Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Толибон» вазирига қарши суиқасдни ким уюштиргани маълум бўлди

«Толибон» вазирига қарши суиқасдни ким уюштиргани маълум бўлди

Вашингтон Халил ар-Раҳмон Ҳаққоний ҳақидаги маълумот учун 5 млн доллар ваъда қилган эди.

ИШИД террор ташкилоти «Толибон» муваққат ҳукуматининг муҳожирлар ишлари бўйича вазири Халил ар-Раҳмон Ҳаққонийнинг ўлимига олиб келган теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олди, деб хабар берди TRT.

Террорчи ташкилот суиқасднинг асосий нишони айнан Халил ар-Раҳмон Ҳаққоний бўлганини маълум қилган.

11 декабрь куни Кобулда муҳожирлар ишлари бўйича вазирлик биносида рўй берган портлаш оқибатида вазир Ҳаққоний ва яна бир неча киши ҳалок бўлганди.

Хавфсизлик тизимини айланиб ўтган ҳолда вазирлик биноси ичига киришга муваффақ бўлган худкуш шахс Ҳаққоний қўриқчилари ҳамроҳлигида бинодан чиқаётган пайтда белига боғланган бомбани портлатган.

58 ёшли муҳожирлар ишлари бўйича вазир Ҳаққонийлар хонадонининг таниқли вакилларидан бири бўлган. У амалдаги ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакисидир.

Афғонистон ҳокимиятига толиблар ҳаракати келган 2021 йил август ойидан буён мамлакатда бир неча теракт содир этилди. Аммо вазир даражасидаги мансабдорнинг қўпорувчилик ҳаракати қурбони бўлиши илк бор кузатилмоқда. Шунга кўра айрим таҳлилчилар сўнгги терактни ИШИДнинг Ҳаққонийлар оиласига қарши уруш очгани аломати деб баҳоламоқда. 

Халил ар-Раҳмон Ҳаққоний«Толибон» ҳаракати учун маблағ йиғишда муҳим ўрин тутгани, хусусан, Кўрфаз мамлакатлари билан яқин алоқаларга эга бўлгани айтилади.

Аввалроқ Халил ар-Раҳмон Ҳаққонийга қарши суиқасдда Покистоннинг қўли борлиги ҳақида тахмин илгари сурилганди.

«Эътиборли жиҳати, Халил ар-Раҳмон Ҳаққоний суиқасдини қоралаган ягона давлат ҳам ҳозирча Покистон бўлиб турибди. Покистон Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар X саҳифасида бу воқеадан «чуқур ҳайратда эканлиги, терроризмнинг ҳар қандай кўринишларини қоралаши ва Афғонистон муваққат ҳукумати билан алоқада эканлиги»ни маълум қилган. Агарда авваллари Халил ар-Раҳмон Ҳаққонийнинг биродари Жалолиддин Ҳаққоний (Ҳаққоний тармоғи асосчиси) билан Покистон разведка ташкилотининг алоқалари бўлгани ҳисобга олинса, юқоридаги суиқасддан тахминий 2 та хулосани келтириш мумкин: ёки «Ҳаққоний тармоғи» ҳозирда Покистон разведкаси билан бутунлай алоқани узган ва бошқа ташкилотлар учун ишлаяпти, ёки ҳокимият учун ички кураш кучайиши шароитидан келиб чиқилса, бу суиқасд ишида «Толибон» етакчисини ўзининг қўли бор», – деб ёзган эди ўзбекистонлик шарқшунос-афғоншунос Суҳроб Бўронов.

АҚШ ҳукумати марҳум Халил ар-Раҳмон Ҳаққонийни Афғонистонда сўнгги йигирма йилда содир этилган бир неча йирик терактга алоқадор деб топган ва уни ҳибсга олишга кўмак берадиган маълумот учун 5 млн доллар мукофот эълон қилган эди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг