Қарздор ота алимент эвазига фарзандларига икки хоналик уй берди

Бухорода ота икки нафар фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган давр учун алимент тўловлари эвазига 2 хонали уй берди. Бу ҳақда “Xabar.uz’га МИБнинг Бухоро вилояти бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимов маълум қилди.
Таъкидланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 12.07.2023 йилдаги суд ҳужжатига асосан, қарздор Н.Ҳ.дан ундирувчи фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзданлари моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Ота тўловни пайсалга солиб, собиқ турмуш ўртоғига турли баҳоналарни рўкач қилган ҳолда тегишли тартибда идораларга мурожаат қилмасликни сўраб келган. Бироқ, ижро ҳаракатлари Бюронинг Когон туман бўлими томонидан олиб борилган. Алимент тўловларидан бўлган қарздорлик учун қарздорнинг четга чиқишига вақтинча чеклов қўйилган. Шундан сўнг фуқаро Н.Ҳ. қонун мажбуриятларидан қочиб кета олмаслигини тушуниб етган. Қарздор ижро ҳужжати талабларини бажариш, низоли ҳолатни ҳал қилиш ва тарафларнинг ҳамкорлиги асосида ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида профессионал медиаторга мурожаат қилган. Профессионал медиатор иштирокида қарздор ва ундирувчи ўртасида тузилган медиатив келишувга кўра, қарздор ота икки нафар фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган давр учун алимент тўловлари эвазига Когон шаҳрида жойлашган 2 хонали уйни ундирувчи номига расмийлаштириб берган.
“Медиация” қонун нормаси тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида самарали тадбиқ этиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида иш юритувдаги алимент ундируви билан боғлиқ 16 439та ижро ҳужжатлари кўриб чиқилган. Оилалар олиб борилган суҳбат ва тушунтиришлар натижасида 580 та оила яраштирилган. Шунингдек, 24 миллиард 972 миллион сўм миқдоридаги алимент тўловлари медиация шаклида ундирилган”,-дейди Ихтиёр Олимов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter