Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиялик амалдорлар мессенжерлар орқали қўнғироқларни тақиқлашни муҳокама қила бошлашди

Россиялик амалдорлар мессенжерлар орқали қўнғироқларни тақиқлашни муҳокама қила бошлашди

Максут Шадаев.

Россия Рақамли ривожланиш, алоқа ва телекоммуникациялар вазирлиги алоқа операторларининг мессенжерлардаги овозли трафикни чеклаш ташаббусини кўриб чиқмоқда. Бу телефон фирибгарларининг қўнғироқларига қарши курашиш мақсадида амалга оширилмоқда, дея хабар берди Reuters агентлиги вазир Максут Шадаевнинг баёнотига таяниб.

«Бир йил ёки бир ярим йил аввал операторларнинг мессенжерлардаги овозли трафикни чеклаш ташаббусини жиддий муҳокама қиламиз, деб ўйламагандик. Чунки биз доимо фойдаланувчиларга қулайлик ва рақобат тарафдоримиз», — деди у Екатеринбургдаги киберхавфсизлик форумида.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2024 йилда россияликларнинг киберҳужумлар ва телефон фирибгарликларидан кўрган зарари 40 фоизга ўсиб, 200 миллиард рублга етган. Россия Марказий банкининг хабар беришича, фирибгарлар анъанавий телефон қўнғироқларидан мессенжер қўнғироқларига ўтишни бошлаган.

«Ҳозир жиноятчилик шундай тез суръатларда ўсмоқдаки, операторлар ўзлари ташаббус билдиряпти. Биз бу ташаббусни жиддий кўриб чиқмоқдамиз, гарчи у маълум ноқулайликларга олиб келиши мумкинлигини тушунсак ҳам», — деди Шадаев.

Хорижий мессенжерлар орқали қўнғироқларни блоклаш

«Роскомназорат» ташкилоти фирибгарликка қарши курашиш мақсадида хорижий мессенжерлар орқали қўнғироқларни блоклашни режалаштирмоқда.

«Фойдаланувчи фақатгина контактлар рўйхатига қўшилган одамлардан келган қўнғироқларни қабул қилиш тартибини танлаши мумкин. Бу Telegram’да бор, WhatsApp’да эса бундай имконият йўқ», — деди Шадаев.

Бундан ташқари, ҳукумат давлат органлари, алоқа операторлари, банклар ва рақамли платформалар ходимларининг жисмоний шахслар билан мессенжер орқали мулоқот қилишига қонунчилик йўли билан тақиқ қўйишни режалаштирмоқда.

«Шундай қилиб, ҳеч ким Суриштирув қўмитаси, прокуратура, ИИВ, Рақамли ривожланиш вазирлиги ёки банк номидан мессенжер орқали сизга қўнғироқ қила олмайди. Бу декларатив тақиқдек кўринса-да, ҳарқалай одамлар бу ҳақда хабардор бўлади», — деди вазир.

Реклама қўнғироқларини тақиқлаш

Рақамли ривожланиш вазирлиги 2025 йил ёзида реклама спам-қўнғироқларини тақиқлашни режалаштирмоқда.

«Барча ташкилотлардан чиқувчи ва абонентлар учун кирувчи қўнғироқлар идентификация қилинади», — деди соҳа раҳбари.

Бу чоралар ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган ва Давлат Думасига тақдим этилган фирибгарликка қарши кураш бўйича қонун лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

«Давлат хизматлари» ҳимоясини кучайтириш

Амалдорлар «Давлат хизматлари» сервисининг ҳимоясини кучайтиришни ҳам режалаштирмоқда.

«Кўпгина фирибгарликлар давлат хизматларидаги аккаунтни бузиб киришдан бошланади. Бу ерда фойдаланувчининг барча молиявий маълумотлари бор: ҳисобворақлар, давлат маълумотлари ва бошқалар. Жиноятчилар фуқаронинг тўлов қобилиятини, кредит қобилиятини билиб олиб, бу маълумотлардан жиноий мақсадларда фойдаланишади», — деди Шадаев.

Кибержиноятларнинг фош этилиш даражаси паст

Россия Бош прокуратураси мамлакатдаги кибержиноятларнинг фош этилиш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кибержиноятларга қарши кураш бўйича махсус бўлимлар мавжуд бўлишига қарамай, бу йўналишдаги ишлар ҳали ҳам самарали, деб бўлмайди», — деди Россия Бош прокурори ўринбосари Сергей Зайцев.

«Буни кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди. Ҳозирча атиги 23 фоиз жиноят фош этилмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Бош прокуратура муаммони ҳал қилиш учун қуйидаги чораларни таклиф қилди:

  • Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг оператив позицияларини кучайтириш;
  • Идоралараро ҳамкорликни фаоллаштириш;
  • Киберхавфсизлик бўйича малакали мутахассислар сонини ошириш;
  • Фуқароларнинг кибер таҳдидлар ҳақида хабардорлигини ошириш;
  • Банклар ва «Росфинмониторинг» томонидан молиявий операциялар устидан назоратни кучайтириш.

Банк операцияларини блоклаш

Россия ИИВ терговчилар ва суриштирувчиларга суд қарорисиз ҳар қандай молиявий операцияни 10 кунгача блоклаш ваколатини беришни истамоқда.

Россия Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллина фирибгарларнинг кредит маблағларини ўғирлашига қарши қатъий курашишни ваъда қилди.

2024 йилдаги молиявий фирибгарликлар статистикасига кўра, ўғирланган кредит маблағлари аввалги 25 фоиз ўрнига эндиликда 40 фоизни ташкил қилмоқда.

«Биз бу тенденцияни ўзгартиришимиз керак. Қонун босқичма-босқич кучга киради. Биз банклар ва микромолия ташкилотларига бу жараёнга сифатли тайёргарлик кўришида ёрдам берамиз. Энг муҳими, кредит фирибгарлигининг ўсишини тўхтатиш», — деди Набиуллина.

Фирибгарлик ҳақида тезкор хабар бериш

Марказий банк 2025 йил октябридан банк мижозлари учун махсус тугма жорий этишни режалаштирмоқда.

«Биз банкларни ўз иловаларида махсус тугма жорий этишини талаб қиламиз. Шунингдек, жабрланувчилар банкка бориб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри илова орқали фирибгарлик ҳақида ариза топшириб, полицияга мурожаат қилиши учун имкон яратилади», — деди Марказий банк раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг