Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Sardor Ali

Shaxsiyatparastlik — oshkora ojizlikdir.

Нега айрим мамлакатлар бой, айримлари қашшоқ бўлади?

«Инклюзив иқтисодий институтлар экстрактив институтларга қараганда ресурсларнинг анча адолатлироқ шаклда тақсимланишига олиб келади. Шу тариқа инклюзив иқтисодий институтлар кўпчилик аҳолига ҳуқуқ ва имкониятлар беради, натижада ҳатто ҳокимият учун кураш борасида ҳам имкониятлар нисбатан тенглашади».

Дарон Жемоглу ва Жеймс Робинсон «Мамлакатлар таназзули сабаблари» асаридан.

Нега айрим мамлакатлар бой, айримлари эса камбағал бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Қизиқ савол, шундай эмасми? Туркиялик ва америкалик иқтисодчилар Дарон Жемоглу ва Жеймс Робинсонларнинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари» (Why Nations Fail) китобида ушбу саволларга батафсил, тарихий ва ҳозирги воқеликлар асосида жавоб берилган.

«Xabar.uz» бугун «Мамлакатлар таназзули сабаблари» китоби ҳақида сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамов ва иқтисодчи Бекзод Алимовлар билан суҳбатлашди.

Асарни биринчи бор ўқиб чиққанингизда сизда қандай фикрлар пайдо бўлди?

Жаҳонгир Акрамов, сиёсатшунос:

– Бу китобни мен бошқа сиёсий асарларга нисбатан кечроқ ўқиб чиқдим. Китоб ўзбек тилига таржима қилингач, бу ўзбек сиёсатшунослари, иқтисодчилари ва социологлари учун керакли эканлигини билдим. Асар муаллифлари демократия нима учун кераклигини баён қилишган. Китобни ўқиб чиққанимдан сўнг, қўлимдаги асар нима учун бестселлер даражада эканлигини ҳис қилганман. Бу асарни ўзим севиб мутолаа қилган топ-5 китобларим рўйхатига киритганман ва уни барча дўстларимга ҳамда шогирдларимга тавсия қилганман.

Беҳзод Алимов, иқтисодчи:

– Асарни ўқиб чиққанимдан сўнг сиёсий омиллар қанчалик муҳимлигини англаганман. Бизда «аввал иқтисод, кейин сиёсат», деган машҳур гап бор. Бу бизда нотўғри тушунчалар пайдо қилади. Аслида, аввал сиёсат, кейин иқтисод! Яъни, ислоҳотларни биринчи сиёсий ўзгаришлардан бошлаш керак. Шу китобни ўқиб, инклюзив сиёсий институтлар етарлича шакллантириб олинса, кейин инклюзив иқтисодий институтлар ривожланишини тушуниб етганман.

– Китобда мамлакатнинг бой ёки камбағал бўлишига асосий сабаб – экстрактив ва инклюзив институтлар эканлиги ёзилган. Экстрактив ва инклюзив институтларнинг бир-биридан фарқи нимада? Улар мамлакат тараққиётига қандай ҳисса қўшади?

Беҳзод Алимов, иқтисодчи:

– Келинг, биринчи институтлар нима эканлигини гапириб ўтсак. Институтлар – бу жамиятда сиёсий ва иқтисодий ҳаётни шакллантирувчи тартиб-қоидалар мажмуаси. Китоб муаллифлари институтларни инклюзив ва экстрактивга ажратишган.

Инклюзив – жамиятни сиёсий ва иқтисодий ҳаётда фаол қатнашишга ундайдиган ҳамда бунга имкон яратувчи институтлар ҳисобланади. Экстрактив институтлар эса бунинг мутлақо тескариси. Экстрактив институтлар фақатгина кичик гуруҳга куч-қудратни, бойликни ўзлаштиришга имкон беради. Яъни, аҳолининг сиёсий ва иқтисодий ҳаётда иштирок этишга тўсқинлик қилади.

Ушбу китоб жуда жиддий тадқиқотларга асосланган. Инклюзив институтлар мамлакат иқтисодий ривожланиши учун керакли бўлган рағбатларни юзага келтиради. Бунинг учун нима керак? Албатта, инвестиция ва технологик янгиликлар бўлиши керак. Буларни жорий қилиш учун эса инсонларга рағбат зарур. Мисол учун, рақобатли бозор шароити – инклюзив институт бўлса, монополия экстрактив институт ҳисобланади.

Агар жамиятда ўйин қоидалари барчага бир хил бўлса, бу одамларда келажакка ишончни юзага келтиради. Бу эса инвестиция ва инновацияларга рағбатни кучайтиради. Айни шу омиллар иқтисодиётнинг ўсишига driver (мотор) бўлиб хизмат қилади. Экстрактив институтлар бундай иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилади ва кишиларда инвестиция ҳамда инновацияга бўлган рағбатни йўққа чиқаради. Экстрактив институтларда давлат ва жамият ўртасида ишончсизлик, коррупция ва элитанинг мавжуд шароитдан фойдаланиб бойлик орттириши кучаяди.

Жаҳонгир Акрамов, сиёсатшунос:

– Бошқарувдаги энг асосий ислоҳот – сиёсий ислоҳот ҳисобланади. Муаллифлар сиёсий ислоҳотлар орқали инклюзив институтлар яратиш мумкинлигини асослашга ҳаракат қилишган. Экстрактив сиёсий институтларнинг таъсири жуда кенг. Сиёсий режим жамиятда инсон ҳуқуқлари қанчалик таъминланишига қараб туриб бир нечта услубларга бўлинади. Биринчиси – тоталитар, иккинчиси – авторитар, учинчиси – демократик.

Дарон Жемоглу ва Жеймс Робинсон ўз китобида демократия сўзини ишлатмасдан инклюзив сиёсий институтларни баҳолаган. Аслида инклюзив институтлар фақатгина демократик тузумларда мавжуд бўлади.

Асарда Хитой раҳбари Мао Цзэдун давридаги бир ҳолат мисол қилиб келтирилган. Мао Цзэдун бир куни далага борганида, чумчуқлар буғдой даласидан кўтарилиб учиб кетади. У шунда чумчуқларни Хитой халқининг душмани деб эълон қилади. Алалоқибат, тез орада Хитойда чумчуқларга қарши катта ов бошланади. Чумчуқлар қирилиб битгач, Хитойда чигирткалар босқини содир бўлади. Бу эса қишлоқ хўжалигига катта зарар келтиради. Фақатгина Мао Цзэдун вафотидан кейингина, Дэн Сяопин амалга оширган ислоҳотлар натижасида, Хитойда озгина бўлса-да, инклюзив сиёсий институтлар юзага келди.

Экстрактив институтлар шароитида давлат маълум муддат ривожланиши мумкин, лекин бу ривожланиш узоқ вақт давом этмайди. Инклюзив институтлар асосан манфаатга асосланади. Дунёдаги энг асосий куч ҳам аслида – манфаат. Яъни, ҳар бир ижтимоий қатламнинг манфаатларини тийиб туриш ривожланишга олиб келади.

Инклюзив институтлар фақатгина озод жамиятларда бўлмайди. Француз социологи Алексис Докфелтнинг «Америкада демократия» деган китоби бор. У ўз китобида Америкадаги демократияни озодликнинг чекланиши деб таърифлайди.

Мен инклюзив институтлар деганда биринчи ўринда қонунга асосланган, ҳамманинг ижтимоий манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи тизимни тушунаман. Инклюзив институтларга асосланган давлатларнинг ривожланиши барқарор бўлади. Экстрактив институтлар шароитида ривожланиш маълум бир муддат бўлади, холос. Совет иттифоқи бунга яққол мисол бўла олади.

Сиёсий институтлари экстрактив бўла туриб, инклюзив иқтисодий институтлар қура олган давлатлар қаторига Хитойни мисол қила оламизми?

Беҳзод Алимов, иқтисодчи:

– Муаллифлар Хитойга бироз шубҳа билан қарашган. Тўғри, Дэн Сяопиннинг даврида инклюзив сиёсий институтлар жорий қилинган. Бунинг ортидан Хитой камбағалликни қисқартиришга эришди ва иқтисодий мўжиза юз берди. Китоб ёзилган вақтда Хитой анча юқори кўрсаткичлар билан ўсаётган эди. Лекин Дарон Жемоглу ва Жеймс Робинсон Хитойнинг ўсиши барқарор бўлмаслигини айтишган. Чунки Хитойнинг сиёсий элитаси инклюзив сиёсий ислоҳотларни амалга оширмас экан, Хитой иқтисодиёти экстрактив ҳолатга қайтиши мумкин. Ҳозир кўришимиз мумкин-ки, Хитойда аста-секин орқага қайтиш рўй бермоқда. Яъни, иқтисодий ўсиш жиддий маънода секинлашди. Бошқа томондан, экстрактив сиёсий институтлар янада кучаймоқда. Масалан, Хитой ҳукумати ёшларнинг ишсизлик даражасини кўрсатувчи статистикани беришни тўхтатди. Ҳозир Хитойда ёшларнинг ишсизлик даражаси 20 фоиздан ошиб кетган. Буни элита жиддий хавф сифатида кўрди. Тўғри, Хитой энди иқтисодий инқирозга учрайди деб айтиш бироз нотўғри. Аммо китоб муаллифларининг фикрига кўра, экстрактив институтлар шароитида барқарорлик узоқ муддат бўлмайди.

Жаҳонгир Акрамов, сиёсатшунос:

– Мен экстрактив сиёсий институтлар шароитида инклюзив иқтисодий институтларни жорий қилиш мумкин, деб ҳисоблайман. Бу аввало, сиёсий қарорларга боғлиқ. Тарихда шундай инсонлар чиқадики, улар жамиятдаги ўзгаришларни тўғри инобатга олишади ва либерал ўзгаришларни амалга оширишган. Улардан бири – Дэн Сяопин. У Мао Цзэдуннинг ғояларига қарши чиққан. Шу билан Россияни ҳам бунга мисол келтириш мумкин. Чунки 90-йилларда Россияда демократик ўзгаришлар бўлган. Аммо 2000 йилларда бу тенденция орқага қайтди. Мана шу ўзгаришлар натижасида Россияда бугунги «Яндех» ва «Telegram» корпорациялари етишиб чиқди. Бироқ Россия иқтисодиёти маълум бир муддат барқарор тура олди. Шунинг учун мен муаллифларнинг фикрига кўпроқ қўшиламан.

Хитойда статистиканинг ёпиб қўйилиши – экстрактив институтлар кучаяётганидан дарак беради. Совет даврида бир латифа бор эди: «Ёлғоннинг учта тури бор; оддий ёлғон, сафсата ва статистика». Авторитар тузумларда статистика худди шундай бўлади. Статистиканинг ёлғонлиги ривожланган давлатларда фожиа ҳисобланади. Бу ишончсизликни кучайтиради. Бугун Хитойдан йирик инвесторлар аста-секин чиқиб кетмоқда. «Alibaba» корпорацияси билан боғлиқ ҳолат бунга яққол мисол.

Асар бошида 2011 йилда араб мамлакатларида нега инқилоблар юз бергани ҳақида гап кетади. Биламизки, 2011 йилда Мисрда Ҳусни Муборак инқилоб сабаб ҳокимиятдан кетади. Лекин ҳокимиятда ҳозиргача экстрактив сиёсий ва иқтисодий институтлар сақланиб қолинган. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсизлар?

Жаҳонгир Акрамов, сиёсатшунос:

– Инқилоб ҳақида Симон Боливар «инқилобни амалга ошириш – денгизни шудгор қилиш билан баробар», деган эди. Инқилобларга геосиёсий омиллар ва иқтисодий томондан манфаатдор гуруҳлар ҳам таъсир қилади. Машҳур файласуф Сенека «динни одамлар чин, файласуфлар нотўғри, сиёсатчилар фойдали деб ҳисоблашади», деб айтган эди. Яъни, сиёсатчилар бўлаётган ўзгаришлардан қандай қилиб фойда кўришни ўйлайди. Мисрдаги ўзгаришларга минтақадаги йирик куч марказлари таъсир қилган. Бу битта омил.

Иккинчи томондан, ижтимоий қатламларнинг парчаланиб кетиши ҳам бу ўзгаришларга катта таъсир қилди. Яъни, бу ерда жамиятнинг миллий бирлик масаласи ҳам ўта муҳим. Чунки жамият давлатни сиёсий қарорлар қабул қилишга мажбурлай олади. Мисол учун, Францияда буюк француз инқилоби амалга оширилган, лекин ўша вақтда Россияда декабристлар инқилоби амалга ошмади. Иккисининг ҳам мақсади экстрактив институтларни парчалаш эди. Лекин ҳар икки давлатда натижа ҳар хил бўлди. Яъни, бу ерда ижтимоий қатламларнинг шаклланишида гап кўп.

Беҳзод Алимов, иқтисодчи:

– Асарда инқилоб экстрактив институтдан инклюзив институтга ўтишнинг ечими эмаслиги айтилган. Аслида экстрактив институтдан инклюзив институтга ўтишнинг аниқ бир формуласи йўқ. Экстрактив институтлар яшовчан бўлади. Улар ўзини қандай ҳимоя қилишни жуда яхши ўрганиб олишган. Агар халқ сиёсий фаол бўлиб, аста-секин инклюзив институтларни татбиқ этмаса, битта қўзғолон билан мамлакатдаги экстрактив институтларни ўзгартириб бўлмайди. Буни китоб муаллифлари ҳам таъкидлаб ўтишган.

Асарда экстрактив институтлар технологик янгиликлардан, инновациялардан қўрқиши айтилган. Нега экстрактив институтлар технологик янгиликлардан қўрқади?

Беҳзод Алимов, иқтисодчи:

– Технологик янгиликлардан экстрактив институтларнинг тепасида турган элита қўрқади. Нега? Чунки элитанинг легитимлигини таъминлаб турган куч – эски сиёсий ва иқтисодий технологиялар. Масалан, олигархия кучли бўлган мамлакатларда олигархлар давлат билан чамбарчас боғланиб кетади. Улар иқтисодий секторларни бўлиб олиш орқали бойлик тўплаган. Агар мамлакатга янги технология ва инновациялар кириб келса, бу олигархларнинг бойиш манбаларига жиддий зарар етказади. Китобда бунга жуда чиройли мисол келтирилган. Англиядаги саноат инқилоби даврида ип йигирувчилар тикув машиналарини бузиб ташлаган. Чунки ип йигирувчилар янги технология сабабли ишсиз қолишаётган эди.

XX асрнинг машҳур иқтисодчиси Йозеф Шумпетернинг «бунёдкор бузғунчилик», деган ғояси бор. Унга кўра, бузғунчилик инновациялар билан биргаликда юради. Яъни, янги технологиялар эски технологияларни йўққа чиқаради. Натижада янги бизнеслар пайдо бўлиб, эски бизнес турлари йўқолиб кетади. Табиийки, эски бизнесда фаолият юритувчи инсонлар бундан норози бўлади. Бундан норозиликнинг кучайиши элита учун ҳам хавф.

Жаҳонгир Акрамов, сиёсатшунос:

– Экстрактив институтлар тепасидаги гуруҳлар жуда консерватив бўлади. Улар эски тизимни давом эттиришдан манфаатдор. Вужудга келадиган янгиликлар уларга хавф туғдириши мумкин. Улар янгиликларнинг кириб келишидан манфаатдор эмас. Шунинг учун ҳам экстрактив институтлар инновация ва янгиликларга турлича бюрократик тўсиқлар қўйиб ташлайди. Оқибатда ақл эгалари ва кашфиётчилар мамлакатдан чиқиб кетади.

Китобда бурилиш нуқтаси ҳақида сўз кетади. Хусусан, Европада бурилиш нуқтаси «қора ажал»нинг тарқалиши билан бошлангани айтилади. Бизда бурилиш нуқтаси қачон ва қайси вазиятда бўлиши керак?

Жаҳонгир Акрамов, сиёсатшунос:

– Бурилиш нуқтаси ҳар бир давлатда ўзига яраша бўлади. Масалан, шарқ давлатларида жуда кўп бурилиш нуқталари мустақиллик қўлга киритилганда ёки ҳокимият алмашинуви натижасида содир бўлган. Масалан, Қозоғистон учун 2022 йилда бўлган январь воқеалари бурилиш нуқтаси бўлди. Ўша воқеалардан сўнг мамлакат президенти бўлиб ўтган намойишлардан тўғри хулоса чиқарди ва ўзининг ваколатларини чеклади. Мен ҳокимиятда шахсга боғлиқликни ёқтирмайман, лекин алоҳида шахсларнинг ўзига яраша сиёсий қарорлари бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, Россия ва Украина ўртасида бошланган урушдан кейин юз бераётган геосиёсий турбулентлик Марказий Осиё мамлакатлари учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Бунинг натижаси 5 йиллардан кейин маълум бўлади.

Беҳзод Алимов, иқтисодчи:

– Китоб муаллифлари тарихда бўлган воқеаларни ўрганиб, бу воқеалар қайси мамлакатларда инклюзив, қайси мамлакатларда экстрактив институтларни юзага келтирганини таҳлил қилишган. XIV асрда Шарқий ва Ғарбий Европа давлатларида экстрактив институтлар ҳукмрон эди. Лекин бутун Европа бўйлаб «қора ажал»нинг ёйилиши Англияда инклюзив, Шарқий Европа мамлакатларида эса экстрактив институтларни кучайтириб юборди.

Жаҳонгир ака, юқорида таъкидлаб ўтган ҳолатлар ҳақиқатда бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Лекин бу инклюзив институтларни ривожлантиришга хизмат қиладими ёки аксинча, буни ҳозир айтиб бўлмайди. Чунки бурилиш нуқтаси инклюзив институтларга ўтишнинг етарли шарти эмас. Бурилиш нуқтасида вужудга келган ўзгаришлардан жамиятдаги қайси гуруҳлар фойдаланиб қолишига ҳам боғлиқ.

Экстрактив сиёсий институтлар ҳукмрон бўлган давлатларнинг аксари камбағалликдан чиқиш учун таълимга эътибор қаратади. Экстрактив сиёсий ва иқтисодий институтлар ҳукмрон мамлакатда таълим нажот бўла оладими?

Беҳзод Алимов, иқтисодчи:

– Аҳоли таълимга инвестиция қилиши учун мамлакатда инклюзив институтлар бўлиши керак. Китоб муаллифлари ҳам айни шу нарсани таъкидлашган. Яъни, инклюзив институтларнинг мавжудлиги таълимга бўлган рағбатни оширади. Мамлакат тараққиётида сифатли таълим жуда муҳим роль ўйнайди. Экстрактив институтлар шароитида элита жамиятга сифатли таълим беришидан манфаатдор бўлиши мумкинми? Маълум бир даражада таълимга эътибор берилиши мумкин. Лекин экстрактив институтлар ҳар доим ўзини бардавом ушлаб турадиган кадрларни етиштиришдан манфаатдордир. Яъни, экстрактив институтларни бошқарувчи элита келажакда ўзига таҳдид бўлиши мумкин бўлган ва уни танқид қиладиган инсонларни етиштиришни истамайди. Экстрактив институтларни сифатли таълим орқали инклюзив институтларга ўтказишга мен бироз шубҳа билан қарайман.

Жаҳонгир Акрамов, сиёсатшунос:

– Аслида экстрактив институтлар таълимга ўзининг легитимлигини кучайтириш учун эътибор қаратади. Экстрактив институтларнинг таълимга эътибор беришдан яна бир мақсади – ўзига содиқ қатламни чиқариш. Яъни, экстрактив институтлар таълимнинг ривожланишидан манфаатдор эмас.

Суҳбатнинг тўлиқ қисмини «Xabar.uz»нинг YouTube-саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Сардор Али суҳбатлашди

 

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети