Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дизраэли: адабиётда мағлубият, сиёсатда муваффақият

Дизраэли:  адабиётда мағлубият, сиёсатда муваффақият

Англия бош вазири Бенжамин Дизраэли ўзининг кучли иродаси туфайли юксак мавқега йўналган ягона мақсадига эришган. У ўз фаолиятини ёзувчи сифатида бошлаган, аммо бу соҳада ном чиқара олмаганди. Гарчанд бир олам китоб чоп эттирса-да, улардан бирортаси ҳам омма орасида машҳур бўлмади...

Адабиётда мағлубиятга учраган Дизраэли ўз муваффақиятсизлигини бошқа соҳада янада кўпроқ ҳаракат қилиш кераклиги ҳақидаги чақириқ сифатида тушунди. У сиёсат билан шуғулланишга аҳд қилди. Ўз олдига бағоят улкан британ империясига бош вазир бўлишдек мақсадни қўйди.

1837 йилда Дизраэли парламент аъзолигига сайланди, аммо унинг парламент мажлисида сўзлаган нутқи бир овоздан мутлақо муваффақиятсиз чиққан, деб топилди. Дизраэли бу омадсизлигини «яна бир бор ҳаракат қилиб кўриш ҳақидаги чақириқ» деб англади. У заррача чекинишни ўйламай, 1858 йилда Вакиллар палатаси аъзоси бўлди. Кейинроқ молия вазири лавозимини эгаллади. 1868 йилда эса ўзининг туб мақсадини амалга оширди ─ бош вазир курсисига ўтирди.

Аммо сиёсатда курашлар асло сусаймайди. Парламентда кучли мухолиф билан олиб борган кураш натижасида Дизраэли истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Бироқ у ўзининг вақтинчалик мағлубиятини муваффақиятсизлик деб ҳисоблаш фикридан узоқ эди ва иккинчи марта бош вазир бўлишга эришди. Дизраэли буюк империянинг яратувчисига айланди ва ўз таъсир кўламини кўпгина йўналишларга ўтказди.

Энг оғир вазиятларда Дизраэли улкан ирода кучига таянди. Бу куч уни кутилмаган омадсизликларда қўллаб-қувватлади ва ғалаба туҳфа этди. Қўлга киритилган муваффақиятларининг моҳияти нимада эканлиги сўралганида, Дизраэли бир жумла билан шундай жавоб берган эди: «Муваффақиятнинг сири – мақсаднинг доимийлигида».

Афсуски, жуда кўплаб одамлар муваффақиятсизликка йўлиққач, дарров ортга чекинадилар. Ваҳоланки, аксар ҳолларда уларни ғалабадан бор-йўғи бир қадам ажратиб турган бўлади.

Муваққиятсизлик ва тушкунликни бартараф этишнинг битта қоидаси мавжуд: салбий ҳиссиётларни муайян ҳаракатлар режасига айлантириш керак. Бу шундай қоидаки, унинг асло муқобили йўқ.

Сиздаги онг қурилмаси ҳаётингизнинг асосий ҳолати бўлиб, унинг устидан тўлиқ назорат ўрнатишингиз керак. Бу имтиёз ўз навбатида жуда катта масъулиятни қамраб олади. Шу тариқа у ҳаётингизда сал бўлмаса асосий белгиловчи омилга айланиши мумкин. Агар сиз бу имтиёзни эҳтиёт қилмасангиз, муайян мақсадни амалга ошириш учун ички онгли қурилмани шакллантиришни истамасангиз, ихтиёрингиздан ташқаридаги ҳаётий вазиятлар бу ишни сиз учун бажаради ва натижа кўпинча жудаям ёқимсиз бўлади!

Агар онг қурилмангизни керакли тарзда «созласангиз», у сизни ўзингиз истаган мақсад сари олиб боради. Борди-ю, акси бўлса, яъни ҳукмингиздан ташқаридаги вазиятлар онгингиз қурилмасини шакллантиришига имкон яратсангиз, улар сизни сўзсиз равишда ҳаётнинг улкан дарёсидаги муваффақиятсизликлар қирғоғи томон элтади.

Шундай экан, ҳаётингизни тўла-тўкис назорат қилиш учун иродангизни жамланг. Сизнинг миянгиз ─ сизнинг қулингиз. У барча истакларингизни адо этади. Ана шунда бирор киши сизга ихтиёрингиздан ташқари заррача таъсир кўрсата олмайди. Ақл-идрокингизни ишга солиб, уни кучларингиз хизматига қўйинг.

Эркинлик, мустақиллик ва молиявий таянч – булар ўзини тута олиш натижасида ифодаланадиган шахсий ташаббус натижаларидир. Ҳар бир инсонда мавжуд бўлган бу истак-хоҳишларни бошқа бирорта усул билан амалга ошириш мумкин эмас.

Сиз қаерда бўлманг, ким бўлманг, ўзлигингизча қолаверасиз, чунки онгли ички қурилмангиз айнан шуни тақозо этади.

(Наполеон Хилл китобидан)

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг