АҚШ Венесуэла президенти дея тан олган номзод мамлакатдан қочиб кетди
Венесуэла мухолифатидан президентликка номзод мамлакатдан қочиб, Испаниядан бошпана сўради.
Николас Мадуронинг сўнгги президентлик сайловидаги асосий рақиби 75 ёшли Эдмундо Гонсалес Испания ҳарбий самолётида Мадридга йўл олди. Бу ҳақда Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес маълум қилди. Гонсалеснинг адвокати бу маълумотни AFP'га тасдиқлади.
Аввалроқ Венесуэла вице-президенти Делси Родригес Х ижтимоий тармоғида Гонсалес Испаниядан сиёсий бошпана сўрагани ҳақида ёзган эди. «Фуқаро Эдмундо Гонсалес Уррутиа бир неча кун олдин Испаниянинг Каракасдаги элчихонасидан бошпана сўраб, мамлакатни тарк этган». Вице-президентнинг таъкидлашича, Венесуэла расмийлари «мамлакатда осойишталик ва сиёсий муросага эришиш» учун мухолифат етакчисига тегмаган.
Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июль куни бўлиб ўтди. Мамлакат расмийлари овоз беришнинг батафсил натижаларини эълон қилмасдан, амалдаги давлат раҳбари Николас Мадурони ғолиб деб эълон қилди.
Мухолифат кенг кўламли сохталаштиришларни эълон қилди ва кўчаларда норозилик намойишлари бошланди. Тўқнашувлар натижасида 27 киши ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди. Охирги бир ой давомида полициядан қочиб юрган бирлашган мухолифат номзодини ҳибсга олиш учун ордер ҳам чиқарилган.
2 август куни Қўшма Штатлар Эдмундо Гонсалесни сайловнинг қонуний ғолиби дея баёнот эълон қилди. Бразилия, Мексика ва Колумбия етакчилари ҳам Мадуронинг ғалабасига шубҳа билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter