Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чорвоқ сув омбори бўйида йирик туризм маркази қурилади

Чорвоқ сув омбори бўйида йирик туризм маркази қурилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланган халқаро туризм маркази тақдимоти билан танишди.

Дунё билан алоқалар кенгайиб, инфратузилма ривожлангани сари мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ҳам ошмоқда. Шундай жозибадор масканлардан бири, шубҳасиз, Бўстонлиқ тумани. Чорвоқ сув омбори ва дарёлари, қорли тоғлари, хушманзара дарахтзорлари боис у ерда йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш мумкин.

Давлатимиз эътибори билан сўнгги йилларда Бўстонлиқда кўплаб янги мажмуалар барпо этилди, Амирсой, “Белдирсой-Чимён-Нанай” курорти каби лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, сўнгги беш йилда 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан зиёд ўринга эга 59 та янги туризм иншооти ишга туширилди.

Бундай натижалар чет эллик инвесторларни ўзига тортмоқда, янада катта миқёсдаги лойиҳаларга йўл очмоқда. Жумладан, озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов бир қатор йирик хорижий компаниялар билан шерикликда Чорвоқ сув омбори бўйида “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази барпо этиш истагини билдирмоқда.

Лойиҳага кўра, унда дам олиш, чўмилиш ва спорт масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, турар жойлар бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Келажакда ўзига хос туризм хабига айланиб, унда йил давомида дам олиш ва яшаш мумкин бўлади.

Давлатимиз раҳбари бу таклифни маъқуллаб, уни халқаро тажриба асосида лойиҳалаштириш ва босқичма-босқич қуриш зарурлигини таъкидлади. Бош вазир бошчилигида комиссия тузиб, лойиҳанинг ҳуқуқий асосини яратиш, инфратузилма масалаларини ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг