Трамп Канада 51-штатга айланса солиқларни тенг ярмига қисқартирмоқчи
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 25 декабрь, чоршанба куни Рождество байрамида қилган мурожаатида, агар Канада Американинг 51-штатига айланса, уларнинг солиқларини ярмига камайтиришга ваъда берди.
У, шунингдек, Канада бош вазири Жастин Трюдони «губернатор» деб атаган.
«Канада губернатори Жастин Трюдони Рождество байрами билан табриклайман. Унинг фуқаролари юқори солиққа тортиб келинади, аммо агар Канада 51-штат бўлса, уларнинг солиқлари 60 фоиздан кўпроқ қисқартирилади, уларнинг бизнеси икки баравар кўпаяди ва улар дунёдаги бошқа ҳеч қандай давлатда бўлмагани каби ҳимояланган бўлар эди», – деб ёзади у ўзининг «Truth Social» саҳифасида.
Бундан олдин, 10 декабрь куни ҳам Трамп Канада ва Мексика АҚШ штатларига айланиши мумкинлигини айтганди. Кейинчалик, 17 декабрь куни ОАВ Канада АҚШ билан чегарасини ҳимоя қилиш учун 900 миллион доллар сарфлаши ҳақида хабар тарқатди.
Аввалроқ, 3 декабрь куни Трамп Канада бош вазири Жастин Трюдо билан учрашувда Оттава ноқонуний миграция ва гиёҳванд моддалар контрабандаси муаммосини ҳал қила олмаса, мамлакат АҚШнинг 51-штатига айланиши мумкинлигини айтган эди.
26 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти ўзининг инаугурация куни, агар Оттава ва Мехико Канада чегараси орқали ноқонуний миграция билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартира олмаса, иккала давлатнинг барча товарларига 25 фоизлик импорт божлари жорий этишини таъкидлади.
Bloomberg нашри Трюдо, агар шундай иқтисодий чоралар жорий этилса, у жавоб чораларини кўришига ваъда берганини ёзди. Канада бош вазири мумкин бўлган санкцияларни Канада иқтисодиёти учун адолатсиз ва бузғунчи деб ҳисоблашини маълум қилган.
Associated Press агентлигининг хабар беришича, Мексика президенти Клаудия Шейнбаум ҳам тарифлар жорий қилинган тақдирда жавоб чораларини кўришга тайёрлигини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter