Энг бой одамлар ҳаммадан кўп яшашмоқчи

Умрни узайтириш саноати «Кремний водийси»нинг энг қайноқ сармоялар киритилаётган маконига айланди, деб ёзди BILD нашри.
2025 йилда умрни узайтириш саноати ҳажми 578 млрд еврога етиши кутилмоқда. Соҳанинг тегирмонига энг кўп сувни ўта бой одамлар қуйишмоқда.
Швейцариянинг UBS банки маълумотига кўра, 48 миллион доллари бор одамлар қўшимча 10 йил ҳаёт кечириш учун бойликларининг ярмидан кечишга тайёр!
Тадбиркор ва биоҳакер, 47 ёшли Брайан Жонсон шулардан бири. У ёшариш учун кунига 50 дан зиёд ҳапдори қабул қилади, ёш ўғлининг қон плазмасини тинмай қуйдириб туради, унинг юраги уриши ва мияси фаоллиги доимий кузатув остида, қолаверса, қаришга қарши курашиш учун 30 мутахассисдан иборат жамоаси бор. Мана шулар учун ҳар йили 1,9 млн евро тўлайди.
Amazon асосчиси Жефф Безос Altos Labs биотехнология компаниясига 2,9 млрд евро сармоя киритган. Стартапнинг мақсади — қаришни тўхтатиш ва ҳатто ёшариш учун организм ҳужайраларини қайта дастурлаш.
PayPal асосчиларидан бири Питер Тил қариш бўйича тадқиқотлар билан шуғулланувчи Methuselah жамғармасига 6,5 миллион евро тиккан. Open AI раҳбари Сэм Алтман ҳам худди шунга ўхшаш Retro Biosciences лойиҳасига жиддий киришган. Айтишларича, Давосдаги жаҳон иқтисодий форумида у янги сармоядорларни роса қидирган.
Longevity Investors асосчиларидан бири Марк Бернеггер эса умрни узайтириш саноатини олға силжитиш учун миллиардерлар, тадбиркорлар ва олимларни бирлаштирмоқда.
«Қанча вақт бахтли ва соғлом бўлсам, шунча умр кўришни истайман. Фан нуқтаи назаридан, бу 90–120 йилга тенг — уддаласа бўлади».
Бу каби сармояларнинг урфга кириши барча одамларнинг келажагини ўзгартирадими — буни вақт ва пуллар кўрсатади, дея хулоса қилди BILD таҳририяти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter