«Мени кўзимда ёш, улар эса кулаётган эди» ёхуд энг ёмон ва хавфли мактаб қандай қилиб қора рўйхатдан чиқди? (видео)
Aмерикалик мактаб директори Линда Клятт-Уэйман Шимолий Филаделфиядаги энг ёмон мактаблардан бирига директор этиб тайинланди. Бу ерда тўрт йил ичида тўртинчи директорнинг алмашиши эди. Линда дастлаб бу ерга келганида ишлаш ўзи ўйлаганидан ҳам оғирроқ эканлигини англаб етди.
Барча синфларда парталар синган, 68 фоиз ўқувчи мактабга келади. Ўқувчиларнинг давомати паст, ўқитувчилар ва ўқувчилар ўз ҳаётларидан таҳликада яшайдилар. Чунки бу ер камбағаллар ҳудуди бўлиб талончлик, зўравонлик, уриш, жанжал, босқинчилик авж олган эди.
Линда ишга келган кунининг биринчи куниёқ қизларнинг оммавий муштлашувининг устидан чиқди. У йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг тажрибалари билан ўртоқлашиш жараёнида ҳар доим эслайди:
—Мен мактабда нима учун ўқиш кераклигини айтаётганимда энг орқа партада ўтирган Эшли исми қиз шундай деди: «Мисс, мисс, сиз нега бу ерни мактаб деяпсиз. Бу мактаб эмас!»
Ростдан ҳам бу мактаб эмас эди. Мактабда полициялар юрарди, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар, хароба, лампалар хира ёруғлик сочиб турар, эшикка қулф осилган эди.
Мактабда яна бир куни «Колумбайн» ҳақидаги филмни кўрсатишди — ўқитувчи ва ўқувчиларни отиб ташлаган ўқувчи ҳақидаги бу кўрсатувни болалар бемалол томоша қилар ва кулар эдилар.
—Мен сўрадим: — бунинг нимаси кулгули?
Ўқувчи қизлардан бири айтди: —Бунинг нимаси ажабланарли, ахир биз ҳаётимизда, биз яшаётган ҳудудда бундай ҳолатга ҳар доим дуч келамиз.
Мен шунда англаб етдимки, бу болаларни яшаётган муҳити шундай тошбағир қилиб қўйган. Буларнинг кўпининг ота ёки онаси қамоқда, камбағал, ёки ажрашган эди. Буларни яшаш шароити ана шундай тошбағир ва бошқариб бўлмайдиган одамга айлантирган эди.
Улар мактабни ёқиш фикрини бемалол айта олишарди. Ҳатто бир куни биттаси менга «Сизнинг исмингиз ёзилган ўқ бор менда, бир куни сизни отаман».
Мен шунда қўрқиб кетдим, фарзандимни онасиз қолдиришимдан қўрқиб кетдим. Аммо мен ҳам шунақа камбағаллар ўқийдиган мактабдан чиққанман, мен ҳам ёмон мактабда ўқиганман —қўрқишга ҳаққим йўқ эди.
Биринчи қиладиган ишим мактабга ёрқин ва позитив суратли картинкалар, плакатлар осдим, синган мебелларни йўқотдим, лампаларни алмаштирдим. Болаларнинг ҳар бири учун шахсий буюмларини қўядиган жой ҳозирладим. Методикани бошқатдан ишлаб чиқдик. Ўқитувчилар дарс беришни билади, лекин бу болаларга қандай дарс беришни билмайди. Болалар юз фоиз камбағал оиланинг боллари, фақатгина бир фоизининг ота-онаси назорат қилади, олти фоиз бола алгебрани, ўн фоиз ўқувчи адабиёт фанини ўзлаштирган».
Линданинг учта шиори бор: «Лидер бўлмоқчимисан — лидер бўл! Чунки лидер одамгина бошқалар қилолмаган ишни қила олади». «Агар қийин вазиятга тушиб қолсангиз ўзингизга ўзингиз савол беринг: Энди нима бўпти, кейинчи кейин нима қиламиз?», учинчи шиори: «Сизга ҳеч ким бугун сени яхши кўраман деб айтмаган бўлса унутманг, мен сизларни яхши кўраман, ҳар доим».
Бу сеҳрли сўзни директор ҳар бир болага алоҳида меҳр билан айтишни тўхтатмайди: «Сиз бугун жуда бошқачасиз, менга сизларнинг кулгуларингиз ёқади, мен сизларни ҳар доим, ҳар куни бахтли бўлишларингизни истайман».
—Бундан олдинги ишлаган «Строуберри Мэншн» мактабида, деб эслайди ўз маърузаларининг бирида, — энг уришқоқ, энг тўполончи, бир неча бор ўсмирлар колониясига тушган, бошқариб бўлмайдиган боладан сўрадим:
—Ким бўлмоқчисан?
—Питтсбург университетида ўқишни истайман.
—У ерда бўлганмисан?
—Йўқ, телевизорда кўрганман.
Мен мактабнинг масъул ходимига айтдим:
—Мана шу университет учун экскурсия ташкил қилинг
—Нечта ўқувчи учун.
—Бир нафар...
Аввало мен уни спорт программасига ёздим, у ҳужумчи бўлиб ўйнади. Ишонинг ҳар бир болада лидерлик қобилияти бор, фақат биз уни ўша қобилиятига қараб бура олишимиз керак. Бу бола ўйнаган команда кетма-кет юта бошлади. Яъни мен унинг энергиясини, ҳужумкорлигини спортга йўналтирдим».
Линдани ўша спорт мусобақаларида ҳам учратишингиз мумкин. Болалар ғалаба қозонганида у бор эҳтирос билан «Биз енгилмаймиз! Биз енгилмаймиз!», деган гаплар билан ўқувчиларига далда бераётган бўлади.
«Мен улар билан бирга бўлиш учун ошхонада ҳар куни навбатчилик қиламан. Туғилган кунларида билмасам ҳам туғилган кунинг билан деган қўшиқни куйлайман. Улардан сўрайман, нега менинг билмасам ҳам қўшиқ айтишимни истайсизлар, улар айтади, биз сиз билан қўшиқ айтаётганимизда ҳеч кимга ўхшамаслигимизни ҳис қилишни истаймиз. Яна бир қиз бор. Исми кристин Холланд. У айтдики агар менинг 550 доллар пулим бўлганида Пенсилвания университетида ўқирдим... Мен ўқувчиларимни Гарвард университетида ўқитолмаслигим мумкин. Аммо мен уларга умид ва ишонч бера оламан. Тўрт йилдан кейин Кристин ўзи орзу қилган университетига ўқишга кирди. Мен унга шивирлаб айтдим: «Сенга бугун ҳеч ким яхши кўришини айтмаган бўлса, унутма мен сени ҳар доим яхши кўраман.
Кристин жилмайиб: Мен ҳам сизни яхши кўраман, деди».
Линда шундан буён жуда кўп аудиторияларда энг ёмон мактабни қандай қилиб қора рўйхатдан чиқаргани ҳақида ҳаяжонга тўла маърузалар ўқийди, тажрибалари билан ўртоқлашади, китоблар ёзди. Беш йилдан бери Филаделфиядаги энг ёмон мактаб рўйхатидан тушмаётган бу мактаб бир йилда рўйхатдан чиқарилди. Ўқувчиларнинг ўзлаштириши алгебра фанидан 171 фоизга, адабиётдан 107 фоизга кўтарилди. Одамлар мактабни қора рўйхатдан чиқаришининг сабабини сўраганида у шундай дейди: «Болаларни борлигича қабул қилдим, борлигича яхши кўрдим, уларни қандай бўлса шундайлигича ҳурмат қилинг, улар ўзгаради, ишонинг». Доимо саҳнада у маърузасини шундай тугатади: «Эшлининг бу мактаб эмас, деган гапи менинг хотирамда бир умр қолган. Мен биламан камбағал одамнинг қанчалик ўзига ишончи бўлмаслигини, йўқчилик одамни синдиришини биламан ва биламанки фақат билим олиш инсонни камбағалликдан қутқаради. Мактабда бир ойда бир марта йиғиламиз. Болалар ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида ўртоқлашади. Шунда улар савол беришади: «Биз нима учун тартиб-қоидаларга бўйсунишимиз керак, нимага хоҳлаган ишимизни қилишимиз мумкин эмас, нима учун қилган жиноят учун жавоб бериш керак». Мен уларнинг ҳар бир фақат тўғри жавоб бераман ва биз улар билан яқинлаша бошлаймиз.
Болаларни севинг, уларни борича севинг, улардан кўп нарсани талаб қилманг, айтинг: «сенга бугун сени севаман демаган бўлса, унутманг, мен сизларни ҳар доим яхши кўраман. Унутманг, агар сизга одамлар сен ҳеч киммассан, сен одам бўлмайсан деса, сиз унга жавобан: йўқ мен уддалайман, денг. Агар сиздан умидини узишса, мен сизда ҳаммаси яхши бўлишни кутаман. Орзуларингиз сари қадамба қадам интилинг, вақт кетаяпти — тик, тик, тик.... »
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter