Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жамшид Ниёзов

Олов ёнмаган жойдан тутун чиқмайди.

Ҳамма дўконда сотилса, бу ерда текинга тарқатилади. Риштондаги савобли ишга ҳисса қўшайлик

Ҳамма дўконда сотилса, бу ерда текинга тарқатилади. Риштондаги савобли ишга ҳисса қўшайлик

Фото: «Facebook»

Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги деҳқон бозорида республикамизнинг бошқа ҳудудларида учрамайдиган китоб растаси бор. Бошқа расталарда китоблар сотилса, бу ерда текинга оласиз. Фақат қайтариш шарти билан. Шу боис мазкур раста ҳамиша одамлар билан гавжум.

Фаолият бошлаганига икки ойнинг нари-бериси бўлган эса-да, бу ташаббус кўпчиликнинг тилига тушиб улгурди. Бу ҳақда бир қанча нашрларда ёзилди, ТВда кўрсатув, лавҳалар эфирга узатилди. Бугун «Халқ кутубхонаси» дея таърифланаётган жажжи маърифат масканининг ташаббускори маҳаллий тадбиркор — 34 ёшли Дилшоджон Болтабоевдир.

Айни пайтда риштонлик китобсеварларнинг жонига ора кираётган бу масканнинг дунёга келишида юртимизнинг турли гўшаларида яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳиссаси бор. Чунки китоб жавонини тўлдириб турган ўзбек ва рус тилларидаги янгию эски китоблар хайрия йўли билан йиғилган. Бутун Ўзбекистон бўйлаб одамлар почта ёки такси ҳайдовчилари орқали Риштонга китоб юборишган. Ижтимоий тармоқларда печкачи Дима Қаюм таҳаллуси билан танилган Дилшод Болтабоев бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:

— Ўзим зиёли оиладан бўлганим учун китобга муҳаббатим кучли. Президентимизнинг китоб мутолаасига бўлган катта эътибори эса мени янада илҳомлантирди. Яъни менда одамларга мутолаа учун бепул тарқатиладиган кутубхона очиш истаги туғилди. Мен тадбиркорлик орқасидан 2 миллион сўм йиғдим ва бу пулга кутубхона учун маҳаллий усталарга махсус бир китоб жавони ясаттирдим. Бу ҳақида Фейсбукда маълум қилганимда, ҳамюртларим мени қўллаб-қувватлашди. Бутун республика бўйлаб, ҳатто қўшни Қирғизистондан ҳам китоблар юборишди. Маърифатпарвар юртдошларимизга катта раҳмат! Қўллаб-қувватлаётган бозор маъмурияти раҳбари Ислом акага ҳам ташаккур!

Қувонарлиси, саноқли ҳафталар ичида бозордаги очиқ кутубхоначага оид хабар бутун Риштон бўйлаб тарқалиб кетди. Ҳатто, Д.Болтабоевдан китоб олиб ўқиш учун одамлар қўшни вилоятлардан ҳам келишаётган экан.

Келинг, бу хайрли ишнинг бошида турган юртдошимиз батафсилроқ маълумот берсак. Дилшод Болтабоев Риштон деҳқон бозорида қиш кунларида печка, труба, ёз кунларида эса, банка сотади. Бу ўспиринлигидан бери қилиб келадиган машғулоти. Ўзи олий маълумот ололмаган. Бироқ фарзандлари, риштонлик болаларнинг Ватан корига ўзидан кўпроқ нафи тегадиган инсонлар бўлиб етишишини хоҳлайди. Бунинг учун эса, уларга энг аввало, китобга, мутолаага меҳр уйғотиш зарур деб ҳисоблайди.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳамма учун очиқ бўлган бир кутубхона очишни болаликдан орзу қилган. Ўзининг шахсий маблағлари ва саховатпеша инсонларнинг кўмаги билан орзуси бепул китоб растаси кўринишида қисман амалга ошди ҳам. Бироқ ҳозирга келиб китоблар анча кўпайиб қолиб, растага сиғмаётган экан. Бу эса Дилшодбек орзусини тўлақонли амалга оширишга, яъни китоб растасини кутубхонага айлантиришга ундамоқда:

Ҳозирги кунга келиб турли мавзудаги китоблар сони 1000 тага етди. Риштон аҳли бу ердаги адабиётларни қўлма-қўл қилиб ўқишмоқда. Ўзимизнинг болаларимиз, фарзандларимиз, маҳалла, туман аҳли келиб, шу ердан китоб олиб, фойдаланаяпти. Ҳозир, мисол, кутубхона, деб, ахтариб юрмайсиз. «Бозордаям кутубхона бўларканми, бу ерга китоб ўқишга келмайди-ку одам», деганлар ҳам бўлди. Бунга ҳам ўз мантиғим бор. Риштонда бозордан кўра кўп одам тўпланадиган жой йўқ. Ҳамма келади. Бозорга харажат қилгани келиб ҳам, шу китобни олиб кетаяпти. Бошқа бир чеккада қурилган кутубхоналарга эса боришмайди деб қўрқаман.

Китоблар сони ошгани учун жой торлик қиляпти. Жойни кенгайтиришни ният қилиб юргандим. Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев бу фикримни қўллаб-қувватлади ва режамнинг амалий жиҳатига катта ёрдам берди. Унинг тавсияси ва қўллови билан куни кеча туманимиз ҳокими Ғайрат ака Мамадалиев билан қабулида бўлдим. Ҳоким бу ташаббусни маъқуллаб, ёрдам беришини айтди. Савдо нуқтам яқинига каттароқ махсус жой қурилиши бошланди.

Тадбиркорнинг айтишича, ўзи «Рошидоний халқ кутубхонаси» номлаган кутубхона 12 м2 майдонда пластик материаллардан қурилади. Қурилиш учун Дилшодбек 3 миллион сўм ажратган. Бироқ бу режасининг амалга ошиши учун етарли эмас. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, иншоот тўлиқ битишига тахминан 15-20 миллион сўм кетади.

— Қийналиб катта бўлдик. Олий маълумот бўлиш насиб этмади. Тирикчилик ташвишидан ортмадик. Бугун ўқиёлмаганимдан афсусланаман. Гоҳида аламим келади. Одамлар, ёшлар менга ўхшаб афсусланишмасин, деган мақсадда мана шу хайрли ишга қўл урдик. Болалигимда бунақа имкониятни ҳеч ким бермаган. Қишлоқ жойда одамларнинг китоб сотиб олиб ўқиши қийин. Рўзғорини тебратишга, қора қозонини қайнатишга амал-тақал қилиб пул топиб, кун кўриб юрганлар қанча. Бошимдан ўтгани учун биламан. Бундай оилаларда ўсаётган болалар ўксимаслиги керак. Китоб олишга пули бўлмагани учун маърифатсиз қолмаслиги керак. Балки шуларнинг орасидан юрт қаддини кўтарадиганлар, Ватанга сидқидилдан хизмат қиладиганлар етишиб чиқар. Ўқишсин, илмли бўлишсин! Шу қишлоғимиздан яхши, ўқимишли инсонлар чиқишса, хурсанд бўламан. Бизнинг Ўзбекистондан ҳам «Apple»нинг хўжайинидек бизнесменлар, катта-катта фирма раҳбарлари чиқсин, дунё юзини кўрсин!

Ҳамюртларимизнинг далдаси ва кўмаги билан бу ишга қўл урган Дилшод Болтабоев яна саховатпеша юртдошларимизнинг ёрдамига муҳтож. Бу кутубхонани бир ўзи қуролмаслиги кундай равшан гап. Шу боис у ёрдам сўраб, «Xabar.uz»га мурожаат қилди. Биз эса азиз ўқувчиларимизга юзланамиз: 2 минг киши 10 минг сўмдан ёрдам қилган тақдирда, 20 млн. сўм йиғиларкан. Келинг, шу хайрли ишга ҳаммамиз ҳисса қўшайлик. Ажаб эмас, ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалашса, бу ишга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳам бош қўшса, ҳомийлар жалб этилса... Ҳавойи орзу-истакларимизга ҳам бундан ортиғини сарфлаб ётибмиз.

Аслини олганда, Дилшод Болтабоев қўл урган ишни амалга оширишда Сизу бизнинг имкониятимиз кўпроқ, қўлимиз узунроқ. Аммо тақдирни қарангки, Яратган бу ишни бозорда савдо қилувчи оддийгина тижоратчи йигитнинг кўнглига жойлабди. Сизу бизга эса бу ажрли ишга ҳисса қўшиш имконини тақдим этмоқда. Фурсатни қўлдан бермайлик, азизлар, барчангизни ушбу хайрия акциясида фаол иштирок этишга чақирамиз.

«Рошидоний халқ кутубхонаси» қурилиши учун хайрия акцияси:

Пластик карта рақами: 8600 0423 9788 7851

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг