Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Бир томонда ҳокимият, иккинчи томонда қонун: қай бири тош босаркин?

Бир томонда ҳокимият, иккинчи томонда қонун: қай бири тош босаркин?

Фото: «Xabar.uz»

1

Худойназар Арзиев олтмиш етти ёшида (!) ҳибсга олинишини туш кўрибдими? Ойлаб судсиз-сўроқсиз «ўтиришини»-чи?! Ёшга қарамай «тиқиб» қўядиган ўта оғир жиноят содир қилган бўлса, кошки?! Бор-йўқ «айби» тадбиркорлиги эдики, бошига тушган синовларнинг чин сабаби шу. Отахон «ичкари»да қандай алпозда ўтирганини исботлаш қийин, тўғри. Чунки шахсни ҳибсга олиш асослари кифти келтирилиб қўйилади-да ҳужжатларда. Бироқ тан олайлик: чорак аср тадбиркор-у ишбилармонларга йўл ке-енг экани тинимсиз вайсалганига қарамай ноҳақлиг-у қонунсизликка шу тоифа вакиллари кўп ва хўп дуч келмадими? Бунинг жабрини бутун жамият тортмаяптими ҳозир?!

2

...Худойназар ота ҳибсга олингач, «Фалончига қанча пора бергансан? Фистончига-чи?» мазмунида бир-икки марта сўроқ қилинди. Сўроқларнинг «ўзгача усули»ни соғлиғи кўтармагач, руҳий босим кучайди. Бунданам наф чиқмагач, ойлаб безовта қилишмади. Қўйворишмадиям: отахон ё-ётаверди. Ниҳоят, ҳибснинг йили тўлиб, маълум бўладики, тадбиркорлик фаолияти элакдан ўтказилиб, айбловлардан иборат «гулдаста» ясалибди. Ҳадемай «иши» судга ошаркан...

3

...Худойназар Арзиев нималарда айбланмади? Қўл остидагиларни-ку айтманг. Айбловлар қандай бошланади денг: «...(тадбиркорликка) кенг имкониятлар яратилганидан ғараз мақсадларда фойдаланиб»... Уёғи ке-етади: фирибгарлик дейсизми, ўзганинг мулкини ўзлаштиришми, ҳужжатларни сохталаштириш-у солиқлардан бўйин товлашми, ҳамма-ҳаммасидан бор. Табиийки, «жиноий гуруҳ раҳбари» — отахоннинг ўзи: ёшига қарамай «тиқиб» қўйилгани эътиборга олинса, «гуруҳ» аъзоларининг аҳволини тасаввур қилаверинг...

4

Қаҳрамонимиз бир умр таъминот соҳасида ишлаб, роҳатини ҳам, азобини ҳам обдон тотишга улгурганлардан. Роҳатики, қозони қантарилмади; азобики, мудом қиличнинг дамида ўтди куни. Ҳозир-ку, бирор жойни армонсиз ўмарган кимса зарарни қопласа, турма юзини кўрмайди. Илгари шундай тизим мавжуд эдики, арзимаган камомад (зарар қопланган бўлсаям!) камида уч-тўрт йил «илиб» кетишга етиб ортар, камига судланувчининг мол-мулки мусодарага тушарди. Худойназар ота инсоф билан ишлагани ростдирки, не-не текширув (ҳозиргидай рухсат олиб келиш қайда?), тўсатдан «босадиган» ревизиялардан соғ-омон чиқди. Кейинчалик, замонлар эврилиб, давлат корхоналарининг мулк шакли ўзгара бошлади. Натижада отахон ишлаётган «Қарши озиқ-овқат корхонаси» очиқ акциядорлик жамиятига айлантилди. «Акция», «улуш» ҳақида у пайтлар кўпларнинг тасаввури йўқ эди ҳатто, бори ҳам бир парча қоғоз (акция) билан қорин тўймагани учунми уларни сотишга тушди. Отахон чорак асрдан кўп шу даргоҳда ишлагани, қолаверса, яхши кунлар умидида акцияларнинг аксариятини сотиб олиб, «Қарши озиқ-овқат»нинг асосий ҳиссадорига айланди.

5

2000 йиллар бошларига келиб, корхонанинг давлатга тегишли 30 фоиз улуши ҳам сотувга қўйилди. Ва уни «Хўжақудуқ» хусусий корхонаси қонуний тартибда сотиб олади. Шу тариқа «Қарши озиқ-овқат» акциядорлик жамиятининг умри поёнига етади. Чунки, давлат улуши қолмади, ҳаммасини хусусий шахслар қўлига ўтди. Энди корхонанинг эгаси улар, нима қилишмасин — ихтиёр ўзларида. Қонун тақиқлаган ишга қўл урилмаса, бас.

Шу тариқа уч йирик акциядор — Х.Арзиев, Н.Худойбердиева ва Ж.Хайруллаев («Хўжақудуқ» хусусий корхонаси эгаси) бирлашиб, «Орзу қувончи» масъулияти чекланган жамиятига асос солдилар.

6

«Орзу қувончи»!..

МЧЖнинг номиёқ таъсисчилар нияти нечоғлиқ некбин эканини билдирмаяптими? Мулкдор бўлиш орзусида эдилар, мана, ният ижобат бўлиб турибди. Бу қувончга арзигулик сабаб эмасми? Корхона Қарши шаҳрининг қоқ маркази — Хонобод кўчасида жойлашганини айтинг. Бу катта қулайлик-ку. Яна бир қулайликки, «Қарши озиқ-овқат»дан «Орзу қувончи»га мерос бино ва иншоотлар ўз вақтида ишлаб чиқаришга мўлжаллаб қурилганида эди. Ишлайман, деган одамга яна қанақа қулайлик керак? Тўққиз турдаги бино ва иншоотларнинг рахти-рехтини тўғрилаб, тўхтаб қолган ишлар замонга мослаб жилдирворилса , эҳ-ҳе, қанча одам ризқ териши мумкин бу жойдан?

7

...Ишлар бошланиб, маълум босқичга етганда Қаршининг ўша пайтдаги ҳокими И.Асадовдан кутилмаган таклиф тушди денг. Яъники, оқсоқол, яхна ичимликлар ишлаб чиқараман деяётганингиз яхши, ҳатто аъло дейиш мумкин, бироқ кўриб турибсиз, бозорларга чанқовбосдилар сиғмай кетган, рақобатга дош бериш қийин-ов, яхшиси, шу жойга савдо комплекси қурсангиз-чи, а? Шаҳардаги бозорнинг аҳволни кўриб турибсиз: ит эгасини, мушук бекасини танимайди, Қаршига эса замонавий савдо мажмуаси жудаям керак, уни сиз каби мулкдорлар қурмаса, маҳаллий бюджетда ортиқча пул йўқ...

Бу 2004 йилдаги гап.

8

Таклиф яхшику-я, бироқ бунга маблағ қайда? «Орзу қувончи»нинг таъсисчилари, хусусан, Худойназар Арзиев борини шу жойни хусусийлаштириш-у бошқа чиқим-харажатларга чаплаб бўлган. Сал илгарироқ «Пепси-кола» чиқараман, деб Германиядаги бир фирма билан роса музокара олиб борганди, унга республика миқёсидаги идоралар аралашганига қарамай ниҳоясига етмади барибир. Бу жараёнда катта миқдордаги кредит олувди, уни ёпгунча бели чиқди... «Сиз уддалайсиз, — дейди ҳоким. — Ҳужжатларни тайёрланг, тезда тегишли қарор қўлингизда бўлади».

Шу тариқа 2004 йилнинг 21 сентябрь куни Қарши шаҳар ҳокимининг «Орзу қувончи» масъулияти чекланган жамиятига Хонобод кўчасидаги ўзига қарашли ишлаб чиқариш базасидаги мавжуд биноларни таъмирлаб-қайта қуриб, «Савдо мажмуаси»га айлантириш тўғрисида»ги Х-625/9-сонли қарори чиқди...

9

...Қурилиш ишларига қарийб тўққиз йил (!) кетди. Аввал биринчи, кейин иккинчи босқичи ишга тушди. Битта чоғроқ товуқхона қуришнинг ўзи бўлмайди билганга. Замонавий савдо мажуаси қуришнинг машаққату миннатини айтманг. Таклиф-тавсия берувчи кўп, амалий ёрдамга келганда... Яхшики, иншоотнинг дастлабки босқичлари битиб, кимгадир ижарага, кимгадир сотиб олиш шарти билан берилиб, оздир-кўпдир пул туша бошлади. Шу тушумлар мадад бўлиб, ниҳоят, 2013 йилнинг баҳорида «Орзу қувончи» қурган «Орзу «савдо мажмуаси фойдаланишга қабул қилинди, мулкларга нисбатан эгалик ҳуқуқини бериш ҳақида Қарши шаҳар ҳокимининг қарор чиқди ҳам (07.05.2013 й.Х-354/5-сон).

Меҳнату заҳматлар тугаб, «Орзу қувончи» таъсисчилари енгил нафас олгандир, дерсиз? Ҳеч-да. Аксинча, етти ухлаб тушга кирмаган воқеалар шундан кейин бошланди...

10

...Унгачаям гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона оёқдан олишлар бўлиб турганди. Айниқса, савдо мажмуаси кўтарилиб, кўзга ташлана бошлангач, кимларнингдир ҳаловати бузилди чоғи, қандайдир асослар кўрсатиб, текширувчилар пайдо бўла бошлади. Бу орада жиноят иши қўзғатилди ҳам. Бироқ масала судгача етиб бормади: давлат улуши бўлмаган даргоҳдан айб топиш қийин экан-да. Бироқ бу қурилиш ишларининг ҳаммаси, шунингдек, дастлабки босқичдаги фойдаланишга топширилган дўконлар билан боғлиқ масалалар сип-силлиқ эди, дейиш қийин. Хато-камчик кимда йўқ? Ишламаган одамгина камчиликларга йўл қўймаслиги аён... Қисқаси, аввал ими-жимида бўлаётган ҳужумлар иншоот фойдаланишга топширилгани ҳамоно ошкор тус олиб, отахон оёғи ерга теккизмай тиқиб қўйилди. Худдики «Орзу»нинг битишини кутиб тургандек... Қаҳрамонимиз ҳибсда қандай ўтирганини айтдик, энди у ва бошқаларнинг «жиноят»лари ҳақида гаплашсак...

11

Жиноий жавобгарликка тортилган битта отахоннинг ўзи эмаслигини юқорида айтдик-а? Унга қўшилиб, «Орзу қувончи»нинг ҳисобчиси-ю назоратчиси, мазкур МЧЖ қошида ташкил этилган «Чарос камалаги» шўъба корхонаси раҳбари, ҳисобчиси, иқтисодчиси... хуллас, ўнга яқин инсонлар суднинг кора курсисига ўтқазилди. Айбловлар? Буниям юқорида айтдик, такрори зарар қилмас: ўзганинг (?) мулкини ўзлаштириш (167-модда), фирибгарлик (168-модда), солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўйин товлаш (184-модда), мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда), мансабга совуққонлик билан қараш (207-модда), пора олиш (210-модда), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (243-модда)... Етар-а? Қолган «қилмиш»ларини санаш шартми? Уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида тўхталиш-чи? Бунга имконият қайда? Воқеаларнинг ривожи таҳлилини қўйинг, қуруқ баённинг ўзига бир неча ўнлаб саҳифа кетади. Яхшиси, адоқсиз суд мажлисларини кузатайлик, улар кўп нарсаларда белги беради...

12

2014 йилнинг 26 сентябрь куни Х.Арзиев ва бошқаларнинг «иши» жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Қашқадарё вилоят судининг биринчи босқичида кўрилиб (судья С.Рўзиев), ҳукм чиқарилди. Ҳукмнинг бир жиҳатигина эътиборли: Худойназар Арзиев қамоқдан озод этилди. Оқланибми? Йўғ-а, амнистия актига асосан. Амнистия тушган судланувчининг мақоми шундайки, озодликка чиқарилгани айбсиз эканингни англатмайди, айбдорсан, қилмишингни давлат кечирди, холос. Тергов пайтидаёқ ҳибсга олинган айрим судланувчиларга ҳам шу тариқа озодлик раво кўрилган бўлса, очиқдаги баъзилари... суд залидан қамоққа олинди. Энг ёмони, «Орзу» савдо мажмуаси жиноят предмети деб топилиб, тўлиғича давлат эгалигига ўтказилди.

Оғиз ошга етганда бурун қонатиш шу бўлади.

13

Бунча айбловлар қайдан ва қандай пайдо бўлди? Уларнинг ўзаги нимада? Бу саволларга қисқа ва лўнда жавоб бериш мумкин: бозор билан савдо мажмуасининг фарқига бормаслик-да. Шугинани тергов ёки суд органи билмайди? Билганда қандоқ. Бироқ отахон элдан бурун қамоққа олиниб, қайсидир мансабдорга пора берган-бермаганини «фош қилишга» қилинган ҳаракатлар зое кетди, шу-унча оворагарчиликни нимадир билан ёпиш керакми? Иккинчидан, маҳаллий бюджет чок-чокидан сўкилиб, тушумдан барака учиб ётганда битта бобой савдо мажмуаси қуриб, яқин келажакда фалончибойга айлансинми? Савдо мажмуаси ҳоким қарорига асосан қурилди, боз хусусий, унда давлат улуши йўқ? Нима қипти? Ҳаммасига кўзни чирт юмиш қийин эканми? Осон, осон... Йўқса, шу чоққача Қаршида ҳеч ким қилмаган ишни минг машаққат билан амалга оширган «Орзу қувончи»нинг раҳбар-у ишчиларига етти пушти Учқўрғондан кўрсатилармиди?!

Шу билан ҳаммаси тамомми? Бировнинг бир умр йиққан-тергани эвазига барпо этилган мажмуа, эгалари абгор этилган этилиб, маҳаллий ҳокимиятга ўтиб кетаверадими?

14

Ҳукмга нисбатан Қашқадарё вилоят прокуратураси киритган протест кўнгилда умид учқунлантиргани бор гап. Протестга асосан ҳукм бекор қилингани эса умидни бир қадар қувватлантирди ҳам. Бироқ натижа барибир «алихўжа — хўжаали» шаклида якун топаверди-да. Мазкур жиноий иш вилоятнинг ўзида икки бор «синди», Ўзбекистон Республикаси Олий судида бир карра абжағи чиқарилиб, Қашқадарёга юборилдики, барака топкурлар, сал у ёқ-бу ёққа қаранглар-да, оқсоқолни-ку айби бор-йўқлиги хусусида тузукроқ бош қотирмабсан, бунга чидаш мумкиндир балки, бироқ давлат улуши бўлмаган мажмуани давлат эгалигига ўтказишга мунча шошдиларинг? Устига-устак, хусусий шаклдаги корхона эгасини ўзлаштириш-у фирибгарликда айблаш нимаси? Одам деган ўз мулкини ўзлаштиргани учун жавобгарликка тортиладими? Хуллас, савол кўп, бошқатдан, жиддийроқ кўринглар-ей «иш»ни...

15

...Шундай қилиб, 2013 йилда бошланган «суд пойга»си 2018 йилга ҳам етиб келди. Ўтган йилнинг айни ёз чилласида ЖИБ Қашқадарё вилоят суди Х.Арзиев ва бошқаларнинг «иши»ни яна кўриб чиқди. Таъкидлаш шарт, унда жиноят иши «хас-хашаклар»дан (таъбир жоиз бўлса, албатта) яхшигина тозаланди. Яъни, оқсоқол гарданига илинган ўнта эпизод (!) олиб ташланди, қолган-қутгани ўраб-чирмаб амнистияга «туширилди». Бошқа судланувчилар зиммасидаги қатор айблар ҳам бекор қилинди, «ичкари»да қолиб кетганлари эса озодликка чиқди.

Дарвоқе, жиноят ишини биринчи босқич судида кўрган судья ҳукм чиқаришда ростданам у ёқ-бу ёққа қарамаган, чоғи. Нега десангиз, илк судда очиқда юрган учта судланувчини «...булар жиноий фаолиятини давом эттириши мумкин», деган асос билан қамоққа тиқиб, кейин бир неча йилга «кесворганди». Кейинчалик, ўшалардан бири — Ваҳоб Отаниёзов («Чарос камалаги» шўъба корхонаси раҳбари)нинг айби «жавобгарликка тортиш муддати ўтган» деган асос билан бекор қилиниб, қамоқдан озод этилади (бунгача икки ярим йил «ўтирди» шўрлик). Р. Баширов эса тамоман оқланади...

Албатта, аввалги суд ҳукмларига қараганда ЖИБ Қашқадарё вилоят судининг охирги ажримининг кўп қирралари эътирофга лойиқ. Шунга қарамай ҳақиқат қарор топди, дейишга тил бормайди. Нега?

16

Судланувчиларга жазо тайинлашда анча холисликка интилган вилоят суди судьяси А.Жалилов раислигида суд ҳайъати «Орзу» савдо мажмуаси тақдирини ҳал қилишга келганда тоза иккиланган кўринади. Мажмуани маҳаллий ҳокимият эгалигида қолдириб бўлмайди. Чунки, буни қонун кўтармаяпти. Ҳақиқий соҳиби — «Орзу қувончи» МЧЖга қайтаришга эса имкон бор-у илож йўқдек... Вазият шудайки, бир томонда ҳокимият, иккинчи томонда қонун!

Суд нима қилди?

 Суд ҳукмнинг «Орзу» савдо мажмуасини жиноят предмети деб топиб, давлат эгалигига ўтказиш қисмини бекор қилди. Сўнг... жиноят судига ярашмаган («ваколатидан четга чиқиб» дегимиз келмади) тўхтамларга келадики, рости, бунақаси амалиётда кам учраса керак.

Ажримга қаранг:

«Орзу» савдо мажмуаси илгари бозор шаклида фаолият кўрсатган ташкилот деб эътироф этилсин.

«Орзу» савдо мажмуаси устав фонди қайтадан такил этилсин.

«Орзу» савдо мажмуасининг мажбурий тартибда устав фондидаги улуши 51 фоизи маҳаллий ҳокимият, яъни Қарши шаҳар ҳокимлигига берилсин

17

Ажримни ўқиб, анграйиб қолган бўлсангиз керак. Бу жиноят суди ажримими ёки бирорта корхонанинг умумий йиғилиши қарорими? Жиноят суди тайёр «дело»ни кўриб, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқариб, оқлов ёки айблов ҳукми чиқаради, одатда. Илло, маҳаллий ҳокимият ёки хусусий корхонанинг ички ишларига аралашиб, устав фондини қандай шакллантириш лозим-у ундан кимга қанча улуш ажратиш кераклигини белгилаб берувчи ташкилот эмас. Бу каби масалалар иқтисодий ёки фуқаролик судида кўрилсаям бир нави. Аммо бунақа тўхтам, жуда юмшоқ айтганда, жиноят судига ярашмас экан...

Ҳокимиятни рози қилиш учун қонунга терс қараш судга қачон обрў келтирган?

18

Кечикиброқ бўлсаям суд савдо мажмуасини ҳокимят ва тадбиркор ўртасида тенг тақсим қилибди-ку, дейсизми? Рост айтасиз, бироқ ҳақиқат чала бўлганми? Иккинчидан, биринчи инстанция суди ҳукми чиққани ҳамоно шаҳар ҳокими қарори билан «Орзу» мажмуаси таг-томири билан «Оқтепа савдо файз» деган МЧЖга бериб бўлинган. Бир неча йилки, бировнинг машаққатига барпо этилган мажмуада бошқа бировлар гуриллаб ишламоқда. Ўша валломатлар мажмуага ҳақиқий эгаларини яқинлаштирмоқчи эмас. Ўз мулкига нисбатан эгалик ҳуқуқи қисман тикланганига қарамай. Бу жараёнда ҳатто Мажбурий бюро ходимларининг ҳам қўли калталик қилаётгандек, гўё. Масалага эса ҳали қонуний нуқта қўйилгани йўқ. Хуллас, бир томонда ҳокимият, иккинчи томонда қонун: эндиям қай бири тош босаркин?

Бу савол жавобини Олий суддан кутамиз...

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети