Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Sardor Ali

Shaxsiyatparastlik — oshkora ojizlikdir.

Узоқдаги яқин қардошлар: Ўзбекистон ва Озарбайжон манфаатлари (видео)

Жорий йилнинг 22-23 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Озарбайжонга борди. Озарбайжон Республикаси Президентининг «Зуғулба» қароргоҳида Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

«Xabar.uz» шу мавзуда сиёсатшунос Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди.

– Аввало, вақт ажратиб суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат. Келинг, суҳбатимиз бошида ўзбек ва озар халқларининг тарихий алоқаларига тўхталиб ўтсак.

– Азал-азалдан ўзбек ва озар халқларини тарихий маданият, тил ва урф-одатлар бирлаштириб келган. Бу халқлар қайсидир даврларда битта давлат таркибида биргаликда ҳаёт кечирган. Масалан, Салжуқийлар даври (XI асрдан XIV асргача мавжуд бўлган давлат)да Озарбайжоннинг катта қисми ва Ўзбекистоннинг катта қисми шу давлат таркибига кирган.

Бундан кейин Темурийлар даврида бу икки халқ бир-бирига янада яқинлашган. Амир Темур даврида озар халқи билан қуда-андачилик муносабатлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари, темурий шаҳзодаларга озарбайжонлик мударрислар устозлик қилишган. Ҳаттоки, Россия империяси босқинига қарши курашда ҳам ўзбек ва озар халқлари ўзаро мулоқотда бўлган. Яъни, бу халқлар қадимий тарихдан яқин тарихгача ҳам маданий, ҳам сиёсий яқин бўлиб келган.

Ўзбек ва озар халқлари совет даврида ҳам бир-бири билан яқин алоқада бўлган. Совет иттифоқи таркибида Озарбайжон доим Марказий Осиёдаги туркий халқларга интилган. Кўплаб зиёлиларимиз Озарбайжонда таълим олган. Масалан, генерал Собир Раҳимов Бокуда ўқиган. Мақсуд Шайхзода Ўзбекистонга олиб келинганда «ўзбек фарзанди» деб ном олган. Ўзбек ва озар халқлари қайси давлат таркибида бўлмасин, доим ўзаро алоқада бўлган. Бугун эса мана шу яқин ҳамкорликни замонавий босқичига чиқдик.

– Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари қандай бўлган?

– Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари орасида нисбатан сал кечроқ бошланган. Нега? Сабаби, 1990-йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон биринчи галда хавфсизлик масалаларига эътибор қаратди. Чунки ўша вақтда Тоғли Қорабоғ муаммоси кўтарилган эди.

1996 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Ўша йили Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Озарбайжонга расмий ташриф билан боради. 1997 йилда ҳар икки давлатда элчихоналар очилган. 1997 йилда Озарбайжон биринчи президенти Гейдар Алиев Ўзбекистонга келган. Шундан кейин икки давлат раҳбарлари ўртасида расмий ва норасмий учрашувлар кўп бўлган. Лекин Озарбайжон билан иқтисодий жиҳатдан алоқаларимиз унчалик катта бўлмаган. Маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 25 миллион долларга ҳам етмаган.

– Нима учун бунчалик кам?

– Чунки ўша вақтда бизни тўғридан-тўғри боғлаб турадиган инфратузилма бўлмаган. Мана шунинг ҳисобига биз Озарбайжоннинг иқтисодий қобилиятидан фойдалана олмаганмиз. Ўртада кучли давлатлар бўлган. Икки давлатнинг яқинлашиши кимларгадир ёқмаган. Шу нуқтаи назардан иқтисодий алоқалар ривожлана олмаган. Бугун бир бошқа давр ва ҳар икки мамлакат алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

– Озарбайжон ва Ўзбекистон яқинлашиши қайси куч марказларига ёқмаслиги мумкин?

– Геосиёсатда кучли ўйинчилар иккита давлат ўртасига тушишни хоҳлайди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Каспий денгизи бор. Каспий денгизини асосан Россия назорат қилади. Бошқа томондан Эроннинг таъсири ҳам мавжуд. Ушбу давлатлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлардан ўз манфаатларини олиб қолишга ҳаракат қилади. Бундай кучлар бугунги кунда ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Энди, шундай кучлар бор деб ўтириш ҳозирги замонга тўғри келмайди. Ҳар қандай муқобил йўлларни ўйлаш керак. Ҳамма билан келишса бўлади. Бугунги Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳам шу тамойилга асосланган. Ҳозир қандайдир амбициялар деб миллий манфаатларни ушлаб турадиган давр эмас.

– Бу ташрифлардан кўзланган асосий мақсад нима? Ўзбекистоннинг Озарбайжонда қандай манфаатлари бор?

– Озарбайжонда манфаатларимиз кўп. Ҳозир Ўзбекистон жаҳон бозорига чиқиш учун барча йўлларни қидирмоқда. Шундай йўллардан бири – Озарбайжон орқали ўтган йўл. Бу йўл Ўзбекистон учун жуда қулай. Ҳозирги геосиёсий ўзгаришлар даврида бундай имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Мисол учун, Россия дон келишувидан чиқиб кетгач, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида донга бўлган эҳтиёж ошиб кетди. Марказий Осиёда шу маҳсулотларни етказиб бера оладиган давлатлар бор. Бугун шу масалада Туркия воситачиликни таклиф қилмоқда. Бу вазиятда биз маҳсулотларимизни Туркиягача етказиб олишимиз керак. Туркияга энг яқин йўл эса Озарбайжон орқали ўтади.

– Ўзбекистон раҳбарининг Озарбайжонга ташрифининг Ашхободда бўлиб ўтган саммитга боғлиқ жиҳати борми?

– Ашхободдаги саммит кун тартибида асосан Туркманистон орқали Эронга чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Ва албатта, муҳокама қилинган яна бир йўналиш – Туркманистон орқали Озарбайжонга ўтиш. Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Озарбайжонга иккита йўналиш орқали етказиб бериши мумкин. Биринчиси – Қозоғистоннинг Актобе порти орқали. Иккинчиси – Туркманбоши порти орқали. Менимча, Ўзбекистон муқобил йўл сифатида Қозоғистон билан ҳам алоқаларни тенг олиб боришга ҳаракат қилади.

– Бугун Ўзбекистоннинг Тоғли Қорабоғ масаласида позицияси қандай?

– Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда доим тинчлик ҳукм суриши тарафдори бўлган. Бугун Озарбайжон ва Арманистон ўзаро келишиб олди. Ҳудудий можарога 90 фоиз ечим топилди. Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олади. Яъни, биз ҳар икки томон ўзаро келишиб олган бўлса, бу келишувни ҳурмат қиламиз. Ва бу ернинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида ўзбек мактабининг очилиши рамзий белги. Яъни, мактаб очиш орқали биз бу ерда доимий тинчлик бўлишини исташимизни билдирдик.

Сардор Али суҳбатлашди.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети