Ёзувчи Шодмон Отабек вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи, «Хабар» газетасининг биринчи бош муҳаррири Шодмон Отабек 79 ёшида оламдан ўтди.
Шодмон Отабек 1946 йили Андижон вилоятининг Ширмонбулоқ қишлоғида туғилган. 1969 йили Тошкент давлат университети (Миллий университет)ни тамомлаган.
Республика радиоси, Ўзбекистон Миллий кинокомпанияси, Тошкент давлат маданият институти ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ишлаган. 1992 йилдан 2003 йилгача «Хабар» газетасида бош муҳаррир лавозимида фолият олиб борган.
Тўрт марта нашр қилинган «Дўрмон ҳангомалари» китоби Шодмон Отабекка машҳурлик келтирган.
Шунингдек, турли йилларда унинг «Мирзакалон Исмоилий» (1978), «Япроқдаги нур» (1979), «Одамийлик синовлари» (1986), «Энг бахтли кун», «Қорбўрон», (1988, 2009), «Шахмат абадийдир» (1990), «Ширмонбулоқ оқшомлари» (1995) каби китоблари, шунингдек, «Яхши кунларда кўришайлик», «Биркам дунё» қиссалари чоп этилган. 2010 йили «Мирзакалон Исмоилий сабоқлари» китоби нашрдан чиққан.
Шодмон Отабек бадиий таржима билан ҳам жиддий шуғулланган. У Л.Толстой, М.Зошченко, В.Шукшин, Б.Сарнов, Е.Гик, А.Несин асарларини маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган. Л.Толстойнинг болаларга атаб ёзган ҳикоялари ва Азиз Несиннинг ҳажвий ҳикояларини алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Шодмон Отабекнинг асарлари рус, украин, қозоқ, турк тилларига таржима қилинган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Xabar.uz жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлдик билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter