Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

12 баллик жарима тизими: «права»сидан кимлар маҳрум бўлади?

12 баллик жарима тизими: «права»сидан кимлар маҳрум бўлади?

Йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузган ҳайдовчиларга нисбатан жарима баллари тизими жорий этилди. Бир йил давомида 12 балл тўплаганлар суд қарори билан камида олти ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади.

Ушбу тартиб ҳақида эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда турли муҳокамалар келиб чиқди. Кимдир буни оқлади, кимдир қарши чиқди.

Одатда, аксар эътирозлар маълумотларнинг етарли бўлмаслиги ёки тушунмовчиликлар ортидан ҳам келиб чиқади. Қуйида ушбу тизим ҳақида кўпчиликни ўйлантирадиган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Жарима баллари қандай ҳисобланади?

Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач, транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.

Яъни, бир йил давомида 12 балл тўпламасангиз, сизга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлиш хавфи тушмайди. Бир йил давомида 12 балл тўплаш эса, ишонаверинг, «осон эмас». Негалигини қуйироқда тушунтирамиз.

Бундай жазолаш шартмиди?

«Радарларга, камераларга тушганимиз учун жарима тўлаётганимиз каммиди, нега энди қўшимчасига жарима баллари ҳам тўлашимиз керак», деган савол кўпчиликда туғилди. Бир қарашда икки томонлама жазо — адолатсиздек. Лекин йўлларимизга қаранг: автомобил бошқарувида асабийлашмаган кунингиз борми? Кимдир сиқиб ўтади, кимдир бўлар-бўлмас «сигнал» чалади, қайсидир бири қизилдан, бошқаси қарама-қаршингиздан чиқиб келади, нотўғри қувиб ўтадиганлар қанча...  

ОАВларда кунда, кунора мудҳиш хабарларга кўзимиз тушади:

  • Наманганда Lacetti катта тезликда 11 ёшли қизни уриб юборди, қизалоқ вафот этди. 
  • Самарқандда қизил чироққа тўхтамаган Gentra авария содир этиб, йўл четида турган икки пиёдани уриб юборди. 
  • Пойтахтда юз берган ЙТҲ оқибатида 18 ёшли ҳайдовчи вафот этди. 
  • KIA ҳайдовчиси пойга ўйнаб, пиёдани уриб юборди, 27 ёшли йигит ҳалок бўлди.
  • Дрифт оқибати. Икки нафар 19 ёшли йигитнинг умри хазон бўлди. 
  • Бойсундаги мудҳиш ЙТҲда 6 киши ҳалок бўлди.
  • Тошкент шаҳридаги ЙТҲларда бир йилда 91 киши вафот этган...

Статистикага кўра, қоидабузарликни «одат» қилиб олган ҳайдовчиларнинг оғир оқибатларга олиб келган ЙТҲлар содир этаётгани кўп учрамоқда.

Мисол учун, 2024 йил 6 декабрь куни Янгиҳаёт туманида 1 фуқаронинг ўлимига ва 3 нафарининг оғир тан жароҳат олишига сабаб бўлган «Mercedes Benz» ҳайдовчиси бир йил давомида 26 та қоидабузарлик содир этгани аниқланган.

12 балл тўплаш осонми?

Агар «қип-қизил» қоидабузар бўлмасангиз, бир йил давомида 12 балл тўплаш осон эмас!

Биринчидан, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима турлари сони жами 70дан ортиқ бўлса, шундан фақат 12та модда бўйича ҳуқуқбузарлик содир этилганда ҳайдовчига жарима баллари ёзилади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балларининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги қайд этилган. Қолаверса, битта қоидабузарлик учун максимал балл сони иккитадан ошмаслиги  ҳам белгиланган.

Яъни, жарима баллари асосан инсонлар ҳаётига хавф туғдирадиган ҳуқуқбузарликлар — ҳаракат тезлигини ошириш (0.5 баллдан 2 баллгача), светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан ўтиш (2 балл), қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонга чиқиш (2 балл), транспорт воситасида қувиб ўтиш қоидасини бузиш (1.5 балл), ЙТҲ қатнашчиларининг ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши (2 балл) каби ҳолатларда ёзилади. Қолган ҳолатларда пастроқ баллар берилиши (масалан, тўхташ ёки тўхтаб туриш, одам ташиш қоидаларини бузиш каби ҳуқуқбузарликларга 0,5 балл) кўзда тутилган.

Мисол учун: ҳайдовчилар энг кўп тушадиган ҳолат — ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириш учун 0,5 жарима балли берилади. Бир йилда 12 балл тўплаш учун 24 марта радарга тушишингиз керак! Йўлларда «учар ҳайдовчи» бўлмасангиз, сизда бундай «натижа» қайд этиш хавфи йўқ. «Учар» бўлсангиз, демак йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавфлисиз!

Иккинчидан, ҳозирча фақат йўл патруль хизмати инспектори томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома асосида баллик тизимга ўтилади.

ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоровнинг қайд этишича, қоидабузарликларни базада ҳисоблаш ИИВ ЙҲХХ томонидан электрон тарзда амалга оширади. Бу ерда инсон омили бўлмайди.

Яъни, ҳозирча камера ва радарларга тушганда ёзиладиган жарималар 12 баллик тизимга қўшиб ҳисобланмайди. Камера ва радарларни кейинчалик қўшиш режалаштирилган.

Демак, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилган ҳайдовчилар жаримага ҳам тушишмайди, жарима баллари ҳам йиғишмайди. Жумладан, жарима балларини ҳисоблаш тартиби юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасида қоида бузмайдиган ҳайдовчиларга рағбатлантирувчи нормалар ҳам киритилмоқда.

Масалан, 6 ой давомида ҳуқуқбузарлик содир этмаган ҳайдовчидан 2 жарима балли айириб ташланади ёки 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларига рағбатлантириш тариқасида, кейинги даврда йўл ҳаракати қоидаларини биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди.

Фақат ЙПХ инспектори баённомаси асосида жарима баллари ёзилиши коррупцион ҳолатларга йўл очмайдими?

Юқорида таъкидлаганимиздек, жарима баллари фақат 12та модда бўйича ҳуқуқбузарлик содир этилганда, яъни асосан инсонлар ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатлар учун ёзилади.

Мисол учун, хавфсизлик камари тақмаганингиз, «аптечка»  йўқлиги, «полоса»  босганингиз учун жарима тўлашингиз мумкин, лекин ЙПХ инспекторлари бунинг учун жарима баллари ёзиш билан ҳам қўрқита олишмайди. Чунки бундай қоидабузарликлар учун жарима баллари йўқ!

Бу тизим фақат Ўзбекистонга хосми?

Йўқ! Бундай тизим аллақачон хорижий давлатларда юқори самара кўрсатмоқда.

Германияда: машина бошқарувида телефондан фойдаланиш, тезликни  ошириш, светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан ўтиш каби қоидабузарликларга 1 дан 3 гача жарима баллари белгиланади. 8 жарима балл қайд этилганда ҳайдовчи машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Германияда балл тизими жорий этилиши ЙТҲ билан боғлиқ ўлимлар сонини 24 фоизга камайтирди.

Финляндия: Қоидабузарликлар учун 2 дан 6 гача жарима баллари белгиланади. 12 балл қайд этилган тақдирда, ҳайдовчилар машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Финляндияда жарима баллар жорий этилиши ҳайдовчилар томонидан такроран қоидабузарликларни содир этишнинг олдини олишга хизмат қилган.

Жарима баллар қайд этиш тизими Белгия, Италия, Ирландия, Франция, Норвегия ва Буюк Британия каби Европа давлатларида, БАА, Туркия, Жанубий Корея, Хитой каби Осиё давлатларида ҳам жорий қилинган.

Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилганлар қайта имтиҳон топширишлари шартми?

Жарима баллари сабаб «права»сидан маҳрум бўлган ҳайдовчи қайта имтиҳон топшириши кўзда тутилмоқда. Яъни, ҳуқуқбузарлар яна машина бошқаришга рухсат олишдан олдин ўз малакасини исботлаши керак бўлади.

Хитойда ҳам шундай тажриба мавжуд. Агар ҳайдовчи қоидабузарлиги 1 йил давомида 12 жарима балли тўпласа, унинг гувоҳномаси вақтинча бекор қилинади ва уни тиклаш учун қайта тайёргарликдан ўтиб тест топшириши талаб қилинади. Агар бу ҳолат 3 марта такрорланса, гувоҳнома тўлиқ бекор қилинади.

Канада ёки АҚШда таъсир чоралари бундан ҳам оғир. Уларда ҳайдовчиларни қонунсевар ва тартибли қилаётган суғурта тизими бор.

Канадада яшайдиган ҳамюртимизнинг ёзишича,  2017 йили у машинасини уриб олган, айб ўзида бўлган.

«Таъмирига сарфлаган пулим ҳолва бўлди, суғуртам ошганига солиштирганда. Битта авария сабаб 6 йил давомида суғурта учун икки баравар кўп пул тўладим. Ҳисоблаб чиқсам, бу муддат ичида авария сабабли қўшимча қарийб 13 минг АҚШ доллари тўлабман.

Машина таъмириям, жарима ҳам майли. Лекин 6 йил давомида хавфли ҳайдовчилар рўйхатига тушиб қолганим жуда катта суммага айланган», дейди у.

Яна қандай жавобгарликлар белгиланди?

Жиноят кодексига кўра:

  • Транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда (2611-модда. 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш).

Биргина 2024 йилда қарийб 8 минг нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги аниқланган.

  • Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахснинг маъмурий жазо қўллангандан кейин транспорт воситасини бошқарганлиги учун жиноий жавобгарлик киритилмоқда (2612-модда. 37,5 млн сўмгача жарима, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш).
  • 5 та йўл-транспорти соҳасидаги янги жиноятлар учун жавобгарлик киритилмоқда (давлат рақам белгиларини қонунга хилоф тайёрлаш ёки фойдаланиш; ҳайдовчиларни тайёрлаш, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузиш ва бошқа.)

Шунингдек, транспорт ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра:

  • 4 турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда (светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмаслик; қувиб ўтиш қоидаларини бузиш; транспортни маст ҳолда бошқариш; йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш ва бошқа.)
  • 5 та йўл-транспорти соҳасидаги янги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда (жумладан «йўл безорилиги», дрифт учун жазо — 2 йилгача транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 9,3 млн сўмгача жарима);
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ёки видеотасвирини уларни обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб ва бошқача кўринишда ўзгартирган ҳолда тарқатишга жавобгарлик белгиланмоқда (1952-модда. 18,7 млн сўмгача жарима ёки 10 суткагача қамоқ).

Қонун ишлаши учун нима қилиш керак?

Киритилган ўзгаришлар иш бериши учун қонун ҳамма учун баробар бўлиши керак. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳуқуқбузарга жазо муқаррар бўлиши лозим.

Келгусида 12 баллик жарима қоидаси янада кучайтирилар балки (ҳозирча, хориждаги муқобилларига қараганда анча либерал), балки Канада ва АҚШдаги каби ўзгарувчан суғурта тўлаш орқали ҳайдовчиларни маданиятли, тийиб турадиган қатъий тизим қилинар.

Фикримизча, жарима балларининг таъсирчанлиги тезроқ сезилиши, «ўпкаси йўқ»ларнинг сал босилиши учун ҳам, камера ва радарлар қайд этилган қоидабузарликларни жарима баллари тизимига қўшишни кўп кечиктирмаслик зарур.

2024 йилда 9 364 та ЙТҲ оқибатида 2 203 киши ҳалок бўлган, яна 8 901 нафари тан жароҳати олган, мажруҳ бўлган. 2 203 нафар қурбон — тинч замонда жуда катта рақам! Ахир улар кимнингдир боқувчиси, кимнингдир жигарбанди эди.

Жарималарни тўлаш машаққати, йиғиладиган жарима балларининг оқибати, борингки, ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилиш — буларнинг бирортаси йўлларда берилган жон, норасидасининг қабри устида тўкилган бир томчи кўз ёшга арзимайди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг