа аҳамиятига, балки халқаро аҳамиятга ҳам молик бўлган турли кенг кўламли маданий тадбирлар ўтказилди. Ҳозирги вақтда Галерея бу – фақат республикадагина эмас, балки чет элда ҳам машҳур бўлган, ўзига хос маданий марказдир.
Бугунги ўзбек рассомларининг ижоди умумий кўринишда яхлит ўзбек маданиятининг миллий ўзига хослигини шакллантирадиган турли бадиий мактаблар, анъаналар, ижодий изланишлар уйғунлигини намоён қилади. Баъзи рассомларнинг ижодида асрлар қаъридан келаётган миллий қирраларнинг йиғиндиси тўлиқроқ акс этса, бошқаларининг ижодида фақат ўтган йиллар тажрибасигина эмас, балки ҳам ХХ-аср бадиий амалиёти, ҳам замонавий воқеликдан бунёд бўлган янгилик сезилиб туради.
Галерея очилганининг 20 йиллигига бағишланган кўргазма томошабинга қуйидаги экспозицияларни тақдим этади:
- Ўзбекистон тасвирий санъатининг вужудга келиши манбалари бошида турган П. Бенков, Л. Буре, О. Татевосян, З. Ковалевская, В. Уфимсев, Н. Кашина, Р. Ахмедов, Р. Темуров, Н. Қўзибоев каби ва бошқа кўп рассомларнинг асарлари тақдим этилган «ХХ асрнинг биринчи ярмидаги Ўзбекистон санъати». Бадиий-услубий йўналишларнинг кўп қирралиги ва ўзаро таъсири, кенг мавзу доираси, ижодий индивидуалликларнинг хилма-хиллиги уларнинг ижодини бошқалардан ажратиб туради;
- Замонавий Ўзбекистон тасвирий санъати Акмал Нур, Ф. Аҳмадалиев, Ғ. Қодиров, Р. Акромов, Ш. Абдуллаева,М. Эсонов, М Қорабоев каби замонавий рассомлар ижодида яққол намоён бўлади. Тарихий-маданий мерос ва миллий бадиий анъаналарни англаш, сақлаб қолиш ва ривожлантириш экспозициянинг бу бўлимида ўз аксини топади.
- «Графика». График асарлар коллекцияси Ўзбекистонда графика санъатининг юзага келиши ва ривожланишини намойиш қилади. Ҳар бир асар томошабинни ўзининг сюжетли мазмундорлиги билан лол қолдиради ва ўзига жалб этади, композицион тузилиш, жонли чизиқлар ва кўп жилоли ранглар томошабинга ҳайратланарли оламга шўнғиш имконини беради. Экспозициянинг бу бўлими амалда 100 йилни қамраб олган кенг вақт диапазони ва В. Уфимсев, Н. Кашина, М. Курзин, Ч. Аҳмаров, М. Кагаров, Л. Ибрагимов, А. Мамажонов, Н. Холматов, Д. Каипова, В. Усеинов, Т. Фадеэва, Г. Султонова, Л. Бобоева каби бошқа кўп муаллифлар орқали тақдим этилган.
- «Шакл ва макон». Галерея коллекциясидаги ҳайкалтарошлик асарлари, авваламбор, борлиқни ўзига хос тарзда кўриш, уни ҳис қилиш, бадиий ифодалилик, атрофимизда рўй бераётган ўзгаришлар жараёнига муносабатни мужассамлаштирган. Кўргазмада Ўзбекистоннинг Азамат Ҳотамов, Қурбон Норхўрозов, Дарибай Тожимуротов, Тўлаган Тожихўжаев Тўлаган Ёрқулов, Туркман Эсонов, Эргашали Тожибоев, Равшан Миртожиев, Людвиг Нестерович, Назира Қўзиева, Марина Бородина, Ануш Авакян, Абдуғаффор Эсоналиев, Алберт Овсепян, Василий Попов, Мухтор Облоқулов, Баёт Мухторов ва Улаш Ўроқов каби ҳайкалтарошларининг асарлари тақдим этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter