Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

200 минг меҳмонга хизмат кўрсатадиган мажмуа (фото)

200 минг меҳмонга хизмат кўрсатадиган мажмуа (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган «Ugam River» туристик мажмуасини бориб кўрди.

Угам дарёси бўйидаги бу маскан илгари тўла фойдаланилмаган, тошлоқ жой эди. Бу йил 1 триллион сўмликдан зиёд лойиҳа доирасида қарийб 14 гектар майдонда қурилиш бошланди. Ҳозирда 17 та кўп қаватли уй қад кўтармоқда. Улар 5, 6 ва 7 қаватли, 870 хонадондан иборат бўлади. 

Шунингдек, 16 та коттеж, 3 та ресторан, йигирмадан ортиқ савдо ва хизмат шохобчалари марказлари қурилади. Болалар ўйингоҳлари, ёпиқ сув ҳавзаси, фитнес ва спорт майдончалари, амфитеатр, автотураргоҳ, автомобил кўприги, тоғ ва соҳил бўйи йўлаклари ҳам ташкил этилади.

Бу қулайликлари билан янги мажмуа йилига 200 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади. Бу туманнинг туризм салоҳиятини янада оширади. Биринчи босқич -  кўп қаватли уйларни келаётган йилнинг бошида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари шундай хонадонлардан бирини кириб кўрди.

Сайёҳлар кўпроқ чиройли табиатга, тоза ҳавога интилади. Шуни инобатга олиб, мавжуд дарахтзорга қўшимча 20 минг туп кўчат ўтқазилади. Замонавий технологиялар воситасида кунига 1 минг метр куб дарё суви қайта ишланади. 2 мегаваттлик термал иситиш ва совитиш тизими йўлга қўйилади.

Президентимиз соҳа мутасаддиларига ҳудуд тарғиботини кенгайтириб, бундай масканларга сайёҳларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Туризм лойиҳалари туфайли иш ўринлари кўпаймоқда. Шу билан бирга, аҳолининг анъанавий шаклланган касб-ҳунарларини ҳам асраш кераклиги таъкидланди. Масалан, туман асал, лимон етиштириш учун мос. Уларни ривожлантириш табиий муҳитни асраб-авайлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг