Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлиси Қирғизистонда бўлиб ўтади

ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлиси Қирғизистонда бўлиб ўтади

Тошкент шаҳрида Қирғизистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг 43-мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ваколатли органлари делегациялари ҳамда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди. ШҲТ Бош котиби мажлисда фахрий меҳмон сифатида қатнашди.

Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашига ШҲТ МАТТнинг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот-маърузаси ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида экстремистик мафкурага қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури лойиҳаси келишиб олинди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгаши йиғилишида қуйидагилар тасдиқланди:

ШҲТ МАТТ Кенгаши қарорларини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги маълумотлар;

ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг 2022-2024 йилларга мўлжалланган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлик дастурини 2024 йилда амалга ошириш якунлари бўйича иши;

интернет тармоғидан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш амалиётини давом эттириш бўйича келишув.

Шунингдек, Қирғизистонда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари чегара хизматлари раҳбарларининг 11-мажлисини, Беларусда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг қўшма аксилтеррор машғулотларини ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва Ўзбекистонда терроризмга қарши курашиш ва халқаро ҳамкорлик соҳасида кузатувчи давлатлар ҳамкорлигига бағишланган 11-халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятининг ташкилий, кадрлар ва молиявий таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантириш ва ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун бир гуруҳ ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари ходимлари ва ШҲТ МАТТ мансабдор шахслари Кенгаш сертификати ва ШҲТ МАТТ эсдалик нишони билан тақдирландилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси фаолиятига ижобий баҳо берилди.

ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлисини Қирғизистон Республикаси ҳудудида ўтказиш бўйича келишувга эришилди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг