«Отдан тушган» улуғларимиз, эринчоқ артистлар, қисқараётган икки тафовут... Муҳим акцияга бош қўшайлик
Пиёдаларни севиш керак, пиёдалар инсониятнинг асосий қисмини ташкил қилади. Дунёни пиёдалар бунёд этишган... Ҳамма нарса тахт бўлиб, курраи заминимиз кўркам тус олгач, автомобилчилар пайдо бўлишди. Пиёдалар қурган кўчалар автомобилчилар ихтиёрига ўтиб кетди. Умуман, пиёдаларнинг обрўсига қаттиқ путур етди.
Бу сатрлар 1931 йилда рус ёзувчилари — Ильф ва Петров томонидан битилиб, илк автомобиль намуналари кўчаларда пайдо бўлгандаёқ, пиёдаларнинг кейинги тақдири эҳтимолий хавотирга олинган эди.
Орадан салкам бир аср ўтиб, бу хавотир чинаккам хавфга айланиб улгурди. Бугун инсониятнинг ажралмас «бисот»ига айланган автомобил оҳанрабоси сабаб, дунё цивилизациясининг илк бунёдкорлари сафига ҳам тобора путур етмоқда.
Тошкентда ўтган биргина акция сабаб, ушбу ноёб «бисот» эгалари ҳам бирровга пиёдаларга айланишди ва икки тоифа ўртасидаги тафовут қисқаргандек бўлди. Бу тоифалар тафовути бизда шу қадар аҳамиятлики, дўст бўлиш, қуда-андачилик ришталари боғланишида, борди-келдилару, бошқа алоқалар асоси шунга қараб белгиланади. Шу сабаб ҳам ҳеч кимнинг «отдан тушгиси» йўқ.
Америка, Япония, Европа давлатларида миллионерларни фақат банкдаги ҳисоб жамғармасидан билиш мумкин. Улар оддий одамлар қатори ҳиёбонларда, денгиз қирғоғида пиёда сайр қилади, велосипед минади. Бизда бир кун машинасиз юриб кўринг, маҳалладагилар қайтишингизда саломингизга алик ҳам олмаслиги мумкин. Шояд одамларни нуфузини, қадрини белгиловчи бу ёмон тамойил, энди оммалашаётган «Автомобилсиз кун» акцияси орқали йўқолиб борса, ажабмас.
Кўпчилик улуғларимиз бош қўшаётган «Автомобилсиз кун» жамоат лойиҳаси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 21 февралдаги фармони билан кенг жамоатчилик вакиллари ва экология фаоллари таклифлари асосида ҳар ойда бир марта Тошкент шаҳрида амалга оширилиши белгиланган эди.
29 март куни ўтган «Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳасида вазирлик ва идоралар, ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва масъул ходимлари иш жойига жамоат транспортида келиб, намуна кўрсатди. Фақат шу акцияга кўпчилик диққат-эътиборида бўлган машҳур шахслар, халқ артистлари, актёрлар, шоу-бизнес вакиллари ҳам бош қўшганида, лойиҳа янада оммалашган бўларди.
Акциядан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шаҳарларда автомобиллар ҳаракатини камайтириш ва жамоат транспортини ривожлантиришдан иборат.
Йигирма биринчи асрда инсониятни жиддий ташвишга солаётган муаммолардан бири — атроф муҳитни ифлосланиши ва атмосферага чиқарилаётган турли чиқинди газларни инсон саломатлигига етказаётган салбий оқибатлари.
Маълум бўлишича, республикамизда атмосфера ҳавосига жами зарарли ташламаларнинг 58 фоизи (1,4 млн тонна) автотранспорт воситалари улушига тўғри келади. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 93 фоизни (397 минг тонна) ташкил этади. Демак, шу рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, бу «бисот»имизнинг экология таъсири анча жиддий ва хавотирли.
Биз автомобилсиз юрган ҳар бир кунимиз билан, аввало, атроф-муҳитни софлигига катта ҳисса қўшсак, бунинг яна бир муҳим жиҳати эса пиёда юриб саломатлигимизни тиклаймиз. Маълумотга кўра, пиёда юриш асаб тизими – мия фаолияти, ҳаракат тизимини яхшилайди, асаб ҳужайраларини кислород билан бойитади, тинчлантиради, уйқу меъёрлашади,юрак-қон томирлар тизими – қон босимини пасайтиради, юрак фаолиятини яхшилайди. Оёқ мушакларининг ритмик қисқариши ҳамда бўшашиши қон ва лимфа оқимини фаоллаштиради. Ҳаракат-таянч тизими – модда алмашинувини оширади, ортиқча вазнни йўқотади. Нафас олиш тизими – ўпка фаолиятини яхшилайди. Овқат ҳазм қилиш тизими – ўт пуфаги ва ичакларнинг тўлқинли ҳаракатларини кучайтириб, ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади. Эндокрин тизими – ёғларнинг эриши ва углеводларнинг парчаланиши ҳисобига ортиқча вазн йўқолади, қандли диабетнинг олди олинади. Шунингдек, мунтазам пиёда юриш иммунитетни мустаҳкамлайди. Мутахассислар ҳар куни камида ярим соат пиёда юришни тавсия қилади.
Шундай экан, ўзини ва келажак авлод саломатлигини ўйлайдиганлар, энди барчамизга «отдан тушиш» пайти келди. Ва энди фақат белгиланган «Автомобилсиз кун»ида эмас, кунда пиёда юришни одат қилайлик.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter