Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Сувга тушганлар кимни «сувдан қуруқ» чиқаришмоқчи?

Сувга тушганлар кимни «сувдан қуруқ» чиқаришмоқчи?

Ҳамкасбларга раҳмат, хоссатан, Kun.uz сайтининг мухбирларига. Уларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб ижтимоий тармоқларни портлатаёзган сурат – олти нафар эркакнинг ариқда тиззасидан сувга ботиб турган ҳолатига ойдинлик кирди.

Воқеа Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида содир бўлган экан. “Маҳкумлар”нинг кимлиги ҳам билинди: туман ҳокими ўринбосари, туман қишлоқ ва сув хўжаликлари бўлимлари бошлиқлари, икки нафар фермер, маҳалла оқсоқоли... Хуллас, ҳар бири, қонун тили билан айтсак, масъул, мансабдор шахслар... Улар нега бундай жазога мустаҳиқ этилгани сабабиям маълум (ғалла экилган майдонлар вақтида суғорилмаган!), бироқ “ҳукм”ни ким чиқаргани гўёки мавҳумлигича қолмоқда. Эмишки, туман ҳокими ўринбосари, ўзининг айтишича, фермерларга жаҳл қилиб, шундоққина ғалла майдони четида тўлиб-тўлиб оқаётган ариқни кўрсатиб: “Мана, сув! Нега суғормайсан?!” дея (сувга) сакрабди! Уни кўрган айбдорлар ҳам секин-аста сувга тушганмиш: ихтиёрий, кийим-пийимию пойабзал-мойабзали билан...

О-ла, демасликнинг иложиси йўқ: бунақасини на эртакда, на жиннилар ҳақидаги латифаларда учратасиз!

Ўша куни (27 октябрь) бир ҳукумат амалдори вилоятнинг катта-кичик раҳбарлари билан шу туманга ташриф буюргани маълум. “Аъёнлар” орасида вилоят прокуратураси масъуллари бўлгани ҳам айтилмоқда. Бироқ улар, бу “томоша” кўрсатилаётган пайтда, ўша ерда эмас, са-ал нарида туришгани боис бундай “садоқат лаҳзалари”га гувоҳ бўлишдек саодатдан бебаҳра қолишибди?! Йўқса, “садоқат тимсоли бўлган” олтовлоннинг пешонасидан чўлпиллатиб ўпиб, сен етим эмассан, тинчлан, жигарим, яхшиси, бор, иштонингни алмаштириб кел, дермиди, валлоҳу аълам?! Кулгили... Аламлисики, хўрланган ўша раҳбар (умуман туман раҳбарлари) ўзларини сувга туширгани эҳтимоли катта бўлган амалдорни “сувдан қуруқ чиқариш”га чиранишмоқда: курак тугул, тувакда турмайдиган “асослар” кўрсатиб...

Бу воқелик хусусида кўп гапириш мумкин. Бироқ бундан кимга наф?! Ақлли гаплардан чарчади-ку бу миллат! Сўконғичлигию зўравонлиги билан “намуна бўлаётган” раҳбарларга нисбатан жиддий чоралар кўрилмас экан, бунақанги шармандали воқеалар қайта рўй бермаслигига кафолат йўқ! Миллатнинг асл қиёфасини белгилайдиган омил иккита: ғурур ва маънавият! Суратда айни икки омил оёқости қилинганини илғаш қийин эмас: Катта Амалдордаги маънавият ҳаминқадарлигию кичикларида ғурурнинг йўқлиги!

Энди айтинг: Ўзбекистоннинг халқаро доираларда ижобий имижини шакллантириш борасида катта машаққат чекилаётган бир пайтда “ичкарида”, яна денг, ҳукумат раҳбарларидан бири бунинг тескарисини қилаётгани, ёнидагилар эса томошабинликдан нарига ўтмаётганини қандай оқлаш мумкин?!. Донишмадлар бежиз айтишмаган: ёвузликнинг ғалабаси учун яхшиларнинг лоқайдлиги кифоя...

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети