Трампнинг фармони олти миллиондан зиёд афғонистонликни очликка маҳкум қилиши мумкин

Доналд Трампнинг ташқи ёрдамни тўхтатиш ва инсонпарварлик миссияларини молиялаштиришни қисқартириш тўғрисидаги фармони Афғонистонда яшовчи олти миллиондан ортиқ инсонни озиқ-овқат етишмовчилигига рўбарў қилиши мумкин, деб хабар берди Reuters.
БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, Афғонистонда тахминан 15 миллион киши озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекмоқда.
Айни вазиятда етказилаётган озиқ-овқат уларнинг ярмига ҳам етмаслиги хавфи бор. «Бу кунига бир ёки икки марта, шунда ҳам фақат чой ва нон билан жон сақлаётган 6 миллиондан зиёд одамлар. Афсуски, ёрдамдан маҳрум қилинган кўплаб одамлар учун вазият айни пайтда шундай», — деди БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги раҳбари Сяо-Вей Reuters журналистлари билан суҳбатда.
Мамлакат иқтисодиётидаги муаммолар толибон Афғонистонни қўлга олганидан сўнг бошланган. Шундан сўнг инсонпарварлик кўмаги кўрсатувчи нотижорат ташкилотлар учун Афғонистонга кириш қийинлашди.
Маълумот учун: 2024 йилда Афғонистонга йўналтирилган инсонпарварлик миссияларининг 40 фоизидан зиёдроғини АҚШ молиялаштирган. Трампнинг фармони афғонистонликларга анча мушкулотлар туғдириши тайин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter