Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2 мартдан буён «осмон узоқ, ер қаттиқ»

2 мартдан буён «осмон узоқ, ер қаттиқ»

Фото: Reuters

Исроил маъмурияти Ғазо секторида вайронкор урушни қайта бошлаган бир вақтда ҳудуднинг икки миллиондан зиёд аҳолиси яна очлик хатарига рўбарў келди. Жорий йил 2 мартдан буён Ғазога озиқ-овқат ва дори-дармон келиши бутунлай тўхтаган.

Халқаро ташкилотлар ҳудуд аҳолиси бошига мисли кўрилмаган гуманитар фалокат соя солиб тургани ҳақида бонг урмоқда.

Исроил армияси 18 мартдан эътиборан АҚШнинг «оқ фотиҳаси» билан Ғазо секторига яна бомба ёғдира бошлади. 19 январдан кучга кирган сулҳ битими доирасида бироз тин олган ғазоликлар яна уруш домида қолди.

ҲАМАС Исроилни Ғазо бўйлаб ўт очишни тўхтатиш келишувини бекор қилиш учун қамалда қолган ва ҳимоясиз тинч аҳолига «хиёнаткор» ҳужум уюштирганлик ва ўзаро ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни «қасддан саботаж қилиш»да айблаган.

18 мартдан буён Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода камида 710 киши ҳалок бўлган. ЮНИСЕФга кўра, уларнинг 200 нафари болалардир. Исроилнинг ҳаво ҳужумлари тобора кучайиб бораётган бир пайтда қурбонлар сони янада ошиши аниқ бўлиб қолди.

Ҳудудда минг бир машаққат билан фаолият юритаётган тиббий ходимларнинг қайд этишича, соғлиқни сақлаш тизими буткул издан чиққани ва дори-дармон йўллари ёпилгани сабаб жароҳатланганларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони йўқ.

Қутқарув хизмати ходимлари ҳам керакли ускуна ва жиҳозлар йўқлиги боис вайроналар остида қолаётганларни олиб чиқа олмаётир.

Ғазо фуқаро мудофааси бошқармаси вакили Маҳмуд Басал Исроил ҳарбий учоқлари тинч аҳоли яширинган уй ва чодирларга бомба ёғдираётганини айтган.

Исроилнинг танловсиз бомба ёғдириши оқибатида Ғазодаги БМТга тегишли муассаса ҳам вайрон этилган, бир ходим ҳалок бўлган, беш киши жароҳатланган. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ташкилотга тегишли бинога ҳужум уюштирилганини қоралаб, текширув ўтказишга чақирган.

2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода 280 дан зиёд БМТ ходими ўлдирилган.

БМТ бош котиби ўт очишни тўхтатиш битимини тиклашни ҳам талаб қилган.

Исроил сўнгги 18 йил мобайнида Ғазо секторини ҳаво, денгиз ва қуруқлик йўли орқали блокада қилиб келмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар шароитида эса қамал шартлари янада қаттиқлашган.

Юз минглаб аҳоли, жумладан, болалар ва аёллар очликдан азият чекмоқда. Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳам 2 мартдан буён ҳудудга озиқ-овқат етказилиши тўхтагани оғир оқибатларга олиб келаётганидан огоҳлантирган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг