Истироҳат боғлари ва хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқловчи қонунни Сенат маъқуллади

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисда «Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, ер ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик, шаҳарсозлик регламентлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ер участкаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини аниқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шунингдек, республикада скверлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, сайилгоҳлар ҳудудларини ҳамда уларда экилган дарахтлар муҳофаза қилинишини кучайтириш, улар ерларида бино ва иншоотлар қурилишини олдини олиш чораларини кўриш лозим.
Қонун билан ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилиши, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, ҳудудларини қисқартириш, уларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланиши қатъий белгиланмоқда.
Ушбу чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши, ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланган ҳолда ботаника боғларининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Қонун билан Ер кодекси алоҳида боб билан тўлдирилиб, ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш тизимини жорий этиш, уларни белгилаш ва ўзгартириш тартиби татбиқ этилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш, ер фондининг барча тоифаларидаги ер участкаларини бозор ва кадастр баҳолаш сифатини яхшилаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлигини ошириш ва соҳада назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилади, дейилади хабарда.
Шунингдек, маданий ҳордиқ масканлари ва уларнинг ҳудудларини сақлаб қолиш, ботаника боғлари ва уларнинг ерларини бегоналаштириш, ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтиришни тақиқлайди ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter