Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Канада ҳеч қачон АҚШнинг бир қисмига айланмайди — бўлғуси бош вазир

Канада ҳеч қачон АҚШнинг бир қисмига айланмайди — бўлғуси бош вазир

Фото: Х/MarkJCarney

Канаданинг ҳукмрон Либерал партияси янги етакчиси, тез орада бош вазир лавозимида фаолият бошловчи Марк Карни Қўшма Штатларга ишонмаслигини айтди.

Якшанба, 9 март куни партия қурултойида сўзга чиққан Карни Канада ҳеч қачон АҚШнинг бир қисмига айланмаслигини таъкидлади, дейилади CBC News хабарида.

Сиёсатчи Доналд Трампнинг божларини мамлакат учун энг катта таҳдид деб баҳолади.

«Биламан, биз энди ишонмайдиган мамлакат туфайли бошимизга бу тунд кунлар тушди. Канада бирлашиб, бу карахтликдан ўнглана олади. Биз биргаликда инқирозни енгиб ўтамиз деб сизларга ваъда бераман», — деди Карни АҚШ жорий этган янги тарифлар ҳақида сўзларкан.

2025 йилнинг 9 март куни ҳукмрон Либерал партия Канада банкининг собиқ раҳбари Марк Карнини ўзига янги етакчи этиб танлади. У 2025 йил 20 октябрида ўтказиладиган навбатдаги парламент сайловига қадар, тез кунларда Канаданинг янги бош вазири лавозимида иш бошлайди.

Аввалроқ Жастин Трюдо, янги етакчи сайланганидан сўнг, Либерал партия раислигидан кетишини ва Канада бош вазири лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилганди. У Канада ҳукуматини 2015 йилдан буён бошқариб келмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг