NASA Марс бўйича жуда муҳим баёнот бериши кутилмоқда
Бугун, 7 январ соат 23:00 да (Тошкент вақти) NASA маъмури Билл Нелсон ва унинг ўринбосари Ники Фокс жиддий муаммоларга дуч келган Mars Sample Return дастури ҳақида янгиланган ахборотни тақдим этади. Бу ҳақда ScienceAlert хабар берди.
NASA раҳбарияти энг муҳим фазовий дастурлардан бирининг қандай амалга ошаётгани тўғрисида бугун муҳим баёнот бериши кутилмоқда. Бу Mars Sample Return дастури бўлиб, Perseverance ровери бир неча йиллар давомида тўплаган Марс сайёраси тоғ жинслари намуналарини Ерга етказишга мўлжалланган.
Perseverance марсоходи 2021 йилдан буён Қизил сайёранинг бир неча ўнлаб тоғ жинслари ҳамда атмосфераси намуналарини тўплади. Бу намуналар ҳамон Марсда, махсус титан идишларда сақланмоқда, энди уларни Ерга олиб келиш керак ҳақида бош қотиришмоқда. Бу намуналар асосида олимлар Марснинг геологик тарихи, сайёранинг иқлим эволюциясини ўрганишади, у ерда ҳаёт бўлганми-йўқми, аниқлашга уриниб кўрадилар.
Мустақил экспертлар баҳолаши 2023 йилда Mars Sample Return дастурининг келажагини савол остига қўйди. Масалан, режада намуналарни Ерга 2030-йилларнинг бошларида келтириш мўлжалланган эди, кейин маълум бўлдики, буни камида 2040 йилгача уддалаш мушкул.
Бунинг устига харажатлар бошланғич 3 млрд доллардан 11 млрд долларгача ўсиб кетди, яъни дастур жуда қиммат, бюджетни қисқартириш талаб этиларди. Шундай бўлди ҳам, 2024 йилда NASA бюджети қисқартирилди, шунинг баробарида Mars Sample Return дастури харажатлари ҳам пасайтирилди.
Олимлар эса хавотирга тушиб қолишди, чунки ўта муҳим фазовий миссиялардан бири йўққа чиқиш, Марсда тўпланган намуналар шундоқлигича қолиб кетиш хавфи остида қолди. Шу муносабат билан 2024 йил апрелида баёнот берган Нелсон Mars Sample Return дастури бекор қилинмаслиги, бироқ унинг бюджетини қисқартириш ва миссияни 2040 йилгача тақамасдан амалга ошириш йўллари қидирилаётганини маълум қилди. Шу тариқа ўтган йил октябрида Марс дастурини янгитдан баҳолаш бўйича эксперт гуруҳи иш бошлади. Катта эҳтимол билан бугунги матбуот анжуманида гуруҳнинг ҳисоботи ҳам эшитилади.
NASA хавотирланаётган яна бир сабаб — Хитой. Гап шундаки, Хитой 2028 йилда Марсдан намуна келтириш ўз миссиясини жўнатишни режалаштирган. Улар намуналарни Ерга 2031 йилда олиб келишмоқчи. Агарда NASA ўз Марс дастури муаммоларини тезроқ ҳал этмаса ва аксинча, осиёликлар буни уддаласа, АҚШ фазовий пойгада Хитойга ютқазади.
Эслатиб ўтамиз, Марснинг тупроқ ва тош намуналари ҳали ҳеч қачон Ерга келтирилмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter