Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Фотофакт. «Ўгай ҳудуд»даги кўлмаклар

Фотофакт. «Ўгай ҳудуд»даги кўлмаклар

Фото: «Xabar.uz»

Бу – Тошкентнинг Чилонзор тумани Мирзо Улуғбек метросига тушиш жойи. Ҳар баҳору қишда ва кузда – ёмғир ёққанида шу ҳолат такрорланаверади. Кўлмак дегани яйрайди ўзиям! Чегара билмайди, ошиб-тошади. Одамлар метродан чиқиб, ҳу-у-у-в анови ерлардан айланиб ўтишга мажбур! Ёғингарчилик кам бўлгандаги манзара бу! Ёмғир шаррос қуйганида кўринг! Улкан кўлмакни айланиб ўтишнинг ҳам имкони қолмайди.

Бундан бирмунча олдин ўнг томондаги бинога «Issiqlik elektr stansiyasi» AJ» кўчиб келган эди. Ташкилотнинг пули кўп экан, ҳайтовур, кириш жойини роса тобига келтиришди. Машиналар қум ташиди, бошқа қурилиш ашёлари олиб келинди. Ишчилар роса терлашди. Ўтиш жойи обод, кўркам қилинди, майсалар экилди, ўриндиқлар қўйилди, чироқлари кўзни қамаштирадиган баланд устунлар саф тортди, «учтаси бирда» бўлмиш ранг-баранг ахлат идишлар ўрнатилди.

Аммо тиззагача ҳам келмайдиган тўсиқнинг бу томони аввалги ҳолича қолаверди. Худдики, бу тараф бошқа мамлакатга қарашлидек, ўгай жойдек! Нафсиламрини олиб қараганда, бунда юқоридаги ташкилотни айблаб ҳам бўлмайди, биринчидан – унинг ҳудуди эмас, иккинчидан – Худо билади йўлнинг қолган қисмини бинойидай қилишга маблағ қолганми-йўқми? Учинчидан ва, энг муҳими, буёғига мазкур ташкилот жавоб бермайди, тамом-васслом!..

Энди дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрайлик. Републикада бундай жойлар кам дейсизми? Жуда кўп. Аммо аксар гигант корхона ва ташкилот ҳам, асосан, кираверишдаги ҳудудни чиройли қилиб қўяди. Қолгани, уларга деса, «Титаник» бўлиб кетмайдими!..

Шу ўринда фамилиядошим Мусулмон Намозов бир вақтлар айтиб берган Ҳиндистон таассуротлари ёдимга тушади: «У ернинг бойлари жудаям бадавлат. Икки-уч қаватли данғиллама кошоналари лол қолдиради. Аммо бир нарса менга ёқмади. Ана шу бойлар ўзининг иккинчи қаватдаги уйининг деразасини очади-да, ахлатни кўчага ташлаб юборади».

Ўзини «элита қатлам» ҳисобловчи Ҳиндистон бойлари шундай иш тутадиган бўлса, оддий аҳоли нима қиларкан, тушуниб олаверинг! Кўчадаги чиқинди-ахлатлар йиғилавериб, оқибати қандай бўлиши маълум. Шунинг учун ҳам бу мамлакат ифлос, чиркиндир балки!..

Ўзбекистонда эса бу йилги ёғингарчилик қурилиш, ободончиликдаги кўп камчилик-нуқсонларни фош қилди. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди-да!..

Карикатура: @habikatura

Мирзо Улуғбек метросига тушиш жойидаги кўлмакни Чилонзор тумани ҳокимлиги мутасаддилари кўрган бўлишса керак. Чунки ҳокимлик бу ердан унча узоқ эмас, аммо ўзгаришдан дарак йўқ! Бу ерни текислаб, ёмғир ёққанда суви оқиб кетадиган қилиб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Ваҳоланки, метродан турли ёшдаги йўловчилар чиқади, у ерга тушади, ораларида болали аёллар ҳам, кексалар ҳам бор. Ҳокимлик мутасаддилари жиддий чора кўришса бўларди.

Биз эса Ҳамид Олимжон ўз вақтида шеърини ёзган, Муҳаббат Шамаева ва Насиба Абдуллаева куйлаган қўшиқни сал бошқача айтиб юраверамиз: «Ҳар баҳорда, қишда ва кузда шу бўлар такрор...»

Иложимиз қанча!

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети