Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия ТИВ раҳбари МДҲ давлатларидан келган мигрантлар учун виза режимига қарши чиқди

Россия ТИВ раҳбари МДҲ давлатларидан келган мигрантлар учун виза режимига қарши чиқди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Давлат думасидаги муҳокамаларда Марказий Осиё давлатларига виза жорий этиш борасидаги таклифларга муносабат билдирди. Рус бош дипломатига кўра, меҳнат муҳожирларига нисбатан виза тартибини қаттиқлаштириш Москванинг узоқ муддатли манфаатларига зиддир.

«Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Кавказорти ва бошқа собиқ (Иттифоқ) республикаларидан келаётган меҳнат муҳожирларига нисбатан ёндашувларни қаттиқлаштириш бизнинг узоқ муддатли манфаатларимизга тўғри келмаслигини инобатга оламиз. Албатта, тартиб-интизомга риоя этилиши керак. Бир қатор жуғрофий йўналишлардан келган мигрантлар томонидан кўплаб қоидабузарликлар содир этилган. Аммо биз уларнинг хулқ-атвори устидан назоратни кучайтириш тарафдоримиз, тўсиқлар қўйиш, айниқса, виза режими киритилишини ёқламаймиз», – деган Россия ташқи ишлар вазири.

Айни пайтда Сергей Лавров меҳнат муҳожирларининг «қаерларда юргани” қатъий назорат қилиниши лозимлигини урғулаган.

Рус сиёсатдонлари кўпдан бери  Марказий Осиё давлатларига нисбатан виза тартибини жорий этишни талаб қилиб келади. Масалан, «Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов ушбу таклифини «меҳнат миграцияси беқарорлаштирувчи криминоген омил» экани ҳамда  «Россия иқтисодиётини унинг ривожланишини секинлаштирадиган арзон ишчи кучидан ҳимоя қилиш» мақсади билан асослаган.

Ўтган йил декабрь ойида «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам Россия билан виза орқали кириш-чиқиш қилиш ташаббусини илгари сургани маълум.

Айни чоқда, таҳлилчилар россиялик сиёсатчиларнинг виза режими ҳақидаги гаплари шунчаки пўписа экани, Марказий Осиё давлатларининг иш топишга бўлган эҳтиёжидан кўра Россиянинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжи кучлироқ эканини айтиб келади.

Экспертларга кўра, виза тартибини жорий этиш Россиянинг на геосиёсий, на иқтисодий манфаатларига тўғри келади.

Миграция сиёсати бўйича глобал уюшма аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ирина Ивахнюкнинг таъкидлашича, виза тартиботи Кремлнинг ташқи сиёсатига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, демографик омил ҳам расмий Москвани визасиз режимни сақлаб қолишга мажбур этади.

Сўнгги йилларда Россияда хорижлик, жумладан, Марказий Осиёдан борган ишчиларга нисбатан сиёсат қаттиқлашган. Айниқса, 2024 йил март ойида «Крокус сити ҳолл»да рўй берган теракт ортидан муҳожирларга қарши рейдлар кўпайган.

Маълумотларга қараганда, Давлат думаси биргина 2024 йилда миграция сиёсатини қаттиқлаштиришга қаратилган 14 та қонун қабул қилган. Меҳнат муҳожирлари фаолият юритиши мумкин бўлган соҳалар сони кескин камайтирилган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг