Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2025 йилда дарсликлар ижараси бепул бўлади

2025 йилда дарсликлар ижараси бепул бўлади

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқларда 2025 йилда мактабларда ўқувчилар учун дарсликлар ижараси бўйича тарқалган хабарлар юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 2025–2027 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия асосида ишлаб чиқилган Бюджетнома лойиҳасида 2025–2026-ўқув йилидан 2–11-синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини жорий этиш юзасидан тегишли таклифлар тақдим этилган.

Бюджет жараёнларини шакллантиришда вазирлик томонидан, биринчи навбатда, иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари ҳамда иқтисодий ва ижтимоий соҳанинг молиявий мутаносиблигини таъминлашда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажаришга устувор эътибор қаратилади. Бунда, самарадорликни ошириш мақсадида турли йўналишлар бўйича таҳлиллар ўтказилади.

Таъкидланишича, 2024 йилда мактаб ўқувчилари учун 83,2 млн нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун Давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилган. Ушбу маблағлардан 435,5 млрд сўми (ёки 36 фоизи) даврийлиги 1 йил ҳисобланадиган ҳамда ҳар йили янгидан чоп этиладиган машқ дафтарлари учун йўналтирилган.

2025 йилда эса 81 млн нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари учун жами 1,3 трлн сўм маблағларни тўлиқ Давлат бюджетидан қоплаш кўзда тутилган.

«Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги фаол фойдаланувчилар томонидан чоп этилган постларда Бюджет лойиҳасида Китоб жамғармаси харажат ва даромадлари кўрсатилмаганига эътибор қаратилган. Қайд этиш жоизки, Китоб жамғармаси фаолияти тўхтатилган ва янги жамғарма ташкил қилинмагани сабабли лойиҳада бу бўйича маълумотлар акс эттирилмаган.

2025 йил учун Давлат буюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради.

Бунда, ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган», дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг