Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зеленский Путиннинг яширин режасини очиқлади

Зеленский Путиннинг яширин режасини очиқлади

Россия президенти Владимир Путин ўт очишни тўхтатишга доир дипломатик музокараларни чўзиш орқали Украинанинг янада кўпроқ ҳудудини босиб олмоқчи. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Парижда Европа етакчилари билан учрашувда маълум қилди.

Украина разведкаси маълумотларига қараганда, Россия армияси Сумск, Харьков ва Запорожье вилоятларига ҳужум уюштиришни режалаштирган.

Маълумки, айни пайтда АҚШ ва Россия расмийлари иштирокида урушни тўхтатишга доир музокаралар кечмоқда. Аммо Украина раҳбари Кремлнинг урушни тўхтатишга доир баёнотларини шубҳа остига олган. Унга кўра, Москва Вашингтонни охири йўқ муҳокамалар билан чалғитиб, пировардида Украиннинг янги ҳудудларини босиб олишни кўзламоқда.

«Путин ҳудудлар бўйича музокараларни куч позициясидан туриб олиб бормоқчи. У фақат уруш ҳақида ўйламоқда», – деган Зеленский.

Россия томони АҚШ билан музокараларда ўт очишни қисман тўхтатиш келишуви доирасида Ғарб санкцияларининг бир қисмини бекор қилишни талаб қилган эди.

Зеленский фикрича, айни пайтда Россияга қарши санкцияларнинг бекор қилиниши ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Чунки санкциялар Россияни музокараларга мажбурловчи воситадир.

Украина раҳбари мамлакат ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлаш учун Россиянинг музлатилган маблағларини йўналтириш масаласини ҳам кўтарган.

Москва ва Киев ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришганидан кейин Украина ҳудудида тинчликпарвар кучларни жойлаштириш режаси кўриб чиқилмоқда. Зеленский Париждаги учрашувда Европа етакчиларидан бу борада ҳам аниқ қадамлар қўйишни сўраган. 

«Украинада – қуруқликда, ҳавода ва денгизда мудофаага қайси мамлакатлар жалб этилади? Ушбу кучлар айнан қаерда жойлаштирилади? Уларнинг сони қанча бўлади? Коалиция ўз кучларни Украинага қачон жойлаштиради? Ниҳоят, қачон сулҳ тузилади ёки уруш якунланиб, ўзаро келишувга эришилади?» – дея муҳим саволларни қўйган Украина президенти. 

Парижда Франция президенти Эмманюэль Макроннинг таклифига кўра ташкил этилган саммитда 31 давлат етакчиси, шунингдек, НАТО бош котиби Марк Рютте ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен қатнашди. Учрашувда Киев ва Москва оташкесимга эришганидан кейин Украинага хавфсизлик борасида кафолат бериш масаласи муҳокама этилди.

Саммит якунида мезбон сифатида баёнот берган президент Макрон Европа етакчилари Украина ҳамда унинг армиясини қўллаб-қувватлашда давом этишга келишганини маълум қилди.

Франция раҳбари агар АҚШ Европанинг Украинага доир ташаббусларини дастакламаса, Европа АҚШ иштирокисиз ҳам ўз ташаббусларини амалга татбиқ этишига ишора қилган.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг