Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Бош прокуратурада бир кун: «ичкари»да нима гаплар? (Иккинчи қисм)

Бош прокуратурада бир кун: «ичкари»да нима гаплар? (Иккинчи қисм)

Фото: «Xabar.uz»

...Яқин ўтмишга тош отавериш яхшимас, албатта. Бироқ ўзгаришлар таққосларда яққолроқ намоён бўлади-да. Шу маънода кейинги йилларда фаолияти яхшигина элакдан ўтган прокуратура тизимининг бугунги фаолиятини яқин ўтмишга қиёслаб (ўрни келса, албатта) баён қилмасликнинг иложи йўқ. Ўзгаришлар биринчи навбатда муомала-муносабатда намоён бўлаётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Кеча қабулига киришнинг ўзи маҳол бўлган туман прокурори (юқорироғини қўяверинг) бугун уйма-уй юриши, оддий одамлар бошқа мансабдорлар қатори «тирик» Бош прокурорни ўз кўзи билан кўриб, арз-ҳол қилаётгани бор-йўғи икки йил бурун эртакнинг ўзи эмасмиди?

Бундай ўзгариш-янгиланишлар мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил сиёсат, мамлакат раҳбарининг сиёсий иродаси ҳосиласи, албатта. Бироқ ёдда тутмоқ керакки, бир сиёсий тизимдан иккинчисига ўтиш ҳеч қачон осонлик билан амалга ошмаган. Бу жараённинг ўзига яраша мураккабликлари бор. Инсон омили бор жойда муайян хато ва камчиликлар «ажи-и» деб чиқаверади. Бундан ҳеч қайси тизим мустасно эмас.

Энди сал пастроққа тушиб, Бош прокуратурада ўтган кунимизнинг баёнига қайтсак.

Юқорида муносабат ҳақида гапирдик. Бу аввало нимада яққол кўриняпти? Оммавий ахборот воситаларига нисбатан муносабат ўзгарганида. Зеро, бусиз иложи йўқ: тизимнинг нечоғлиқ очиқлигини билдирувчи энг самарали восита ҳам шу. Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий тарғибот бўлими (айни пайтда Матбуот хизмати) фаолияти ҳақида ёзмишимизнинг ўтган қисмида бир оз тўхталиб ўтдик. Такрори шарт бўлмаса керак. Бироқ таъкид шартки, мазкур бўлим мудом жамоатчилик эътиборида («босими остида» десак муболаға бўладими?) туради. Маҳкаманинг «юзи» ҳам шу бўлим. Бўлимда беш нафар ходим фаолият юритади, битта инспектор лавозими — вакант.

Фаолиятимиз сабаб бу бўлим билан илгари ҳам кўп ва хўп тўқнаш келганмиз. Тажрибамиздан келиб чиқиб айтсак, журналистларнинг ахборот олиш ҳуқуқи айнан шу ерда бузиларди кўпроқ. Ғалати тартиби бор эди-да. Яъники, муайян масалада ахборот олиш учун албатта расмий хат билан мурожаат қилиш шарт эди. Хат девонхонада қайддан ўтиб, то тегишли раҳбарнинг столига етиб, ниҳоят, имзо чекилиб, шу бўлим мутасаддиси қўлига тушишининг ўзи икки кундан кам вақтни олмасди. Бўлим раҳбари уни ўрганиб, жавоб ёзиб, боз ўзидан каттароғидан тасдиқлатиб, мухбирга маълум қилинишига кетадиган фурсатни-ку, айтманг. Бу жараёнда сўралган масаланинг долзарблиги йўқолиб-йитиб кетиши-чи?!

«Ёпиқлик»нинг кўз илғамас белгиларидан бири ҳам шу-да.

Буям майли, бир сафар қизиқ ҳолат бўлганди денг. Икки ярим йил аввал эди, чамаси. Сиёсий газетада ризқ териб юрган пайтимиз. Бўлимнинг ўша пайтдаги бошлиғи «илтимос» қилдики, битта мақола бор, шу газетангизда чиқиши керак, срочно!.. Хўп, муаммо йўқ. Бироқ матн талабга жавоб бермагани сабаб бошқатдан ёзишга тўғри келди. Ва... «ўқиб беришлари» учун яна ўзларига юборилди (эҳтиёт шарт). Газетанинг янги сони тайёр, босмахона икки оёқни бир этикка тиқиб турибди, матндан эса дарак йўқ. Қўнғироқ қилишга мажбур бўлдик: кутиб қолдик, матнни тезроқ ўқиб беринглар... Гўшакни кўтарган йигитнинг гапи ҳамон қулоқ остида жаранглайди: «Расмий хат билан мурожаат қилинг...»

Бугун бунақа тартиб йўқ. Гувоҳи бўлдик: қўнғироқлар тинмайди, тармоқ орқали ёзаётганлар қанча? Мурожаат қилаётган ҳамкасбларимиздан расмий хат сўраш йўқ, шахси, мақоми, ҳатто аккредитациядан ўтган-ўтмагани билан ҳам қизиқилмайди. Фалон нашрдан фалончиман дейилса, бас. Сўрови ўрганилиб, иложи борича тез жавоб берилади. Қисқаси, ахборот вақтида тақдим қилинади, унда маҳкаманинг позицияси мужассам. Тамом. Мурожаатига жавобни олган журналист уни қандай ёзади, воқелик ёки ҳолатни қандай талқин қилади бу — унинг ўзига ҳавола, касбий салоҳияти ва маҳоратига боғлиқ. Ёқсин-ёқмасин, бунинг учун («журналист нега бунақа ёзди-и?») бўлим бошлиғи раҳбарият томонидан «обориб-олиб келинмайди»! Илгари бирор нашрда танқидий мақола чиққани учун калтак бундан буткул бехабар бўлган бўлим бошлиғининг бошида ҳам синарди (кулгили-а?). Боз мақолада кўтарилган муаммо қолиб, уни ёзган журналист шахси кўпроқ «ўрганилгани»-чи?! Матбуотнинг  аввалги абгор ҳолатига (ҳозир ҳам мақтанишга тилимиз бормайди рости, бу энди бизнинг муаммо) давлат органларининг шу ва шу каби муносабатининг таъсири йўқ дейсизми?

Яна бир муҳим ҳолат: эндиликда оммавий ахборот воситаларида чиққан тизимга тааллуқли мақола юзасидан Бош прокуратуранинг муносабатини сўраб мурожаат қилишга эҳтиёж қолмаяпти тобора. Чунки маҳкама матубот хизмати барчасидан бохабар: босма нашр дейсизми, интернет-сайтларими, ҳаттоки ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр-мулоҳазалар эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ходимлар эрта тонгданоқ ҳаммасини жамлаб, тартиблаб, қисқача изоҳи билан раҳбариятга етказади. Қисқа фурсатда тегишли «фишка» билан чиққан «билдиргилар» топшириққа айланиб, бўлим ва бошқармаларга тарқатилади ва назоратга олинади. Айрим «сенсацион» хабарлар-ку зудликда ўрганиб, баёнот беришни талаб этадики, бунинг учун тунлар тонгга уланиб кетишини айниқса,  интернет-сайтларда фаолият кўрсатаётган ҳамкасбларимиз яхши билади.

Бу ўринда асосий  урғу оммавий ахборот воситаларидаги  хабар-мақолалардан «катталар» бехабар эмаслигига, уларни бехабар қолдирмасликка қаратилмоқда. Бугунги даврда бусиз илож йўқ, ҳазрат Навоий лафзида айтилса: «Эрурсен шоҳ, агар огоҳсен сен, Агар огоҳсен сен, шоҳсен сен!». 

Уларнинг ижро ва натижалари-чи? Бу энди алоҳида мавзу. Айни баёнлар ижро ва натижалар ҳақида эмас, балки маҳкаманинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими фаолиятига кичик чизги сифатида ёзилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари, умуман, жамоатчилик билан ишлаш осонми? Ҳеч-да. Журналист халқидай қитмири кам (баъзан тан олиб ҳам қўяйлик).  Тизим мисолида айтсак, бир томонида талабчан раҳбарият, иккинчи томонида, асосан, ҳар гапини «илиб» олиб, ўзига қарши отишга шай журналистлар:  мутасаддининг ҳолатини тасаввур қилаверинг. Бу  мутасадди  кўпларга таниш, шу-унчалар баёнлар охирида исмини яна бир карра тилга олмасак бўлмас: адлия кичик маслаҳатчиси Сурайё Раҳмонова.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети