Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тарихий қарор: Мирзиёев ва Макрон стратегик шериклик бўйича келишиб олдилар

Тарихий қарор: Мирзиёев ва Макрон стратегик шериклик бўйича келишиб олдилар

Фото: Президент матбуот хизмати.

Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини юзма-юз ва делегациялар иштирокида атрофлича муҳокама қилдилар.

Икки мамлакат етакчиларининг 2023 йил ноябр ойида Самарқанд шаҳрида ўтган учрашуви давомида эришилган келишувлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард евродан ошди, қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

Юртимизда Франциянинг “Orano”, “EDF”, “Total”, “SUEZ”, “Voltalia”, “Veolia” ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда. Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик янги сифат касб этди, у билан янги Ҳамкорлик дастури қабул қилинмоқда.

Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва "MEDEF" бизнес миссияси самарали ўтди, Ишбилармонлар палатаси ўз ишини бошлади.

Шу кунларда Париж, Тулуза, Лион ва Ницца шаҳарларида ҳудудларнинг фаол иштирокида қўшма тадбирлар ўтказилмоқда. Куни кеча қўшма тиббиёт форуми ҳамда фан ва таълим бўйича конференция, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Гретц-Арменвиль шаҳрида буюк аллома Абу Райҳон Беруний бюсти очилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор аҳамият қаратилди.

Бу галги саммитга янги Инновация ва саноат шериклиги дастури тайёрланган. Муҳим минерал хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 6,5 миллиард евролик қўшма лойиҳаларни илгари суриш кўзда тутилган.

Умуман, қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

Шу маънода, молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари узоқ муддатли кооперация алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йил июнь ойида Тошкент инвестиция форуми доирасида ўтказишни таклиф этди.

Ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида келгуси йилда Самарқанд шаҳрида икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказишга келишиб олинди.

Етакчилар гуманитар йўналишдаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Париж шаҳрида Савицкий музейи тўпламидаги авангард асарлар кўргазмасини ташкил этиш, маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича ҳамкорлик учун мамлакатимизда Франция мероси институти ваколатхонасини очиш режалари қўллаб-қувватланди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида Франциядан тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон-Франция университети очилиши таълим соҳасидаги асосий келишув бўлгани таъкидланди. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик давом эттирилади.

Ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувларни фаоллаштириш мақсадида томонлар тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш масаласини кўриб чиқадилар.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Кўп томонлама ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим экани таъкидланди.

Тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари бошчилигида иқтисодий идораларни жалб қилган ҳолда Стратегик режалаштириш гуруҳини тузишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келдилар.

Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг